Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Расмий ахборот

18 июль 2019, Четверг
96
0
Бугунги кунда тезкор ахборотга бўлган талаб тобора кучайиб бормоқда ва бундан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган ижтимоий тармоқлардаги баъзи сайтлар, интернет фойдаланувчилари, блогерлар ўз саҳифаларида тасдиқланмаган, ёлғон, бир томоннинг фикри билан хулоса қилиб тайёрланган маълумотларни ҳам тарқатмоқдалар. Гўёки улар холис маълумот эълон қилаётган бўлиб, ўз “обрў”ларини оширмоқдалар. Албатта, бундай ҳолат аҳоли ўртасида турли миш-мишларга, баъзи касб эгаларига нисбатан салбий фикрларни шаклланишига, айримларнинг ҳаракатларига нисбатан нотўғри хулоса чиқаришга олиб келмоқда.Шу ўринда яна бир нарса айтиб ўтиш жоиз. Айрим шахслар кўча-куйдаги турли воқеа ва ҳодисаларни тасвирга олиб, нотўғри изоҳ билан ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан шуғулланиб, бошқаларнинг ташвишларини оммага ёймоқдалар.    
Содир бўлган воқеа ва ҳодиса иштирокчиларининг рухсатисиз уларни видео ёки фото тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ноқонуний эканлигини унутмаслик керак. Ўзбекистон Рсепубликасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 13-моддасига асосан, жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар махфий ахборот тоифасига кириши, жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги, жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотдан уларга моддий зарар ва маънавий зиён етказиш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилиш мақсадида фойдаланиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Агар фуқаролар айрим шахслар томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир этилаётганлигининг гувоҳи бўлиб қолсалар ва бу ҳаракатлар видео ва фотога олинган бўлса, қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим этишлари керак. Масалан, йўлда йўл-транспорт ҳодисасининг гувоҳи бўлдингиз. Сиз ушбу ҳодиса иштирокчиларини тасвирга олиш учун уларнинг розилигини олишингиз, агар йўл-транспорт ҳодисасида инсон ҳалок бўлган бўлса, марҳумнинг яқинлари розилиги билан уларни тасвирга олишингиз ва ижтимоий тармоқларда эълон қилишингиз мумкин.
Баъзи хорижий оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг соддалигидан фойдаланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашишда ёлғон ваъдалар бериб, бир томонлама нохолис материалларни тарқатиб, сохта обрў орттирмоқчи бўлганликлари бугун барчамизга аён. Шунинг учун ижтимоий тармоқлардан ўзингиз учун ахборот излаётганда расмий манбаларга таянсангиз аниқ ва тўғри маълумотларга эга бўласиз.
Таъкидлаб ўтиш керакки, ижтимоий тармоқлардаги баъзи манбаларнинг ички ишлар органларига оид тасдиқланмаган, нотўғри ахборотлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг интернетдаги расмий манбалари (веб-сайт: www.iiv.uz, телеграм: @iivuz ёки https://t.me/iivuz, фейсбук: https://www.facebook.com/IIVUZ/) орқали расмий муносабатлар, раддиялар бериб борилмоқда. Бироқ, мамлакатимизда қонунда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган хориж оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган хабарларга муносабат билдирилмайди.
Юртдошларимиз жиноятлар ҳақида хабар бериш учун қисқа “102” телефон рақамидан, ички ишлар ходимлари томонидан уларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилганида “1102” рақамли “Ишонч телефони”дан фойдаланишлари мумкин. Хабар берган шахс ҳақидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги кафолатланади. Унутманг, аноним мурожаатлар эътиборга олинмайди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий
ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси
скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар