Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Пўлат БОБОЖОНОВ: Одамлар тинч-хотиржам яшаши учун ҳаракат қиляпмиз

Пўлат БОБОЖОНОВ: Одамлар тинч-хотиржам яшаши учун ҳаракат қиляпмиз

23 май 2019, Четверг
914
0

Тинчлик ва осойишталикни сақлаш давлатимиз сиёсатинингустувор йўналишларидан биридир. Айниқса, бугунгидек дунё таҳликалар ичра қалқиб турган, сиёсий низолар, ахборот,халқаро терроризм ва экстремизм хуружлари авж олган бир даврда ички ишлар органларининг масъулияти янада ошади. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини бошлаб берган2017 йилдан эътиборан барча соҳалар фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя ҳаётимизнинг бош мезонига айланди. 

Қуйида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат БОБОЖОНОВ билан “Hurriyat” газетаси Бош муҳаррирининг суҳбати ИИВ ва тизимларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёни хусусида кечди..

– Пўлат Раззақович, бугун барча соҳаларда бўлгани каби, ички ишлар органлари тизимида ҳам ислоҳотлар жараёни давом этмоқда. Мамлакат тинчлиги, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш вазифалари ижросини юқори босқичга кўтариш  борасида кейинги йилларда қандай ишлар амалга оширилди?

– Жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашда ички ишлар органлари фаолиятинитакомиллаштириш мақсадида 2017 йилдан буён 90 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 18 та идоралараро қўшма қарор ҳамда 122 та идоравий ҳужжат қабул қилинди. 

Ислоҳотлар жараёнида замонавий хавф-хатар ва таҳдидларни, бажарилаётган ишлар муҳимлиги ва кўламини эътиборга олган ҳолда ички ишлар органлари барча даражадаги бўлинмаларининг вазифа ва функциялари аниқ белгиланди ҳамда тақсимланди, ташкилий-штат тузилмасини мақбуллаштириш, куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилди. Бунда асосий эътибор ички ишлар органларини аҳолига яқинлаштиришга қаратилди. Шу мақсадда Вазирлик ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари аппарати шахсий таркиби 70 фоизга қисқартирилди. Бунинг ҳисобига қуйи тизимдаги ички ишлар органлари ходимлари тўрт баробарга кўпайтирилди.

Аҳолига қулайлик яратишни кўзлаб ҳудудий ички ишлар бўлимлари ташкил этилди. Илгари шаҳар шароитида битта ички ишлар бўлимига 50-60 та маҳалланинг ҳудуди тўғри келган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони ўртача 5-6 тани ташкил этмоқда. Бу эса ўз самарасини бериб, фуқаролар билан яқиндан мулоқот қилиниб, уларнинг муаммолари қисқа вақт ичида ҳал этилмоқда, аксар жиноятлар “иссиқ изидан” фош этиляпти. 

Президентимиз олдимизга қўйган вазифадан келиб чиқиб жиноятчиликни ва ҳуқуқбузарликларнинг эрта олдини олиш чораларини кўряпмиз. Бу борада асосий масъулият профилактика инспекторлари зиммасига тушгани учун улар хизмат функциясига кирмайдиган ишлардан озод этилмоқда. Профилактика инспекторларига ўзи ишлайдиган ҳудуддан хизмат уйи ажратилмоқда. Бу кечаю кундуз ўзига бириктирилган маҳалладаги криминоген вазиятдан хабардор бўлади дегани. 

Марказий ва ўрта бўғиннинг штат бирликлари қисқартирилиб, профилактика инспекторлари сони 22 фоизга кўпайтирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 августдаги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларининг 7024 нафари имтиёзли кредит асосида автомашиналар билан таъминланди. Бугунги кунда улар ҳеч бир қийинчиликсиз фуқаролар мурожаатлари юзасидан манзилларга тезкорлик билан етиб бориб, кўтарилган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев профилактика инспекторлари келгусида ўз хизмат фаолиятини “Ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили сифатида олиб бориши ва ўз ҳисоботларини ана шу тамойилдан келиб чиққан ҳолда тақдим этиши лозим”деган эдилар.Ана шу талабдан келиб чиқиб ҳозирги пайтда профилактика инспекторлари фуқаролар йиғини кенгаши таркибига киритилди. Ҳар ойда йиғин томонидан уларнинг  ҳисоботини эшитиш тизими йўлга қўйилди. Бу ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида фаолият кўрсатиб келган ички ишлар органлари таянч пунктлари сони кўпайтирилди. Таянч пунктларининг маҳалла фуқаролар йиғини билан бир бинода бўлиши ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда ижобий самарасини бераётир.

Яқинда маҳаллаларда профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ҳам ўз фаолиятини бошлади. Улар махсус кийим бош билан ва босқичма-босқич велосипедлар билан таъминланиши алоҳида эътиборга молик. Бу ўз номидан ҳам кўриниб турибдики, жамоат тартибини сақлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторларига кўмаклашади, “Фидокор ёшлар” гуруҳи ва “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолиятига раҳбарлик қилади.

Ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра шаҳар-туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Республикамиз бўйлаб 6496 та “Жамоатчилик назорати масканлари” ташкил этилди. Уларда хизмат олиб боришга ҳар куни 21 мингдан ортиқ жамоатчилик вакиллари жалб қилинмоқда. Бундай саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, 2018 йилда 2 301 та ёки 25 фоиз, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 7038 та ёки 78 фоиз маҳаллаларда жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 

Жамоат тартибини ишончли сақланишини таъминлаш мақсадида, 2018 йилнинг июль ойидан Тошкент шаҳрида, сентябрь ойидан барча вилоят марказларида уч сменали, яъни туну кун патруллик хизмати ташкил этилди. Ҳар куни ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва жамоатчилик вакилларидан иборат патруль-пост нарядлари хизмат ўтамоқда. Патруллар сони Тошкент шаҳрида 2 баробар, вилоят марказларида 4 баробарга кўпайди. Жамоат жойларида патруллик хизматини ўташга “Фидокор ёшлар” гуруҳи аъзолари ҳам кўмаклашмоқда.

Жамоат жойларида тезкор вазиятни доимий равишда кузатиб бориш, патруль нарядлари ишини мувофиқлаштириш мақсадида,250 мингдан ортиқ видео кузатув камералари ўрнатилди. Уларнинг2214 таси ички ишлар органлари навбатчилик қисмларига уланди. Ситуацион марказлар ишга туширилди. Маҳаллаларда эса криминоген вазиятни ўзида акс эттирувчи геоинформацион хариталарни босқичма-босқич жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда. Шу йўналишда Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон вилоятларида иш бошланган. 

Эндиликда патруллик хизматининг куч ва воситалари бевосита одамни юзидан таниб олиш махсус мосламаси ва алоқа воситалари билан жиҳозланган автобус, патруль-пост хизматининг кўчма будкалари базасида ташкил этилган мобиль пунктлар орқали бошқарилмоқда. Ўтиш қийин бўлган ҳудудлардаги патруль-пост хизмати ходимларимотоскутер билан таъминланди. Амалга оширилган ишлар натижасида, жамоат жойларида содир этилган жиноятлар 2018 йилда 42 фоизга камайишига эришилди.

Мамлакатимизга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам диққат марказимизда. Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларида хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ташкил этилди. Ана шу янги соҳавий хизмат ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан ўтган қисқа вақт ичидаюртимизга ташриф буюрган 131 та хорижий давлат делегациялари ва 7 миллиондан ортиқ туристнинг хавфсизлиги таъминланди.

– Давлатимиз раҳбари “Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак”, деган эдилар. Бундай талабга яраша юқорида айтганингиздек, тизим ходимларига муносиб шарт-шароитлар яратиб берилди, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. Бугун тизимда давлатимиз раҳбарининг ушбу даъватига муносиб кадрлар етарлими? 

–Ҳар қандай соҳада ҳам яратилган шарт-шароитлар, мустаҳкам моддий-техника базаси қанчалик аҳамиятга эга бўлмасин, ишнинг муваффақияти биринчи галда кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Шу боисдан давлатимиз раҳбарияти ички ишлар органлари учун замон талабларига жавоб берадиган, малакали кадрлар тайёрлаш борасида мунтазам равишда ғамхўрлик қилиб келмоқда. 

Ҳа, шубҳасиз, жиноятчиликка қарши курашишда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими муҳим аҳамият касб этади. Ислоҳотлар жараёнида ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган, сифатли кадрлар тайёрлашнинг профессионал тизими ташкил этилди. Вазирлик Академиясига номзодларни қабул қилиш квоталари 200 нафарга оширилди. Ушбу таълим муассасасида янгидан “Йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти”, “Хизмат фаолиятини психологик таъминлаш фаолияти” ва “Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассисликлари ташкил этилди. Ҳозирда 7 йўналишда мутахассислар қайта тайёрланади. Академияда 29 нафар фан доктори ва 56 юридик фанлариномзоди курсант ва тингловчиларга билим беради, иккита илмий кенгаш фаолият кўрсатади. 

ИИВ тасарруфида иккита ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази мавжуд. Ходимларимизнинг билимларини бойитиш ва чуқурлаштириш, хорижий илғор тажрибаларни ўргатиш мақсадида Малака ошириш институти фаолият кўрсатмоқда. Белгиланган режа асосида Институт томонидан жойлардаги ички ишлар идораларининг соҳавий хизматлари ходимлари билан сайёр  ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Тизимдаги профилактика инспекторлари лавозимларини ҳуқуқшунос ходимлар билан тўлдиришга қаратилган ишларни жадаллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаюридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди.

Филиал бакалавриатига қабул квотаси йилига 225 киши, кадрларни қайта тайёрлаш дастури бўйича эса ҳар олти ойда 50 киши этиб белгиланди.Жиззах политехника институти негизида Жиззах вилояти ички ишлар органларининг олий ноюридик маълумотга эга бўлган ходимларини қайта тайёрлаш сайёр курси ташкил этилди. Ҳозирги кунда 49 нафар профилактика инспектори ушбу курсда малака оширмоқда.

Жорий йилда ИИВ Академиясини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида битирувчи 108 нафар тингловчини профилактика инспекторлари лавозимига жамлаш режалаштирилди.

Ҳар бир вилоятда, Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент шаҳрида ИИВнинг академик лицейлари ташкил этилганидан ҳам айни Президентимизнинг даъватига “лаббай” деб жавоб бера оладиган кадрлар тайёрлаш мақсади кўзланган. Келаси йилдан ИИВ Академиясига ана шу лицейларнинг битирувчилари орасидан энг муносиблари танлаб олинади. Ўқишга кира олмаганлари эса ички ишлар органлари сафдор ходимлари сафига қабул қилинади. Чунки улар лицейда уч йил давомида таҳсил олиш жараёнида соҳага оид муайян билим ва кўникмаларга эга бўлишади. Кўриб турганингиздек, соҳамиз учун малакали кадрлар тайёрлашнинг изчил тизими яратилган.Бундан ташқари академик лицейларда ИИВ малака ошириш институти билан ички ишлар органлари ходимларини масофавий ўқитиш режалаштирилган. 

– Пўлат Раззақович, Сиз вазир сифатида иш бошлаганингиздан сўнг тизимда, қуйи бўғинларда маълум кадрлар алмашинуви ҳам амалга оширилди. Бунда асосан нималарга эътибор қаратилди? Аввалги қандай жиҳатлар сизга маъқул тушмади?

–Энди эскичасига ишлаб бўлмайди. Кабинетда ўтириб буйруқбозлик қилиш замони ўтди. Раҳбар халқнинг ичида бўлиши, унинг дарду ташвишини яхши ўрганиши, ўз дарду ташвиши деб билиши лозим. Бу борада Юртбошимиздан ўрнак олишимиз керак. Бошқаларга “бошчилик қиламан” деган одам изланувчан, ташаббускор, талабчан бўлиши, кези келганда ғамхўрликни ҳам ўрнига қўйиши, соҳага инновацион ёндашиши. янгича фикрлаши лозим. Ана шу талабларга жавоб бера олмайдиган раҳбарлар билан “хайрлашяпмиз”. Қолаверса, ёш кадрларга ишонч билдиряпмиз. Аммо ишни эплолмаса, уларни ҳам аяб ўтирмаймиз.

Нафақат раҳбарлар, балки оддий ходимларга нисбатан ҳам талаб юқори. Бугунги кунда ўз устида ишламайдиган, касб маҳоратини, билимларини тинимсиз ошириб бормайдиган, “куним ўтса бўлди” дейдиган ходим тизимимизда ишлай олмайди. У фидойи, ҳалол, ғайрат-шижоатли, энг асосийси халққа хизмат қиладиган ходим бўлишидаркор.Фақат ўзининг манфаатини, тинчини ўйлайдиган ходим ҳам, раҳбар ҳам бизга керак эмас. Замоннинг талаби – шу.

– Тизимда жиноятларни тезкор йўллар билан фош этишда халқаро тажрибаларни ўрганиш масаласи қандай? Сизнингча, соҳа ходимлари яна нималарни ўрганиши керак?

– Авваламбор шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш жиноятчилик камайишининг муҳим омилларидан биридир.  Жорий йилнинг тўрт ойи давомида 12935 та жиноят иши тергов қилинди. Бу ўтган йилга нисбатан 2722 та, яъни 17,4 фоизга кам демакдир. Бундай натижага олиб борилган профилактик чора-тадбирлар туфайлиэришилди. Шундан 9414 та жиноят иши тамомланган, 6113 таси судга, жумладан ярашув қарорига асосан 870 та, амнистия актига асосан эса 41 та жиноят иши  судга юборилди. 3301 та жиноят иши тугатилди. Тўхтатилган жиноят ишлари 616 тани ташкил этди. Фуқаролар, давлат, ташкилот ва муассасаларга етказилган зарарнинг 87,5 фоизи дастлабки тергов жараёнида қопланган. 

Бугунги кунда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишда хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қилиш ҳар қачонгиданда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ички ишлар вазирлигининг халқаро ҳамкорлик кўлами икки томонлама ва кўп томонлама доирада жадаллик билан кенгайишда давом этмоқда. Жумладан, бугунги кунда вазирлигимиз Ўзбекистон Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилган деярли барча мамлакатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан алоқаларни ўрнатган.

Биргина, 2018 йил ва жорий йилнинг биринчи чораги таҳлилига қарайдиган бўлсак, МДҲ иштирокчи давлатлари ички ишлар органлари, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар (Хитой, Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, БАА, Саудия Арабистони, Туркия, Исроил, АҚШ, Германия, Франция, Англия, Италия, Венгрия, Норвегия ва бошқа)давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар ва тузилмалар билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, юқорида таъкидланган давр мобайнида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда республикамизда 200 дан ортиқ конференция, семинар, тренинг ва турли даражадаги учрашувлар ўтказилиб, уларда 780 нафар ички ишлар органлари ходимлари иштирок этдилар. Шунингдек, 700 га яқин ички ишлар органлари ходимлари хорижий мамлакатларда ташкил этилган турли даражадаги 230 дан ортиқ тадбир ва учрашувларда иштирок этдилар.

Жорий йилнинг 30 май – 1 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг ички ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Ушбу нуфузли тадбирда Ҳамдўстлик мамлакатлари ички ишлар органлари, полиция ҳамда халқаро ташкилот ва тузилмалардан 80 дан ортиқ юқори мартабали вакиллар иштирок этиши кутилмоқда. Ўйлайманки, мазкур тадбир хорижий мамлакатлар ички ишлар вазирликлари билан барча йўналишларда, шу жумладан тезкор йўллар билан жиноятларни фош этиш борасида ўзаро тажриба алмашишни, ҳамкорлигимизни янада юқори даражага олиб чиқади.

Жиноятларнинг олдини олиш, фош этиш ва тергов ҳаракатлари ўтказишда криминалистик воситалардан фойдаланиш катта аҳамият касб этади. Ана шу омил назарда тутилиб, ИИВ Эксперт-криминалистика бош марказида махсус тадқиқотлар йўналишидаги экспертизаларни ўтказишда қулайлик яратиш, физика-кимё, портлаш техникаси, автотехника экспертизаларини ўтказиш, тадқиқотларнинг илғор усул ва услубларини жорий этиш учун Ўзбекистонда ягона Махсус экспертизалар маркази ташкил этилди. Бундан ташқари, барча ҳужжатларни ва дунё мамлакатлари пул бирликларини ҳақиқийлигини аниқлаш техник-криминалистик экспертиза ўтказишга мўлжалланган “Regula 4305 DMH” видеокомпаратори ва маълумотлар базасидан тадқиқотлар ўтказишда фойдаланилмоқда.

ИИВ Эксперт-криминалистика бош марказида Ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш ва ривожлантириш бўлинмаси ташкил этилиб, халқаро «Ассеss Data»  компанияси томонидан марказнинг икки нафар ходимига рақамли тадқиқотларни мустақил ўтказиш ҳуқуқини берувчи халқаро намунадаги сертификатлар берилди. Бош марказга Корея Республикаси Бош прокуратураси Рақамли экспертизалар миллий маркази томонидан мобил қурилмаларни (телефон, смартфон, планшет) эксперт тадқиқ қилувчи комплекс тақдим этилди. Ундан мобил қурилмалар хотирасидан ўчириб ташланган иш учун аҳамиятли маълумотларни тиклашда фойдаланилмоқда. ИИВ ЭКБМ ва ҳудудий бўлинмаларини махсус криминалистик лаборатория автомашиналар билан таъминлаш режалаштирилган. 

Ҳозирги кунда юртимизда туризм ривожланмоқда. Демак, тезкор хизмат ходимлари чет тилларини ҳам билиши лозим. Ходимларимиз учун тил ўрганиш курсларини ташкил қилишимиз зарур.

– Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Лекин жиноятга жазо муқаррар аммо... Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларнинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари бор. Бундан беш-ўн йил аввалги ЖИЭМлар билан бугунги муассасалар ўртасида қандай фарқ бор? Ушбу йўналишдаги ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– Халқчил сиёсат ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган жараёнлар жазони ижро этиш тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ, албатта. Ўтган давр мобайнида бу соҳада ҳам қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг туб негизида билиб-билмай жиноят содир этган шахсларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, жазо муддатини ўташи учун қулай муҳит яратиш мақсади мужассам. 

Айтиб ўтишим жоиз,Тошкент шаҳридаги 1-сон Тергов ҳибсхонаси халқаро стандартлар асосида қурилган янги бинога кўчирилди. Бу ерда терговчи ва адвокатлар хоналари ташкил этилиб, адвокат хоналаридан ташқари замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш, уни янги босқичга кўтариш мақсадида нафақат мазкур ҳибсхона, балки республикамиздаги мавжуд барча тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига замонавий видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Бу эса жазони ижро этиш жойларида сақланаётган ва жазо муддатини ўтаётган фуқароларнинг жиноят-ижроия қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш, улар билан бўладиган ўзаро муносабатларда белгиланган қонун талабларидан четга чиқмаслик, тергов жараёни ва сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. 

2017 йил 11 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарориқабул қилинди.Мазкур  қарорда белгиланган вазифалар доирасида ўтган давр мобайнида жазони ижро этиш тизими фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, бир қатор колонияларда маҳкумлар ётоқхоналари ва ёрдамчи бинолар бугунги кун талаблари асосида янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли  фармойишига асосан 16 та маҳкумлар ётоқхонаси, учта ёрдамчи бино ва иншоотлар қайта таъмирланди.Айни пайтда ҳам бу каби қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом эттирилиб, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар ётоқхоналари, ёрдамчи бинолар босқичма-босқич бугунги кун талаблари асосида қайта қурилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда. 

Билиб-билмай жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг баъзи ҳуқуқларига тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексига мувофиқ маҳкум жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятига, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига ўз она тилида ёки бошқа тилда таклиф, ариза ва шикоятлар билан мурожаат этиши мумкин. Бундан ташқари, ўқув, бадиий ва бошқа хил ахборот материалларидан фойдаланиши, соғлиғини сақлаш, тиббий хулосага кўра, амбулатория-поликлиника ва стационар шароитда тиббий ёрдам олиши белгилаб қўйилди.

Ҳаёт йўлларида билиб-билмай содир этган жинояти сабаб озодликдан маҳрум этилган шахсларни қайта тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёсдир.  Шу боис, жазони ижро этиш муассасаларида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, кутубхоналар фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни озодликка тайёрлаш ва касбга ўқитиш ҳам эътиборда турибди.Жорий йилнинг 16 апрель куни “Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.Бугунги кунда, жазони ижро этиш муассасаларида 6 та идоравий умумтаълим мактаблари ва мактабларнинг филиаллари фаолият юритмоқда. Қарорга мувофиқ, Тошкент вилоятида жойлашган Тарбия колониясида Зангиота тумани 35-мактабнинг филиали ташкил этилди.Касб-ҳунар таълими марказининг жазони ижро этиш муассасалари ҳудудидаги 4 та касб-ҳунар таълими муассасалари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилиб касб-ҳунарга ўргатиш марказларига айлантирилди. 

– Жорий йилнинг 2 апрелида имзоланган “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги қонунда ЖИЭМлардан озодликка чиққан, афв этилганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қандай янгилик киритилди? Бундай шахсларни иш билан таъминлаш бўйича зарурий ишлар олиб бориляптими?

–Мазкур қонунга мувофиқ энди текшириш учун маъмурий назорат остидаги шахсларнинг хонадонига соат 06.00дан 22.00гача кириш тақиқланади. Уларни ишга жойлаштириш, уй-жой билан таъминлаш ҳақида ички ишлар органлари тегишли давлат органларига, бошқа ташкилотлар, корхона ва муассасаларга илтимосномалар юборади. Назоратдаги шахснинг талабига кўра у билан профилактик суҳбатлар бундан буён адвокат, жамоатчилик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили ёки унинг яқин қариндошлари иштирокида ўтказилади. ЖИЭМ маъмурияти озод этилаётган ногирон ёки оғир хасталикка чалинган шахсларни даволаш масаласини олдиндан ҳал этиш тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар органларига, соғлиқни сақлаш муассасаларига илтимоснома жўнатади.

Профилактик ҳисобда турган муқаддам судланганлар, шу жумладан устидан маъмурий назорат ўрнатилган шахсларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг тўрт ойи ичида улардан 3309 нафарига ишга жойлашиши учун меҳнат бўлимига йўлланма берилган, 2312 нафарига эса моддий ёрдам кўрсатилган. 

– “Ишонч телефонлари” жиноятларнинг олдини олиш, одамлар хавфсизлигини таъминлаш ва халқнинг тизим ходимларига бўлган ишончини оқлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Ушбу йўналишда аҳолидан тушган мурожаатлар бўйича қандай ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг ўтган даврида қанча жиноятнинг олди олиниб, хавфсизлик таъминланди?

Оғзаки мурожаат этиш ҳуқуқини амалга ошириш учун фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида, 2017 йил 1 майдан бошлаб Ички ишлар вазирлигида ягона қисқа “1102” рақамли “Ишонч телефони” ташкил этилганини айтиш жоиз.Мазкур телефон туну-кун узлуксиз фаолият кўрсатиб турибди.Вазирликнинг “Ишонч телефони”га сутканинг исталган пайтида республикамизнинг барча ҳудудларидан қўнғироқ қилиш мумкин. 

“Ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш, зудлик билан ижрога йўналтириш учун махсус электрон тизим жорий этилган. Ҳар бир мурожаат алоҳида назоратга олинади. “Ишонч телефони”дан нафақат Ватанимиз фуқаролари, балки чет элликлар ҳам хабардор. Ушбу имконият ташкил этилганидан буён жами 65 735 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 56 таси чет элликлар томонидан йўлланган. 

Муҳими, келиб тушган мурожаатларнинг 13 381 таси ёки 20,5 фоизи ижобий ҳал қилинган. 47372 таси ёки 72 фоизи бўйича малакали тушунтиришлар берилган. Йўлланган мурожаатлар тезкорлик билан кўриб чиқилгани боис 289 миннатдорлик мазмунидаги мурожаатларни ҳам олдик. Умуман, тизим тубдан қайта кўриб чиқилди. Биринчи галда Вазирлик қабулхонаси туну-кун ишлаши йўлга қўйилди. Қабулхона замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Вазирлик фаолияти бўйича маълумотларни олиш ва мурожаатни юбориш имкониятига эга бўлган “инфокиоска”лар жорий этилди. Бундан ташқари, вазирлик раҳбарияти ва вилоят ички ишлар органлари бошлиқлари сайёр қабул ўтказиш амалиётини жорий этишди. Бу эса фуқароларнинг муаммоларибўйича аниқ чоралар кўриш имкониятини яратди.

Жорий йилнинг ўтган даврида, вазирлик раҳбарияти ўтказган сайёр қабуллар жараёнида мингдан ортиқ фуқаро қабул қилиниб, уларнинг муаммолари шу жойнинг ўзида ҳал этилди.Жорий йилнинг 3 ойи мобайнида “Ишонч телефони”га қилинган қўнғироқлар ёрдамида мамлакатимиз бўйичажами116 жиноятнинг олдини олишга эришилди.

– Президентимиз соҳа ходимлари билан ўтказган видеоселектор йиғилишларида айрим ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларни барвақт аниқлаш ишлари қониқарли эмаслигини таъкидлаган эди. Ҳозирги кунда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ва турлари бўйича қайси ҳудудларда қандай муаммолар бор?

– Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳар қанча чоралар кўрилишига қарамай, жиноятга мойил шахслар бўлади. Ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимлари бошқа соҳавий хизматлар ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари билан бирга жорий йилнинг ўтган даврида республикамизда жиноятчилик ваҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш бўйича бир қатор тизимли профилактик тадбирлар ўтказди. Булар натижасида жиноятчилик кескин камайишига эришилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда барча йўналишларда 6577 жиноят содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,6 фоизга ёки 3043 тага камайди.Шундан, оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар 17,1 фоизга, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 39,5 фоизга, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 13,1 фоизга, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар 20,9 фоизга қисқарди. 

Бироқжиноятларни олдини олиш, содир этилганларини “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тамойили асосида муҳокама қилишҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган профилактик ишлар самарали ташкил этилмагани оқибатида айрим минтақаларда муаяйн турдаги жиноятларнинг ошиши кузатилди.Масалан, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларреспублика бўйича 13,1 фоизга камайган бир пайтда Тошкент шаҳрида 7,7 фоизга,Жиззах вилоятида 25 фоизга,Сурхондарё вилоятида 36,4 фоизга ошган.

– Пўлат Раззақович, ҳаммамизга яхши маълум, тизимда иш кўлами катта, вақт ҳамиша тиғиз. Соҳа ходимларининг китоб, газета-журнал ўқиши учун ҳам вақт топиладими? Ўзингиз қайси нашрларни кузатиб борасиз ва қай бири сизга маъқул? 

– Албатта, мутолаасиз ҳаёт зерикарли бўларди. Ишимиз ҳар қанча тиғиз бўлмасин, китоб, газета-журнал ўқишга вақт ажратишимиз керак. Бусиз ривожланиш бўлмайди. Шунинг учун ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий дунёсини бойитиш, уларнинг касбий, сиёсий-ҳуқуқий билимларини  янада ошириш, шахсий таркиб ўртасида китобхонликни ривожлантириш масаласи эътиборимиздан четда қолаётгани йўқ. Аввало, вазирликнинг Маърифат ва ахборот-ресурс маркази ташкил этилгани фикримизни тасдиқлайди. 

Ушбу Марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида ИИВ музейи ва кутубхонаси негизида ташкил қилинди. Марказ Ички ишлар органлари тарихи музейи, 5 мингдан ортиқ адабиёт жамланган ўқув зали ва 6 мингдан ортиқ электрон ресурсдан иборат электрон кутубхонани ўз ичига олади. Кутубхона “Шарқ зиёкори”, “Ёшлар матбуоти” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” масъулияти чекланган жамиятлари, “Ўзбекистон” ва “Янги аср авлоди” нашриёт матбаа ижодий  уйлари, “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” нашриёти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриётидан сотиб олинган турли жанрдаги адабиётлар, ўқув қўлланмалари билан бойитилган. Кутубхона тармоқ орқали Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон ресурслар базасига уланган. Ходимларимиз шу ердан туриб, Миллий кутубхона ресурсларидан фойдаланишлари мумкин.

Кутубхона учун марказий даврий нашрлар, газета ва журналлар, қонун ҳужжатлари тўпламлари, Олий Мажлис ва Ҳукумат қарорлари ахборотномалари, Олий суд пленуми қарорларига обуна ташкил этилган. Ундан ИИВнинг барча ходимлари, ишчи ва хизматчилари фойдаланадилар.

Юқоридаги ишларнинг давоми сифатида китоб харид қилишни ҳохловчилар учун вазирлик ҳудудида ташкил этилган китоб дўкони ҳам ходимлар учун хизмат қилмоқда. Ходимларнинг кутубхонага ташрифини, китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ҳар йили “Энг яхши китобхон” кўрик-танлови ўтказилади. Шубҳасизки ўзим ҳам ОАВларни доимий ўқиб кузатиб бораман.

– Суҳбатингиз учун катта раҳмат.


(“Ҳуррият” газетасининг 2019 йил 22 майдаги 11-сонидан)

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар