Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » ЙПХ ходимлари таъқиб қилиняпти, дўппосланяпти, ҳақорат қилиняпти… Бунга ким айбдор? (видео)

ЙПХ ходимлари таъқиб қилиняпти, дўппосланяпти, ҳақорат қилиняпти… Бунга ким айбдор? (видео)

26 июнь 2019, Среда
122
0

Нега йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими ҳақоратланяпти, ўртага олиб калтакланяпти, уларнинг юзига мушт туширилиб, формасини йиртишгача бориляпти?

Мазлумга, жабрдийдага узатилган қўлни шаксиз эзгулик аъмоли, деб атаймиз. Лекин ҳимоячига, посбонга кўтарилган қўлни қандай аташ мумкин?

 Бу – шубҳасиз тубанлик, жаҳолат қўлидир!

Ахир тинчлик, осойишталик, хотиржамлик каби беқиёс тушунчаларнинг амалда ўрнатилиши, сақланиши ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бунга давлатнинг асосий моддий ресурслари сарф этилиши билан бир қаторда минг-минглаб мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фаолияти йўлга қўйилган. Уларнинг хизмат бурчини бажариши, туну кун ҳушёрлиги сабаб халқимиз осуда ҳаёт кечирмоқда.

Кундалик турмушда ҳам озгина ноҳақликка дуч келсак, беихтиёр ички ишлар органи ходимларини чақиришга чоғланамиз.

Лекин ҳимоячини одамларнинг ўзи таъқиб остига олса, урса, ҳақорат қилса… Бу ҳолни нима деб аташ мумкин?

Таассуфки, йўлларда зўравон ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимига бўйсунмагани етмагандай, уни тутиб уриши, ҳақоратлаши, ўртага олиб калтаклаши, айримларнинг тезкор вакилларнинг юзига мушт тушириб, формасини йиртиши, погонига осилиши кўпайгандан кўпайиб бормоқда.

Бундай ҳолатларни кузата туриб, одамларга нима бўляпди, деб ўйлаб қолади киши. Ҳаёт тараққий этгани, шароитлар, имкониятлар яхшилана боргани сари айримларда тўқликка шўхлик қилиш, фақат “мен зўрман”, “қўлингдан нима келади?”, деб ўзини йўқотиш, калтабинлик устун кела бошлади. Ҳуқуқ-тартибот ходимига жароҳат етказилаётган экан, буни амалга ошираётган жоҳил шахслардан бошқа ҳар қандай тубанлик, ваҳшийликни кутиш мумкин.

2019 йилнинг 11 июнь кунидаги Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили Жаҳонгир Холқўзиев “бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши” ҳамда тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди иккинчи ишғол қилиш гуруҳи катта мутахассис-алоқачиси сержант Диёржон Мўминов “бош мия чайқалиши, юқори жағ кесувчи тишининг синиши, юзининг лат ейиши тирналиши ҳамда кўз соҳасидаги юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши” ташхиси билан Зарбдор тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган...

Давлат хизматчиси ҳисобланган бу ходимлар шу куни ғалла ўрим-йиғим терими даврида талон-торожларнинг олдини олишга масъул сифатида хизматга жалб қилинган эди.

“Ғолиб-намунаси” фермер ҳўжалигига тегишли ғалла майдонида 8 қопдаги 50 килограмм буғдойни ўзбошимчалик билан олиб кетилишига қаршилик кўрсатишгани учун эса шу ҳолга тушишган.

Далага “Зил” юк автомашинасида келган Олим Яхшиликов ички ишлар ходимларининг тушунтиришига қарамай дон маҳсулотини “бу менинг меҳнат ҳаққим”, деб олиб кетишга уринади. Бироқ, у қонуний фаолиятини бажараётган ходимларнинг хизмат вазифасига қаршилик кўрсатиб, уларга ташланади. Ж.Холқўзиевнинг юзига қўллари билан мушт билан уриб, унинг хизмат дала кийимига ёпишган вақтида сержант Д.Мўминов уларни ажратмоқчи бўлган. Аммо важоҳатга тўлган бу киши унинг дала хизмат кийимининг погонини йиртиб ташлаб, юзига бир неча марта мушт туширади.

Мазкур ҳолат юзасидан Зарбдор тумани прокуратураси томонидан О.Яхшиликовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тартибда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Зарбдор тумани судининг ажримига асосан эса унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

2019 йил 12 июнь куни Қашқадарё вилоятида йўл-патруль хизмати инспектори Баҳром БобоқуловҚарши-Шаҳрисабз йўлида бекатда тўхтаб турган “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси Бекзод Раҳимовнинг ёнига бориб, унга ўзини таништириб, қоидани бузилганлигини маълум қилиб, ҳужжатларини тақдим қилишни сўрайди. Бироқ у сафдорнинг қонуний талабига бўйсунмайди. Бу ҳам етмагандай қўлига ёғоч таёқ олиб, инспекторни уриб, унга тан жароҳати етказади ва воқеа жойидан қочиб кетади. (Мазкур ҳолат фуқаролар томонидан видеотасвирга олиниб, Телеграм ижтимоий тармоғига жойланган).

Қарши шаҳар Тиббиёт бирлашмаси маълумотномасига кўра, сафдор Б.Бобоқуловга “ўнг қўл елка қисмида лат ейиши шилинган жароҳати” ва “чап қўл тирсак қисмида лат ейиши шилинган жароҳати” ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.Раҳимовга нисбатан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а” банди ва 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда бу шахс тегишли тартибда ушланиб, тергов олиб борилмоқда.

Самарқанд шаҳрида эса “Автопатруль” рейдида маст ҳолдаги ҳайдовчи қўлга тушган. Аммо у машинадан тушиб қочиб кетишга уринган. Бу ҳолатда ҳайдовчининг шериклари йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторига фаол қаршилик қилиб, ҳайдовчининг қочиб кетишига кўмаклашган.

Аммо қонунни бузганлар қаергача қочарди? Нафақат ҳайдовчи, балки қонунсизликка кўмаклашган бошқа шахслар ҳам қўлга олинган. Маъмурий ишлар бўйича Нуробод тумани судининг қарорларига асосан, О.Аблақулов, С.Вафоев ва Ғ.Хушвақтовлар “ҳуқуқбузар”, деб топилиб, уларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ажабо, қачондан бери айримлар қонун ҳимоячисини эмас, маст одамнинг ҳимоясига отланди? Шу маст ҳайдовчи аварияга учраб, ўлиб кетса ёки бирор яқин одамингизни уриб кетса нима бўларди? Наҳотки, мастликнинг мана шундай аянчли оқибатларини ўйлаб кўриш қийин бўлса?

Агар инспектор уни тўхтатмай, тилга олинган нохуш ҳолдан бири содир бўлса, кимни айблардингиз? Албатта, йўлда инспекторлар мастни кўрса бўлмасмиди, бу ҳолнинг олдини олса бўлмасмиди, деган иддаолар ёғилиши турган гап!

Минг афсуски, бу каби мисолларга яна кўплаб келтириш мумкин. Дарвоқе, Жиззах вилоятидаги яна бир ҳолатда ҳам ҳайдовчи машина рулида ўтирган ҳолда алкоголли ичимлик ичиб, кўчаларда намойишкорона кезиб юрган. Бу “зўравон” ҳам хизмат вазифасини бажараётган ходимнинг қонуний талабига бўйсунмаган. Капитан М.Низомов ушбу ҳолатни қўл телефонига видеотасвирга олаётган вақтида эса Б.Бобохонов машинадан тушиб, инспекторга ташланиб, унинг телефонини тортиб олиб, синдириб ташлаган.

2019 йил 15 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан Б.Бобохоновга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси томонидан бизга тақдим этилган маълумотларга қараганда, фуқаролар томонидан ўз хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиш тенденцияси ошиб кетаётганлиги кузатилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида ана шундай 81 ҳолат кузатилган. Қўпол қонунбузарликка йўл қўйган 44 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 11 нафарига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. 19 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1 нафари маъмурий қамоққа олинган. 8 нафар шахсга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хизматлар бўйича таҳлилларга назар ташласак, турли зўравонликка кўпроқ йўл-патруль хизмати ходимлари дуч келган. Яъни уларга 52 ҳолатда фаол қаршилик кўрсатилган ва жароҳат етказилган. Профилактика инспекторларига 19, паструль-пост хизмати ходимларига 4, шунингдек жиноят қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш тезкор вакилларига, ташкилий департамент ходимларига ҳам бир нечадан қаршилик кўрсатилган.

Ҳудудлар бўйича таққослаганда эса бундай ҳолатлар кўпроқ Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кўпроқ кузатилган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, давлат хизматчилари, хусусан ички ишлар органлари ходимларининг хизматни олиб боришга оид фаолияти қонун билан ҳимоя қилинади. Улар билан муомала қилишнинг ўзига яраша тартиблари бор.Ҳар бир фуқаро ва юридик шахслар ички ишлар органи ходимларининг қонуний талабини бажариши шарт.

Айтиб ўтиш керакки, юқоридаги каби ҳолатларнинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётгани ҳам бор гап. Кўпчилик бундай ҳолатларни қоралаб, зўравонликларга барҳам бериш чораларини кўриш тарафдори экани қувонарли. Ахир осойишталикни таъминлаётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини халқ ҳимоя қилиш адолатдан.

Шу ўринда зўравонликка қўл ураётган кимсаларга қарата жаҳолат қулига айланманг, қўлингиз жаҳолат қўли бўлиб посбонга кўтарилмасин, ахир инсонсиз-ку, дегинг келади. Вақти келиб шу посбонга эҳтиёжингиз тушмаслигига, ҳимоясига муҳтож бўлиб қолмаслигингизга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тўғри, ички ишлар органи ходимлари ҳақида гап кетса, уларни қораловчилар ҳам топилади. Дарҳақиқат, уларнинг ҳаммаси ҳам рисоладагидек эмас. Улар орасида ҳам номақбул ишлар қиладиганлари учраб туриши сир эмас. Лекин бу дегани уларга қаршилик қилиш, қўл кўтариш мумкин, дегани эмас. Зеро, биз ҳуқуқий давлатда яшаймиз. Ҳар қандай ноқонуний ҳолатга қонун нуқтаи назаридан баҳо берилиши керак. 


Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА


скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар