Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Бахмалда 4 нафар фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинди

Бахмалда 4 нафар фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинди

03 май 2019, Пятница
1 082
0

Вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидаги каби Бахмал туманида ҳам мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 10 январдаги мамлакат тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишга оид видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросига бағишланган тадбирлар уюштирилмоқда. Хусусан, ички ишлар ходимлари томонидан очилмаган жиноятларни фош этиш ҳамда қидирувдаги шахсларни юртимизга қайтариш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида оммага маълумотлар берилаётир.

Бахмал тумани ички ишлар бўлими ташаббуси билан уюштирилган йиғилишда маҳалла фаоллари, ҳудуддаги таълим муассасалари ўқитувчилари иштирок этдилар. Тадбир аввалида ҳудудда содир этилган айрим жиноятлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, туманда камаймаётган ўғрилик, фирибгарлик жиноятларини келтириб чиқарувчи омилларга тўхталиб ўтилди.

Банк ва бозорлар ёнида қаровсиз қолдирилган автоуловлар, дарвозасига қулф осилган турар жойлар ўғрилик учун асос бўлаётгани билдирилди. Ишонувчанлик, иқтисодий-молиявий муносабатларни нотариал идоралар ёки бошқа давлат ташкилотларисиз амалга ошириш эса фирибгарларга қўл келаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, оиладаги ёмон муҳит, ичкиликбозлик, пул илинжида хорижга йўл олиш ортидан фарзандларни эътиборсиз қолдириш кулфат омиллари сифатида қайд этилди. Интернет сабаб ёшларнинг экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани ҳам таъкидланди.

Қонунбузарликлар таҳлил қилинар экан, жиноятларнинг асосий қисми 20-30 ёш оралиғидаги фуқаролар томонидан содир этилаётганлиги айтиб ўтилди. Йиғилишда давомида ўтган йили Бахмал туманида 2 та жиноят очилмасдан қолганлиги билдирилди. Қидирувда бўлган шахслар ва уларнинг қилмишлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Пушаймонлик билдирганларнинг афв этилишига оид мисоллар келтирилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, айни вақтда Бахмал туманида яшаган 4 нафар фуқарога нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирув эълон қилинган. Шунингдек, 4 фуқаро бедарак йўқолган.

Худди шу мазмундаги тадбир туман тиббиёт бирлашмасида ҳам бўлиб ўтди. Йиғилишда жиноятларни фош этиш, қидирувдаги шахсларни мамлакатимизга қайтариш борасида қилинаётган ишлар тилга олинди. Туманда ортган ёки камайтиришга эришилмаган жиноят турлари, жиноят содир этилаётган ҳудудлар тўғрисида маълумот берилди. Кун тартибидаги масалалардан ташкари иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш, бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйган шахсларга нисбатан кўриладиган чоралар, шунингдек, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга оид масалалар муҳокама этилди. Умуман олганда, Бахмал тумани ички ишлар органлари жиноятларнинг олдини олиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.

Мазкур тадбирларда фуқаролар сергаклик ва огоҳликка ундалиб, қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этишда иштирок этишга чақирилди. Шунингдек, ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш, мол-мулкларни эҳтиётлаш, иқтисодий муносабатларни қонун асосида ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди. Йиғилишлар якунида маҳаллалар фаоллари, зиёлилар жойларда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси нуқтаи назаридан тарғибот уюштиришга чақирилди.

Бахмал тумани ички ишлар бўлими томонидан бу каби тадбирлар барча ҳудудларда уюштирилмоқда. Мазкур жараёнда савдо ва овқатланиш шохобчаларига видеокузатув ва хабарлов ускуналари ўрнатиш, спиртли ичимлик ва психотроп воситалар савдосини қонун асосида ташкил этиш, йўл қоидаларига амал қилиш бўйича огоҳлантириш хатлари берилаётир. Шунингдек, муқаддам судланганлар, жиноятга мойил шахслар, ичкиликка ружу қўйганлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.


Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар