Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Муносиб хизмат шароитлари фаолият самарадорлигини таъминлайди

Муносиб хизмат шароитлари фаолият самарадорлигини таъминлайди

08 июль 2019, Понедельник
31
0


Бугун ички ишлар органларининг фаолияти тубдан ўзгариб, сўнгги йилларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада халқ манфаатларига хизмат қиладиган, ижтимоий йўналтирилган, ихчам ва мобиль тизим шаклланди.

Ички ишлар органлари моддий-техник базасини янада яхшилаш, ходимларга муносиб хизмат шароитларини яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва зарур воситалар билан таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар ҳам тизимли тарзда олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожонов ИИВ Малака ошириш институти ҳамда Академияси, шунингдек Тошкент шаҳар ИИББ ва пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида ходимларнинг самарали хизмат қилишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, бино-иншоотларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.

ИИВ Малака ошириш институтидаги қурилиш ишларини кўздан кечириш жараёнида ўқув синф хоналарининг кенг ва ёруғ бўлиши, янги барпо этилаётган кутубхона биноларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши ҳисобга олиниши зарурлигига эътибор қаратилди. Бинонинг ташқи кўриниши, хоналарда иситиш ва совутиш тизимларини яратиш ҳамда атрофни ободонлаштириш масалалари бўйича кўрсатмалар берилди.

Институтнинг орқа ва ён томонларидаги аҳоли яшаш уйлари 2-бинога жуда яқин жойлашганлиги туфайли, М.Улуғбек тумани ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қурилиш лоиҳасини хавфсизлик қоидаларига асосан қайта ўрганиб чиқиш топширилди.

Пойтахтнинг М.Улуғбек тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси туманнинг Буюк ипак йўли кўчасидаги муқаддам Тошкент вилояти ИИБ жойлашган бинога кўчиб ўтган бўлиб, мавжуд маъмурий ва ёрдамчи биноларни капитал таъмирлаш бўйича 3,3 млрд. сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва қурилиш ишлари бошланган. Вазир ушбу максанда олиб борилаётган таъмирлаш ишларини кўздан кечириб, Навбатчилик қисмининг жиҳозланиши, қурол сақлаш ҳамда архив ҳужжатларини юритиш хоналарининг қурилиши бўйича зарур йўл-йўриқ ва тавсиялар берди.

Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойида ИИВ Академияси ташкил этилганлигининг 25 йиллиги кенг нишонланади. Ички ишлар вазири Академияда олиб борилаётган кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Жумладан, ИИВ Академияси Ахборот–ресурс марказида бугун жуда катта хажмдаги ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу марказ юртимиз таълим даргоҳлари орасида ягона бўлиб, бу ерда жаҳоннинг барча мамлакатларидаги таълим муассасаларида мавжуд бўлган электрон китобларни ўқиш имконияти пайдо бўлади, бу эса, ўқитувчилар ва курсантларнинг ўз устида ишлаши ва билим савиясини янада оширишига хизмат қилади.

Ўқув биносида янги қурилаётган аудиторияларнинг замон талаблари даражасида жиҳозланиши, курсантларнинг сифатли таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, таъмирланаётган спорт зали ва янги қурилаётган сув ҳавзаси курсантларнинг мунтазам равишда спорт машғулотлари билан шуғулланишлари учун яхши имконият эканлиги ҳақида сўз юритилиб, қурилиш ва таъмирлаш жараёнлари юзасидан Академия раҳбарияти ҳамда вазирликнинг масъул ходимларига топшириқлар берилди.

Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг қуйи тизимларида ҳам бир қатор қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Вазир Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ва Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бинолари ҳамда 500 ўринга мўлжалланган “Маънавият ва маърифат” залининг қурилишини кўздан кечирди. Замонавий усулда, энг сўнгги ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда бунёд этилаётган мазкур маърифат масканида асосий қурилиш ишлари тугалланган бўлиб, ички ва ташқи пардозлаш, электр, иситиш ва совутиш тизимларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазири пойтахт ИИББ маъмурий биноси ҳовлисини янада ободонлаштириш, янги қурилаётган иншоотларнинг мавжуд бинолар билан умумий уйғунлик касб этишига эътибор қаратиш ва энг асосийси, мурожаат этаётган фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратишга доир зарур тавсиялар берди.

Бир сўз билан айтганда, таркибий ва ҳудудий ички ишлар органларида олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, келгусида юртдошларимиз ва тизим шахсий таркиби учун қулайлик яратиб, фаолият самарадорлигига хизмат қилиши табиий.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва

ОАВ билан алоқалар  бошқармаси


скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар