Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Доимо саломат бўлинг

05 ноябрь 2018, Понедельник
1 342
0

Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир.

Шавкат Мирзиёев.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлими госпитали жорий йилнинг 29 майида фаолият бошлади. Капитал таъмирдан чиқарилган мазкур тиббий муассасада сифатли медицина хизмати кўрсатиш учун барча шароитлар мавжуд. Жумладан, малакали шифокорлардан таркиб топган жамоа шакллантирилди. 40 ўринли госпиталь терапия ва неврология бўлимларига эга. Шифохона қиймати 100 миллион сўмдан ошиқ замонавий тиббий ускуна ва анжомлар ҳамда шошилинч тиббий ёрдам машинаси билан таминланди.

Илгари вилоят ички ишлар бошқармаси тизимида госпиталнинг йўқлиги соҳа вакиллари ҳамда фахрийларга айрим қийинчиликларни туғдирарди. Яъни, даволанувчилар бошқа вилоятларга боришга мажбур эдилар.

— 2006 йилда пенсияга чиққанман, шу йилларда Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятларида соғлигимни тикладим, — дейди ички ишлар органлари фахрийси Файзимурод Эшмуродов. — Табиийки, бошқа ҳудудларда даволаниш учун анча йўл босишимизга тўғри келарди. Шу маънода, вилоятимизда госпиталнинг очилиши ички ишлар ходимларига, худди шундай, мен каби фахрийларга айни муддао бўлди. Бу ерда ҳамма шароитлар бор, санаторийлардаги каби қулайликлар яратилган. Яқин бўлгани учун уйдагилар, таниш-билишлар тез-тез келиб туришади. Шифокор ва ҳамшираларнинг ҳаммаси бирдек малакали. Келганимга кўп бўлгани йўқ, дардларим ариди, ўзимни енгил ҳис қилаяпман. Соғлигимни тиклаган шифокорлардан бениҳоя миннатдорман. Фурсатдан фойдаланиб, инсон саломатлигини асрашдек муқаддас масъулиятни зиммасига олган бу касб соҳибларини байрамлари билан қутлайман. Доимо соғ-омон бўлинг, қалбингиз ҳамиша қувончдан тўлиб, тошсин, дейман.

  • Жигарим безовта қилгани учун госпиталга мурожаат этдим, — дейди Ғаллаорол тумани ИИБ ходими Ботир Назаров. — 7 кун деганда қўли енгил шифокорлар сабаб дардимга шифо топдим. Муолажаларни айтманг, бу ердаги таомлар ҳам саломатлигимизни тиклашга хизмат қилаяпти. Бир неча кундан сўнг куч-қувватга тўлиб ишга қайтаман. Яхши маълумки, саломат инсон зиммасидаги масъулиятни сифатли ва самарали бажаради. Шу боис шифокорларимиздан чексиз миннатдорман.

Даволанувчилар таъкидлаганча бор, мазкур тиббий муассасада ички ишлар ходимлари, соҳа фахрийлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга қаратилган тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Чунончи, госпитални замонавий ускуналар билан таъминлаш билан бирга шифокорлар малакасини ошириш, даволаш жараёнида илғор усул ва технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

— Барча шифокорларимиз Ички ишлар вазирлиги тиббиёт бошқармасининг марказий госпиталига малака ошириш, хусусан, янги тиббий ускуналарни қўллаш ҳамда илғор даволаш технологияларини ўзлаштириш учун юборилаётир, — дейди терапевт врач Назира Қамбарова. — Ўзим ҳам ўтган ҳафтада марказий госпиталда иш ўргандим. Ташхис қўйишдан тортиб ҳужжатларни юритишгача бўлган жараёнларда қатнашдик, шунингдек, жарроҳлик амалиётларини кузатиш имконига эга бўлдик. Ўзимизни қизиқтирган саволларга юртимизнинг етакчи мутахассисларидан жавоблар олдик, иш жараёнида кузатилган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар беришди. Айни вақтда икки нафар ҳамкасбимиз марказий госпиталда билим ва тажрибаларини оширмоқдалар. Худди шундай, муассасамизда ўтказиладиган йиғилишларда соҳа янгиликлари, ташхис қўйиш ва даволаш усулларини ўрганишга қаратилган муҳокамалар мунтазам уюштирилади.

Госпиталда шифокорлар ва беморлар мулоқотининг бош мавзуси тиббий маданиятни ошириш, десак янглишмаймиз. Бу жараёнда соғлом турмуш тарзига амал қилиш, касалликлар профилактикаси, спорт билан шуғулланиш ҳамда зарарли одатлардан воз кечишга доир тавсиялар берилади. Айтганча, мазкур муассасанинг тиббий имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар сусайтирилгани йўқ.

— Жорий йил сўнггича қиймати 80 минг АҚШ доллари бўлган рақамли рентген ускунаси келтирилади, — дейди госпиталь бош шифокори, подполковник Икром Суяров. — 15 миллион сўмга умуртқа чурралари ва остеохондрозни даволашда қўлланиладиган танани чўзиш қурилмаси олинади. Шунингдек, УЗИ ва физиотерапия ускуналари ҳамда клиник лабораториямизга анализатор харид қилишни режалаштирганмиз. Фитобар очмоқчимиз, йил охирида пуллик хизмат кўрсатишни йўлга қўямиз. Госпитални кенгайтириш мақсадида қўшимча таъмир ишлари амалга оширилади, тиббий муассаса ҳовлисини ободонлаштириш, соябонлар ўрнатиш, йўлаклар ва фаввораларни юзага келтириш кўзда тутилаяпти.

Дарвоқе, госпиталда йил охиригача 400 нафар ички ишлар ходимлари ва соҳа фахрийларининг соғлигини тиклаш кўзда тутилган.Шунингдек, яқинда Жиззах вилояти ИИБ тиббиёт бўлимига 2 та шошилинч ёрдам транспорти ажратилди. Бу ҳам госпиталь имкониятларини янада кенгайтирди. Қисқаси, мазкур тиббий муассаса жамоаси ўз касб байрамларини арзирли меҳнат ютуқлари билан қарши олишаяпти.


Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.
скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар