Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Шижоатдан қанотланган орзулар

Шижоатдан қанотланган орзулар

08 август 2019, Четверг
103
0

Қонундан оғишма...

Қувондиқ ота ички ишлар ходими формаси ярашиб турган ўғлини ишга кузатар экан, ғурур аралаш қониқиш ҳиссини туйди. Ҳар кунги одати бўйича насиҳат қилди: “Қонундан оғишма, яхши ишла”. Бунга жавобан ўғил жилмайди, бош ирғаб, автоуловини ўт олдирди.

Аслида отанинг фарзандидан кўнгли хотиржам, у ҳалол, бироқ ёш, шу йилнинг мартида хизматини бошлади. Хато қилиб қўймасин, адашмасин, дейди-да. Чунки билади, ёшлик жўшқин ва тажрибасиз. Шулар ҳақида ўйлар экан, беихтиёр кўз ўнгида ўтмиши жонланди...

Унинг болалиги Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Равот қишлоғида кечган. Отаси Эркин муаллим ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс беради, онаси хўжаликда сут соғувчи. Қувондиқ отаси таъсирида бўлса керак, ўқитувчиликка ҳавасланди.Мактаб ўқиб юрган кезлари миллий курашга қизиқди, Қувондиқдаги куч ва ғалабага иштиёқни сезган тўгарак раҳбари у билан алоҳида шуғуллана бошлади. Бу орада дашту тоғларда яшовчилар чўлни ўзлаштиришга жалб қилинди. Кўпчилик қишлоқдошлари қаторида Эркин муаллим оиласи билан Пахтакор туманининг Чаманзор маҳалла фуқаролар йиғинида қўним топди.

Янги жой Қувондиқнинг қизиқиш ва мақсадларини ўзгартирмади. У кураш билан шуғулланиш учун вилоят марказидаги “Динамо” спорт жамиятига қатнай бошлади. Бу ерда ички ишлар ходимлари қўл жанги билан шуғулланардилар. Жиддий, юқори даражадаги жисмоний тайёргарликка эга, ҳар вақт одамлар тинчлиги учун жонини тикишга тайёр соҳа вакиллари йигитнинг хаёлларини тўзғитиб юборди, орзулари йўналишини ўзгартирди: “Ички ишлар ходими бўламан”.

Мактабни тугаллагач, ниятини отасига баён қилди: “Россияда, ички ишлар ходимлари тайёрлаш билим юртида ўқийман”. У пайтлари юртимизда бундай ўқув муассасалари йўқ эди. Эркин муаллим рози бўлмади. Чунки ўқишини тугаллагач, ўғлини 25 йил муддатга мутлақо бошқа ўлкаларга хизмат учун юборишлари тайин эди. Айримлар ана шу хизмат туфайли ватанига қайтмаган, оиласидан бутунлай узилиб кетганди, отани ана шу жиҳат чўчитди.

Шу тариқа, 1981 йилда Қувондиқ Жиззах давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия ва спорт факультетига ўқишга кирди. Бу даврда миллий кураш энг асосий иштиёқига айланди. Вилоят миқёсидаги мусобақаларда тез-тез ғолиблик шоҳсупасига кўтарилар, ҳатто, бир сафар республика чемпионатида бронза медалини қўлга киритди ва спорт усталигига номзодлар сафидан жой олди.

Институтни тамомлагач, Пахтакор туманидаги 13- ўрта умумтаълим мактабида жисмоний тарбия фанидан дарс берди, бир вақтда кураш тўгарагини бошқарди. 1989 йилдан спорт ва маданият йўриқчиси вазифасида фаолият кўрсата бошлади.

Кеч ушалган орзу

Табиатан жамоатчи, педагоглик қобилияти кучли Қувондиқ Қурбонов ўзи яшайдиган қишлоқ ва туман миқёсида уюштириладиган турли маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этишда фаол қатнашарди. Айни шу жиҳатлари ҳамда аъло даражадаги жисмоний тайёргарлиги Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими раҳбариятининг эътиборини тортди, уни ишга таклиф қилишди.

Шу тариқа 1991 йилда Қувондиқ Қурбонов орзусига эришди. Ички ишлар тизимидаги меҳнат фаолиятини вояга етмаганлар назорати бўлимида инспекторликдан бошлади. Кўп ўтмай Россиянинг Тула шаҳрида жойлашган ички ишлар мактабига жўнатишди. Бу ерда 9 ой давомида соҳа сирларини ўзлаштирди.Ўқишдан қайтгач, вояга етмаганлар инспектори сифатида хизматини давом эттирди. Вазифа тақозосига кўра, бола тарбиясига эътибор қаратмаётган ота-оналар ҳамда айни шу тарбиясизлик ортидан турли ноқулай вазиятларга тушиб қолган фарзандлар билан ишларди.

Одатда, бундай болалар атрофдагиларга ишонмас, ўзгалардан яхшиликдан кўра ёмонлик кутарди. Табиийки, уларнинг кўнглигига йўл топиш, тўғри йўлга солиш осон кечмасди. Шундай пайтларда мактабда тўплаган тажрибаси қўл келарди. Болаларнинг қизиқишини ўрганиб, спорт ёки бошқа йўналишдаги тўгаракларга жойлаштирарди. Кейинчалик уларнинг кўпчилигини турли жойларда учратиб, ҳаётда ўз ўрнини топганликларини эшитганида қувончдан боши осмонга етган.

1993 йили Шароф Рашидов туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи лавозимига тайинлашди. Эътиборлиси, қаерда ишламасин, вазифасига сидиқидилдан ёндашди, қонундан оғишмаслик ҳаёти шиорига айланганди. Шу сабабли, мунтазам рағбатлантирилар, лавозим пиллапояларидан бир маромда кўтарилиб борарди.

Ички ишлар органларининг турли йўналишларида фаолият кўрсатган Қувондиқ Қурбонов ўз ўрнини профилактика тизимида топди, десак адашмаймиз. Чунончи, Шароф Рашидов туманидаги Қулама қишлоқ фуқаролар йиғинида профилактика инспектори бўлиб ишлаган йиллари ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ва фош қилиш борасида юқори самарадорликка эришди.

Ишининг мазмунини жазолаш эмас, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси деб билган инспектор муаммоларни маслаҳат ва яраштирув йўли билан ҳал этишга ҳаракат қиларди. Ҳаддидан ошганлар эса қонуннинг кучи нимага етишини ҳис қилмай қолмасдилар. Адолат тарозисига хиёнат қилмагани учун ҳам қуламаликлар уни ўзлариникидек қабул қилишди.

Мазкур маҳаллада ишлаб юрган кезлари республика Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. 1998 йилда эса “Энг яхши ички ишлар таянч пункти” кўрик-танловининг республика босқичида 3- ўринни қўлга киритган. Инспектор Қуламада ҳам ёшларга алоҳида эътибор қаратди. Ўқув муассасаларида тўгаракларнинг ишлаши ва уларга болаларнинг жалб этилишини назоратга олди.

Илгари ҳуқуқбузарлик қилганлар билан тез-тез учрашиб турарди. Қувондиқ Қурбоновнинг ютуғи маҳалладаги ҳар бир фуқаро билан эринмай гаплашишида эди. Бу жараёнда қонунбузарликка мойилларни огоҳлантирарди, кимдандир маслаҳат олар, юз бераётган дилхиралигу қонунбузарликлардан хабар топарди. Кўрган ва эшитганларини дафтарига қайд қилишни унутмасди. Бу одати жиноятларни ўз вақтида очишда қўл келарди.

Жиноятни очиш учун 3 кун

Қуламадаги хонадонлардан бирида босқинчилик юз берганлиги тўғрисида хабар берилди. Маълум қилинишича, бир неча киши турар жойга бостириб кириб, уй эгасининг оғзига латта тиққан, қўл-оёғини боғлаб, 3-4 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ҳамда 9 миллион сўм пулни ўғирлаб кетишган. Раҳбарият профилактикаинспекторига жиноятни уч кунда очиш топшириғини берди.

Қувондиқ Қурбонов ишни жабрланувчилар ва уларнинг яқинларини суриштиришдан бошлади. Пул борлигидан хабардорларгина мазкур жиноятга қўл уриши мумкинлигини тахмин қилган инспектор хонадон соҳибининг бир неча қишлоқдошидан йирик миқдорда қарздорлигига эътибор қаратди.

Аммо қарз берганлар билан суҳбат натижа бермади, уларнинг воқеа юз берган пайтда бошқа жойда бўлганликларини тасдиқловчи гувоҳлар бор эди. Қолаверса, ҳеч бири жиноятчига ўхшамас, пул учун бир неча кишини босқинчиликка ундаш уларнинг хаёлига ҳам келмаслиги сезилиб турарди.

Қонун ҳимоячиси диққатини яна уй эгаларига йўналтирди. Яъни, қарзни тўлаш учун хонадон эгаси жиноятни ўзи содир этган бўлиши мумкинлигига оид эҳтимол устида ишлай бошлади. Босқинчилар тўғрисида берилган саволларга жабрланувчи турлича жавоб қайтарар, гапидан адашарди. Шунда Қувондиқ Қурбонов ёлғон гувоҳликнингоқибатларини тушунтирди. “Жабрланувчи” қўрқиб кетганидан қилмишини бўйнига олди.

Маълум бўлишича, ишининг тайини йўқ эркак бошқалардан олинган пул эвазига маишатбозликка ружу қўйган, қарзи кўпайиб кетгач, коллежда ўқитувчилик қиладиган турмуш ўртоғи тўплаётган пул ва тақинчоқларга кўз олайтирган. Ўғирлик молларни уйи ертўласига яшириб, ётоқда ўзини ўзи боғлаган. Судда “жабрланувчи” ҳеч қандай босқинчилар бўлмагани, хотини билан жанжаллашмаслик учун шу йўлни тутганлигини баён қилди. Айтганча, инспектор белгиланган муддатда жиноятни фош этишнинг уддасидан чиқди.

Овлоқдаги шоқоллар

Қувондиқ Қурбонов ўзи туғилиб ўсган Равот қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ички ишлар органлари таянч пунктида раҳбарлик қилган йилларда ҳам қатор жиноятларни фош этиб, эътибор қозонди. Чунончи, 1999 йили даштга қўйиб юборилган ёки боғлаб қўйилган 30дан ошиқ йирик шохли чорва моллари бирин-кетин йўқолди. Қанча ҳаракат қилишмасин ўғриларнинг изига тушишнинг иложи топилмади.

Шунда мақоламиз қаҳрамони ҳудудга ёндош Зомин, Ғаллаорол, Зарбдор ва Пахтакор туманларида яшовчи, муқаддам чорва моллари ўғирлаб, судланганларни ўргана бошлади. Мол бозорларига бошқа жойлардан келиб савдо қиладиганлар кузатувга олинди. Мазкур жараёнда Зомин туманининг Пшағор қишлоғида яшовчи фуқаро ҳудуддаги қассоблар билан тез-тез учрашиб, йиқилар даражада улфатчилик қилаётгани маълум бўлди.

Қисқаси, уни Шароф Рашидов туманининг Хайробод маҳалласида истиқомат қилувчи қассобдан 4 та мол учун пул талаб қилиб, жанжаллашаётганида ушладилар. Кайфи тарақ эркак қассобларга топширилган 4 та қорамолни қаердан олганлигини тузук-қуруқ айта олмади. Ўзига келганидан кейин ҳам бу саволларга жавоб топишнинг уддасидан чиқмади, айбини бўйнига олди.

Аён бўлишича, Шароф Рашидов ва Зомин тумани ҳудудида 7 кишидан иборат 2 та жиноий гуруҳ фаолият кўрсатган. Улар далада қолдирилган чорва молларини бошқа туманларга олиб бориб, сотиш билан шуғулланишган. Чорва моллари автоуловга ортилмасдан, қўшни туман чегарасигача овлоқ йўллардан ҳайдаб кетилган. Келишилган жойда ўғриларни “Зил” русумли автомашинада жиноий шериклар кутиб турган.

Жиноятчиларнинг фақат ўз ҳудудларида иш юритиши жиноятларнинг очилишини қийинлаштирган. Гуруҳ аъзолари қўлга олингач, улар томонидан бир-бирига туташ 4 та туманда қатор ўғриликлар содир этилгани аниқланди.

Бўлажак депутат

Қувондиқ Қурбонов меҳнат фаолияти давомида туман ички ишлар бўлими ўринбосари лавозимида ҳам ишлади. Соҳада қарийб 32 йиллик меҳнат стажига эга. Ҳозир пенсияда, истеъфодаги майор, лекин бир соат бўш вақти йўқ. Турмуш ўртоғи, бошланғич синф ўқитувчиси Мавлуда Қурбонова билан бирга 4 нафар ўғлидан ортиб, набиралари тарбияси билан машғул.

Изидан бораётган, Пахтакор тумани, Дўстлик маҳалласининг профилактика инспектори, лейтенант Жасур Қурбоновга қўлидан келганча устозлик қилаяпти. Кенжа ўғли Шоҳруҳ ҳам ички ишлар ходими бўлиш ниятида.

— Қувондиқ билан 15 йиллик ҳамкасб, қадрдон ва ажралмас дўстмиз, — дейди ички ишлар фархрийси, истеъфодаги катта сержант Умар Раҳимқулов. — У тизимда ҳавас қилгудек фаолият кўрсатди. 2007 йилда “Аъло хизматлари учун”, кейинчалик “Ўзбекистон ИИВ фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ишлаб юрган кезлари 20 маротаба рағбатлантирилганидан хабарим бор. 50 дан ортиқ шогирдлари айни вақтда тизимда турли лавозимларда элимиз учун хизмат қилаётир. У ҳеч қачон тиниб-тинчимаган, ҳозир маҳалла фаоли сифатида одамлар корига яраяпти.

Дарҳақиқат, Қувондиқ Қурбонов ўзи яшайдиган Шароф Рашидов тумани, Учтепа даҳасидаги Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинида вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссиясининг раиси.

— Бу комиссияга раҳбарлик қилиш бирга Қувондиқ ака оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш, ободонлаштириш, тўй маросимларини тартибга солиш ҳамда фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида яқин кўмакчимизга айланган, — дейди Шароф Рашидов туманидаги Янгиобод МФЙ раиси Беҳзод Матмусаев. — Оиласи ҳавас қилгудек, ўғиллари ҳамда келинлари олий маълумотли, бири ташкилот раҳбарининг ўринбосари, бошқаси ички ишлар ходими, яна бири муаллим. Қувондиқ ака ноҳақликка чидай олмайди, доим одамлар ташвиши билан яшайди. Мазкур фазилатларини инобатга олиб, бу йил халқ депутатлари Шароф Рашидов тумани кенгаши депутатлигига номзодини кўрсатмоқчимиз. Одамлар унга ишонади, ҳурмат қилади, шу маънода, Қувондиқ аканинг депутат бўлиши тайин.

Таъкидланганидек, Қувондиқ Қурбонов тиним нелигини билмайди. Чунончи, айни кунларда яқинлари билан бирга Учтепа даҳасида барпо этилаётган автомобиль мактаби қурилишида бош-қош. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси фахрийлар кенгашишнинг фаол аъзоси сифатида эса марҳум ички ишлар ходимлари шарафига хотира турнири уюштириш чораларини кўрмоқда.

Режалари қаторида ички ишлар органларидаги фаолиятидан сўзловчи китоб ёзиш ҳам бор. Ундаги шижоат, билим ва тажриба бу ниятларнинг яқин келажакда амалга ошишидан дарак, назаримизда.


Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар