Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Арнасойда деҳқон ва томорқа хўжаликларидан унумли фойдаланилмоқда

Арнасойда деҳқон ва томорқа хўжаликларидан унумли фойдаланилмоқда

12 март 2019, Вторник
14
0

Инсон борки, турмуши фаровон бўлишини, эҳтиёжлари тўлақонли қондирилишини истайди. Ушбу хоҳишнинг амалга ошиши кўп жиҳатдан унинг ўзига, аниқроғи, меҳнати ва саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Аммо баъзида инсон эҳтиёжларини қондириши мумкин бўлган айрим имконият ва воситаларни назардан қочиради ёки улардан фойдаланишнинг уддасидан чиқмайди. Чунончи, мамлакатимиз аҳолисининг каттагина қисми эга бўлган томорқа борасида худди шу фикрни билдириш мумкин. Яъни, кимдир томорқани турмуш ободлигини таъминловчи асосий омилга айлантирган. Бошқа биров учун ҳовлисидаги кафтдек ер дастурхон тўкинлиги манбаидир. Яна кимгадир “томорқа” сўзи айтарли аҳамият касб этмайди.

Ёндашувимизни мисоллар орқали асослантирадиган бўлсак, Жиззах вилоятининг Арнасой туманида деҳқон ва томорқа хўжаликлари майдони 730 гектардан ошади. Шу маънода, арнасойликлар орасида томорқадан самарали фойдаланаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Бунга улар мавжуд оқар сувдан унумли фойдаланиш ҳамда чўл шароитига мос сабзавот, полиз экинлари ҳамда дарахт навларини тўғри танлай олиш орқали эришмоқдалар.

Туманнинг Тошкент маҳалласида яшовчи Дилшод Келдибеков 70 сотихлик деҳқон хўжалигига эга. Ҳудудда мевали дарахтлар орасига ишлов бериш техникаси йўқлиги сабаб ердан кўнгилдагидек ҳосил ололмаётганди. Жорий йилда масаланинг ечими топилди.

Тумандаги Бобур номли маҳалла ҳудудида яшовчи қирққа яқин ёлғиз қариялар, ногиронлар ва эҳтиёжмандларнинг томорқалари ҳам ушбу техникаларда ҳайдаб берилган. Айни шу хонадонларга мевали дарахт кўчатлари ва сабзавотлар уруғлари ажратилди. Шунингдек, 3 километр узунликдаги оқава сув ариқлари тозаланган. Қисқаси, маҳалла аҳли кўкламнинг йилга татийдиган ҳар кунидан унумли фойдаланмоқда.

Дарҳақиқат, Арнасой тумани Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг сектори ҳисобланиб, соҳа вакиллари масалага аҳолининг ижтиомий иқтисодий муаммоларини ҳал қилувчи омилларидан бири сифатида ёндашмоқдалар. Хусусан, томорқадан даромад олишга доир тарғибот тадбирлари ва ҳашарлар уюштирилмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида томорқадан самарали фойдаланаётганларнинг иш тажрибасини оммалаштириш чоралари кўрилаётир. Ана шундайлар сирасига Ғафур Ғулом маҳалласининг Халқлар дўстлиги кўчасида яшовчи, 62 ёшли Мурод Дадаев киради. Оқсоқол нафақат оиласини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш чорасини кўраётир, балки кўчат ва хонаки гуллар етиштириб, яхшигина даромад олишнинг уддасидан чиқмоқда. Ҳовлисида 1 сотихлик иссиқхонаси ҳам бор.

Туман марказидаги Ғафур Ғулом кўчасида яшовчи Аҳмадали Муродов эса ўтган йили 1,5 сотихлик иссиқхона фаолиятини йўлга қўйди. Энди томорқасида қуёнчиликни ривожлантирмоқчи. Сектор раҳбари бу иш учун 15 миллион сўм кредит ажратилишида ёрдам кўрсатишига ишончи комил.

Жорий йилда Арнасой туманидаги томорқаларда 376,3 гектар майдонга сабзавотлар экиш, 200 та иссиқхона ташкил этиш кўзда тутилган. Бевосита Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси масъуллигида бу борадаги режа бажарилиш арафасида. Шунингдек, бу йил ҳудуддаги томорқаларга 16 минг 500 та кўчат экиш белгиланган эди. Шу мақсадда 8 минг 600 та олма, ўрик ва гилос кўчатлари бепул тарқатилди ва бу борадаги режа 17 минг 55 тага ошириб бажарилди. Қисқаси, арнасойликларда томорқани даромад манбаига айлантириш учун барча шароит ва имкониятлар бор.

Арнасой туманида Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган кластер усули, яъни уруғ етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулотни сотишгача бўлган жараёнларни ўз ичига олувчи тизимни жорий этиш чоралари кўрилаётир. Шу мақсаддатоморқаларда қўшимча равишда паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик каби соҳаларни ривожлантираётганларга имтиёзли кредитлар ажратиш, уларни зарурий ускуна ҳамда воситалар билан таъминлашга доир тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Айтганча, бу йил Жиззах вилоятида ички ишлар органлари масъуллигидаги 4 минг 900 гектар томорқа майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида ҳамма имкониятлар ишга солинмоқда.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Шарҳ
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар