Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Саломатлик бош масала

08 июль 2019, Понедельник
24
0

Фан ва техника тараққиёти, инсоннинг ўзи учун қулай бўлган шароитларни яратишга қаратилган интилишлари натижасида одамзот тобора кам ҳаракат бўлиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг учдан бир қисмини жисмоний фаол бўлмаганлар ташкил этади. Ушбу жиҳат юрак-қон-томир, диабет ва саратон касалликларининг ўсиши ва семизликка сабаб бўлиши мутахассислар томонидан таъкидланмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакилларининг билдиришича, эрта ўлим ҳолатларининг тўртдан бири етарли жисмоний фаол бўлмаганлар улушига тўғри келади. Илгари қандли диабетнинг икки тури асосан 40 ёшдан сўнг кузатилган бўлса, сўнгги йилларда кам ҳаракатлилик ва ортиқча вазн ортидан бу касаллик анча ёшарган. Кам ҳаракатлиларга диабет 30 фоиз, йўғон ичак саратони 40 фоиз кўп таҳдид солади. Мунтазам спорт билан шуғулланувчиларнинг инсульт ва депрессияга чалиниш даражаси жуда паст бўлиши аниқланган.

Шу маънода, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан шахсий таркиб саломатлигини спорт орқали мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги тадбирларни амалга оширишда мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтетант Пўлат Бобожоновнинг 2019 йил 14 мартдаги “Ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асос вазифасини ўтаётир.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқиб, жанговар ва жисмоний тайёргарлик машғулотларига ички ишлар органлари ходимларининг мунтазам қатнашишлари таъминланмоқда. Ҳар ойда бир марта ходимларнинг биометрик кўрсаткичлари, яъни, бўйи ва вазни текширувдан ўтказилиб, ортиқча вазнга эга ходимлар қўшимча машғулотларга жалб қилинаётир. Худди шундай, касбий тайёргарликни кучайтириш мақсадида аёл ходимлар иштирокида ҳафтада бир марта қўшимча машғулотлар уюштирилаяпти.

Ходимлар спортнинг енгил атлетика, қўл жанги, сузиш, футбол, волейбол каби турлари билан шуғулланишмоқда. Шу мақсадда жойлардаги болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда сузиш ҳавзаларининг педагогик жамоалари билан келишилиб, машқлар малакали мутахассислар раҳбарлигида ташкил этилаётир. Натижада ўтган 3 ой давомида 33 нафар ходим ортиқча вазндан қутилди. Яна бир қанча ходимлар вазнларини белгиланган меъёрий кўрсаткичларга етказиш мақсадида қўшимча машғулотларда қатнашишаяпти.

Яхши маълумки, саломат, жисмоний тайёргарлиги кучли, жанговар спорт турларини пухта эгаллаган ички ишлар ходими хизмат вазифасини самарали бажаради ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш даражаси юқори бўлади. Қолаверса, касалликлардан йироқ бўлиб, узоқ умр кечиради. Шу маънода, ходмиларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Фарҳод ТОШТЕМИРОВ,

Жиззах вилояти ИИБ кадрлар

бошқармаси ходими, капитан.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар