Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Бизнинг ҳам ҳиссамиз бор

04 август 2018, Суббота
1 365
0

Манас биз учун тажриба мактаби бўлдики, агар қишлоқларни замонавий масканга айлантириш, иқтисодий-ижтимоий муҳитни яхшилаш, одамлар кайфиятини ижобий томонга кескин ўзгартиришни олдимизга мақсад қилиб, изчил ҳаракат қилсак, бунга эришиш мумкинлигига одамларни ишонтира олдик, ўзимизда ҳам ишонч ва қатъият ошди.

Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги аҳоли пунктларининг кўркам ва обод бўлишини таъминламоқда. Жумладан, Пахтакор туманидаги 8 минг 160 нафар фуқаро истиқомат қиладиган “Буюк ипак йўли” қишлоқ фуқароларда кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти. Мавжуд 2 қаватли 104 та уйнинг уйларнинг ташқи қисми таъмирланиб, электр, сув ва оқова тармоқлари янгиланаётир. Биноларнинг том ёпмалари алмаштирилиб, хонадонларга замонавий альюминий профилли эшик-деразалар ўрнатилмоқда.

Ҳудудда болалар майдончалари юзага келтирилаётир, футбол ва волейбол билан шуғулланиш учун шароитлар яратилмоқда. Ҳудуддаги 2 та мактаб, 1 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та қишлоқ врачлик пункти, иқтисодиёт ва агросервис касб-ҳунар коллежи дастур доирасида таъмирдан чиқарилаяпти. Эътибордан маданият ва аҳоли дам олиш маркази ҳам четда қолаётгани йўқ.

Айтиш жоизки, бу ерда ҳам барча “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга татбиқ этилаётган аҳоли пунктларидаги сингари иш ноқонуний иншоотларни бартараф этишдан бошланди. Кўп қаватли уйлар теварагида қурилган қўшимча бинолар, омборхона, молхона, ўтинхона, ҳожатхона сингари ярим хароба ҳолидаги қурилмалар олиб ташланиб, минг тонналаб чиқинди ҳудуддан ташиб чиқилди.

Худди шундай, аҳоли тураржойларида 350 та якка тартибдаги уй-жойларнинг меъморчилик талабларига зид тарзда қурилган деворлари ва бошқа иншоотлар ҳам олиб ташланмоқда. Бу эса аҳоли пунктидаги барча тураржойларнинг уйғун ва кўркам кўриниш касб этиши, йўлларнинг кенгайиши учун хизмат қилаётир.

Яқин муддатларда “Буюк ипак йўли” маҳалласидаги 15 та кўчаларнинг барчасига шағал тўшалиб, асфальт ётқизилади. Бундан ташқари ичимлик суви сув тармоқлари, симёғоч ва электр тармоқлари, трансформаторлар ҳам янгиланади. Ҳудудда 100 ўринли тикувчилик корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган. Асосий эътибор, ҳудуддаги тадбиркорлар ҳисобидан ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини фаолиятини йўлга қўйишга қаратилаётир.

Шу мақсадда молия муассасалари кўмагида самарали лойиҳалар изчиллик билан қўллаб-қувватланмоқда. Яъни, тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганларга ер, кредит ажратиш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш чоралари кўрилаяпти. Айни вақтда 4 та дўкон, тегирмон ва ҳаммомни бунёд этишга киришилган. Яна бир қанча фуқаролар зотли қорамол сотиб олиш ниятида кредит олишди.

Ўз ишини очмоқчи бўлганларга дастлаб банк, тажрибали тадбиркорлар ҳамда ҳокимлик вакиллари иштирокида маслаҳат ва кўмак берилмоқда. Билдирилган жўя таклифларни амалга ошириш тадбирлари белгиланмоқда. Хуллас, “Буюк ипак йўлида”ги ўзгаришлар қишлоқ кўркини ошириш билан аҳолининг иш билан таъминланиши, турмуш фаровонлигининг ортиши, маданий дам олиш имкониятларининг кенгайишига замин яратади. Табиийки, бу ўзгаришлар кимларнингдир иш қидириб, сарсон бўлишининг олдини олади.

Яна шуни таъкидламоқ керакки, ҳудудда “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишда ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшмоқдалар. Хусусан, ҳақ тўланадиган жамоат ишлари бригадалари таркиби асосан хотин-қизлардан шакллантирилди. Ҳудуддаги пахта тозалаш акциядорлик жамияти ҳамда “Элита” уруғчилик шуъба корхонаси жамоаси ҳам бу ишларда фаол иштирок этмоқдалар.

“Обод қишлоқ” дастурини ҳаётга татбиқ этишда ички ишлар ходимлари фаол қатнашмоқдалар. Соҳа вакиллари осойишталикни таъминлаш, фуқаролик ҳужжатларини расмийлаштириш, ҳудуддан чиқиндиларни ташиб чиқаётган ҳамда қурилишда қўлланилаётган юк ташиш ва ортиш техникаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш, қурилиш майдонларида ўғрилик ва ташмачиликнинг олдини олиш чораларини кўришаяпти.

Шунингдек, аҳоли ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ноқонуний қурилган иншоотларни бузиш, кўп қаватли тураржойларнинг ертўла ва томларига панжаралар ўрнатиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Юқорида саналганлар “Буюк ипак йўли”да бажарилаётган ишларнингбир қисми, холос. Ўзгариш ва янгиланишлар суратини кузатиб, сездикки, тез кунларда мазкур гўша ҳам Манасдек кўркли бўлади. Аслида юрт қандай бўлишидан қатъи назар, муҳаббатга, садоқатга муносиб. Аммо у ободликка, эзгуликка, юксакликка қанчалик уйғун бўлса, шунчалик кўп ғурур, шунчалик кўп фахр уйғотади, кўнгилларни эртанги кунга бўлган ишонч билан тўлдиради.

Абулқосим Аҳмедов,

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари.
скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар