Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Ишга терговчи киришганда

08 август 2019, Четверг
40
0

“Эркинлик ва зарурият доимо биргаликда мавжуддир. Масалан, дарё эркин оқади, лекин у ўзанидан чиқмаслик заруриятига бўйсунади”. Донишлардан бири билдирган ушбу фикрда инсониятнинг яшаш тарзини ифодаловчи асосий тамойил мужассам, назаримизда. Яъни, биз қанчалик эркин бўлишга интилмайлик, қонун, дин ва қадриятлар белгилаган меъёрлардан чиқиб кета олмаймиз. Агарда улардан чекинсак, оқибат ҳам шунга яраша бўлади. Фикримизча, қуйида келтириладиган жиноятлар тафсилотлари мазкур қарашнинг ҳақиқатга мослигини яна бир бор исботлайди.Ўтган йили 17 ноябрда Жиззах вилояти, Арнасой тумани, Йўлдош Зоҳидов номли сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги “Сангзор” фермер хўжалиги дала майдонида арқонланган 2 бош қорамол йўқолди. Фермер хўжалиги ишчиси бу ҳақида ички ишлар органларига мурожаат қилмади. У бўшалиб кетган қорамолларининг ўзга даласига тушганлиги учун қайсидир қўрада боғлаб қўйилганлигига амин эди. Шу боис атрофдаги фермер хўжаликларини суриштира бошлади.

Орадан 4 кун ўтгач, айни шу фермер хўжалигининг даласидан яна 2 бош қорамол ғойиб бўлди. Бу сафар ҳам “Сангзор” фермер хўжалигининг ишчиси жабрланган эди. У ҳамкасби сингари ички ишлар органларига хабар қилмасдан чорва молларини дала майдонларидан қидиришга тушди. Топа олмагач, Арнасой туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилди.

Тартибга мувофиқ, воқеа жойига таркибида терговчи, жиноят қидирув бўлинмаси ходими, кинолог ва эксперт-криминалист бўлган тергов тезкор гуруҳи чиқди. Аммо ҳеч қандай из қолмаган, аниқроғи, хабар кеч етказилгани учун излар аллақачон топтаб ташланганди. Ички ишлар ходимлари шу атрофда яшовчиларни суриштира бошлашди. Ҳеч ким шубҳали ҳолатга гувоҳ бўлмаган, аксинча, чорва молларининг топилишига кўпчиликнинг ишончи комил эди. Аниқроғи, бу атрофга яқин ўртада ўғри ораламаган, шу сабаб қорамолларни очиқда қолдиришдан ҳеч ким чўчимасди.

Нима бўлганда ҳам ҳар икки воқеа бўйича қидирув эълон қилинди. Биринчи навбатда муқаддам шу каби жиноятларга қўл урганлар, қонубузарликка мойил шахсларга эътибор қаратилди. Худди шундай, ҳудудга кирган бегона фуқаролар ва автотранспорт воситалари ўрганилди.Ана шу жараёнда ўғриликлар содир бўлишидан анча кун олдин Йўлдош Зоҳидов хўжалигида бўлган Жиззах шаҳрида яшовчи ҳайдовчи қизиқ гап айтиб қолди: “Уяли телефонимга қўнғироқ қилишиб, Зоҳидов хўжалиги ҳудудидан иккита қорамолни Қашқадарёга олиб кетиш зарурлигини билдиришди, рози бўлдим. Аммо буюртмачилар юк ортиш вақтини қайта-қайта ўзгартирганликлари учун белгиланган жойга ярим кечаси етиб бордим. Шу боис юк эгаларидан қорамолларга оид ҳужжат сўрадим, улар “Ярим кечаси ҳужжатни қаердан топамиз”, дейишди. Қисқаси, келишув бузилди, автоуловимга юкни ортмадим”.

Ҳайдовчининг Қашқадарёга доир гаплари туман ИИБ жиноят қидирув бўлинмаси ходимларининг эътиборини тортди. Чунки ўғрилик юз берган “Сангзор” фермер хўжалиги шийпонида анча йиллардан буён қашқадарёлик мавсумий ишчилар яшашарди.

Юзлаштириш давомида ҳайдовчи мол ортмоқчи бўлганлардан бири — Жобирни таниб қолди. Ишга яна терговчи киришди. Дастлаб йигит айбини бўйнига олмади. Шунда терговчи Жобирга жиноят оқибатларини англатиб, терговга ёрдам кўрсатадиган бўлса, жазоси енгиллаштирилишини тушунтирди. Ўз навбатида Жобир борини оқизмай-томизмай сўзлаб берди.

Ҳаммаси 1997 йилда туғилган, Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Алачабоп қишлоғида яшовчи Далиёрнинг амакиларини сўраб, “Сангзор” фермер хўжалигига келишидан бошланган. Далиёр икки йил олдин бир муддат шу фермер хўжалигида ишлаган ва бу ерда кўпчилик чорва молларини қаровсиз қолдиришини яхши биларди. Шу боис амакиси Жобир яшаётган шийпонга аниқ мақсад билан қадам қўйди: қорамолларни ўғирлаб, Косон туманидаги бозорда сотади. Ўғриларни у томонлардан қидириш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

Жобирга ҳам амакисининг таклифи маъқул тушди, у қаровсиз қолдирилган қорамолларни кўрсатадиган, Далиёр эса автоулов топадиган бўлди. Лекин биринчи уринишлари зое кетди. Жиззах шаҳрида яшовчи ҳайдовчи шубҳаланиб, керагидан ортиқ савол бера бошлагани учун гапни чувалаштирмасдан унинг хизматидан воз кечдилар. Одамлар эътиборини тортмаслик мақсадида қорамоллар жойига боғлаб қўйилди.

Орадан кўп ўтмай Жобир Қашқарёдан “Меrсеdеs-Веnz” русумли юкхонаси ёпиқ автоулов топиб келди. Шу тариқа иккита қорамол ўғирланиб, Косондаги бозорлардан бирида сотиб юборилди. Орадан 4 кун ўтгач, улар томонидан яна иккита қорамол худди шу тарзда олиб кетилди. Тергов-суриштирув жараёнида Далиёр ўзини тажрибали жиноятчилардек тутди. Аввал ҳеч нарсани тан олмади, ҳатто амакиси Жобирни туҳматда айблади. Аммо жиноий шериги ва ҳайдовчилар билан юзлаштирилганидан сўнг гапидан адаша бошлади. Унинг қилмишини тан олишдан ўзга иложи қолмаганди.

Ушбу жиноятлар бўйича тергов ҳаракатларини олиб борган Арнасой тумани ИИБ терговчиси туманда юз берган бошқа ўғриликларда ҳам Далиёр ва Жобирнинг иштироки бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, қўшимча суриштирувлар ўтказди. Натижада 2018 йилнинг 28 майида туман марказидаги “Севинчим Комрон” дўконида рўй берган ўғрилик бошида ҳам Далиёр турганлиги аёнлашди.

Терговчи бу жараёнда кичик ҳийла ишлатди. Жобирга уни Далиёрдўкондаги ўғрилик ташаббускори сифатида айблаб, ёзма гувоҳлик берганлигини маълум қилди. Буни эшитган Жобирнинг тепа сочи тикка бўлди ва яна “ёрилди”.Айтганча, бу ўғирликда косонлик яна 3 нафар мавсумий ишчи қатнашган. Хуллас, ҳамма жиноятчилар қонунда белгиланган жазони олишди. Мазкур жиноятни фош қилган терговчи, капитан Миркомил Бойхўрозов эса айни вақтда Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасида фаолият кўрсатаяпти.

Юқорида тафсилотлари келтирилган каби жиноятларнинг қисқа муддатларда очилишида тергов ходимларининг тажрибаси ва техник имкониятларининг кенглиги муҳим аҳамият касб этаётир. Айни шу жиҳатлар терговни инсон ҳуқуқ-манфаатларини самарали ҳимоялашнинг ишончли омилига айлантирди.

Чунончи, республика ИИВ тизимидаги барча тергов идоралари қаторида Жиззах вилояти ички ишлар органлари тергов ходимлари видеокамера, фотоаппарат, жиноятчилар қолдирган излардан намуна олиш ва тез тиббий ёрдам воситалари каби кўплаб анжомларга эга тергов сумкалари билан тўлиқ таъминланган. Терговчилар ихтиёридаги энг замонавий компьютерларнинг барчасида веб-камералар мавжуд. Бу ускуналар гумонланувчи, айбланувчи ва гувоҳлар кўрсатмаларининг видео ва аудио ёзувларини олишда қўл келаётир. Шунингдек, веб-камералар тергов ходимлари иштирокида масофадан туриб йиғилишлар ўтказиш шароитини яратди.

Шу йилнинг июнь ойида республика Ички ишлар вазирлиги Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасига “Газель 32212” русумли махсус тергов автоулови ажратди. Автотранспорт лазерли ўлчаш воситаси, онлайн кузатув камераси, интернетга уланувчи Wi-Fi ускунаси, алоқа радиостанцияси, электр кучайтиргич каби 30 дан ортиқ энг зарур анжом ва қурилмаларга эга. Қисқаси, тергов тезкор гуруҳи ҳар қандай жой ва вазиятда вазифасини мукаммал бажариши учун барча шароитлар бор. Қувонарлиси, яратилган техник имкониятлардан самарали фойдаланилиб, илғор иш усуллари ҳаётга татбиқ этилаётир.

— Вилоятимиз мутахассислари томонидан ишланган “Radmin” дастури терговчиларнинг иш компьютерларини бир-бирига боғлаб туриши билан аҳамиятли. Дастур тергов бошқармаси вакилларига ҳар бир терговчи юритаётган жиноий ишлар билан танишиш, назорат қилиш, камчиликлар кузатилганда бартараф этиш имконини беради. ИИВ томонидан ушбу дастурни республикамизнинг ҳамма ҳудудларида жорий этиш бўйича топшириқ берилган. Бундан ташқари 2005 йилдан то ҳозирги кунгача чиқарилган жиноий ҳукмларнинг ягона базаси юзага келтирилди. Бу база терговчиларга муқаддам судланганликка оид маълумотларни бир-неча сонияда олиш, таҳлил қилиш ва содир этилган жиноятга аниқ баҳо бериш шароитини яратди. Худди шундай, илгари гиёҳванд моддага оид ишни кўрган ҳар бир терговчи гиёҳвандлик моддасини шахсан ўзи ДХХга топшириши керак эди. Биз идоралараро келишув асосида гиёҳванд моддаларни кимёвий экспертизадан ўтказган эксперт томонидан жамланган ҳолда ҳафтанинг аниқ кунларида ДХХга топширишни йўлга қўйдик. Шунингдек, тергов жараёни тўғрисидаги хабарномаларни манфаатдор томонларга уяли алоқа воситалари орқали SMS тарзида етказмоқдамиз. Почта орқали жўнатиш хабарномаларнинг кечикиши, муайян харажатлар ва қайта мурожаатларга сабаб бўлиб, фуқароларга ноқулайликлар туғдирарди. Терговчиларимизнинг вақтини сезиларли даражада тежаётган бу услубларни республика миқёсида қўллаш бўйича ИИВга ўз таклифларимизни билдирганмиз, — дейди Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасининг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш гуруҳи катта терговчиси, майор Ғайрат Алиқулов.

Шунингдек, тергов ходимлари шахслар ва уларнинг автоуловлари ҳақида маълумот берувчи “АIВ O‘zbekiston”, жиноятларни ягона электрон рўйхатга олувчи “Stat-prokuratura”, судланганликни текширувчи “ОСК”,паспорт маълумотларини тақдим қилувчи “Ф-1”, шахслар, автомашиналар, қурол-яроғларга оид маълумотларни тизимловчи ИИВ тезкор маълумотлар базаси каби манбалардан фойдаланган ҳолда тергов жараёнларини тез, аниқ ва сифатли ташкил этиш имконига эга.

Вилоятдаги ички ишлар бўлимларида махсус тергов мажмуаларини юзага келтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Овоз ва тасвир ёзиб олинадиган тергов хонаси, ўсмирларни тергов қилиш хонаси, кузатув хонаси, овоз ва тасвир ёзилишини назоратловчи хоналарга эга бундай мажмуа ҳозирча Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида мавжуд.

— Айни вақтда Шароф Рашидов, Арнасой, Фориш ва Зарбдор туманларида ана шундай мажмуалар фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида қурилиш, таъмирлаш ҳамда мослаштириш ишлари амалга оширилаяпти, бу иншоотлар йил охиригача фойдаланишга топширилади. Келаси йили эса Мирзачўл, Дўстлик ва Зомин туманларида махсус тергов мажмуалари барпо этилади. Мазкур мажмуалар жабрланувчи, гувоҳ ва айбланувчиларнинг бир-бирларини кўрмасдан юзлашишлари, руҳий босим ва таъсирлар ҳамда тергов жараёнида юзага келадиган муаммо ва чалкашликларнинг олдини олиш, шу йўсинда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоялаш имконини беради, — дейди Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Диёр Соатов.

Айтиш жоизки, вилоятда терговчиларнинг ҳуқуқий, сиёсий, маънавий билимларини оширишга устувор масалалардан бири сифатида ёндашилмоқда. Шу мақсадда шаҳар ва туманлар ИИБ тергов бўлинмалари ходимлари учун зарурий адабиётлар жамланган маънавият бурчаклари ташкил этилиб, малака ошириш ва тажриба алмашиш тадбирлари мунтазам уюштирилмоқда. Ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш борасида ҳам самарали ишларга қўл урилган.

Бу каби тадбирлар натижаси ўлароқ тизим кўрсаткичлари тобора яхшиланаяпти. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жами 659 та тергов ҳаракатлари амалга оширилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 260 тага қисқарган. Камайишга ички ишлар органлари томонидан олиб борилаётган профилактик тадбирлар сабаб, десак адашмаймиз. Яна ҳам аниқроғи, вилоятда жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг дастлабки олти ойига нисбатан жиноятларни 39,6 фоизга озайтиришга эришилган.

Шунингдек, терговлар жараёнида давлат ва фуқароларга 3 миллиард 147 миллион зарар етказилгани аниқланди. Бу маблағнинг 2 миллиард 766 миллион сўми ундирилиши таъминланди. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ҳамда жойлардаги ИИБ тергов бўлинмалари ва гуруҳлари жиноятларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш, қонун устуворлиги ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлашда фаоллик кўрсатмоқдалар.

Азим Тилавов,

Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасининг тергов фаолиятини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи, подполковник.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Роsтdа” мухбири.

Жиззах вилояти.

Суратларда терговчилар иш фаолияти акс этган.


(Жиноят тафсилотларида келтирилган исм-шарифлар ўзгартирилган).

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар