Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » “Ўрда” ҳашар йўли билан обод бўлади

“Ўрда” ҳашар йўли билан обод бўлади

16 август 2019, Пятница
49
0

Айни вақтда Жиззах шаҳридаги “Ўрда” истироҳат боғида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Тез орада бу жой вилоятимиздаги энг кўркам кўнгилочар гўшалардан бирига айланиши билдирилаётир.

35 гектардан ошиқ майдонга эга “Ўрда” истироҳат боғи анча йиллар илгари Жиззах шаҳри аҳолиси дам оладиган сўлим гўшалардан бири эди. Кейинчалик боғ эътибордан четда қолди, дарахтлар қурий бошлади, мавжуд иншоотлар ташландиқ ҳолатга келиб қолди. Натижада ҳудудда ноқонуний бинолар қурила бошланди, бу ердан яйлов ёки чиқиндихона сифатида фойдаланиш ҳолатлари кузатилди.

Шундан сўнг “Ўрда”ни ҳашар йўли билан тиклаш чоралари кўрилди. Аммо мазкур тадбир кутилган самарани бермади. Ниҳоят жорий йилнинг июль ойида ушбу ҳудудни аниқ молиявий манбалар ҳисобидан ҳақиқий маънода кўнгилочар жойга айлантиришга киришилди. Аниқроғи, бу ишга маҳаллий бюджет ҳисобидан 30 миллиард сўм, тадбиркорлар томонидан 40 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилаяпти.

Бу маблағлар эвазига кутубхона, ахборот технологиялари маркази, амфитеатр, спорт иншоотлари, мини футбол майдони, 8 та мусиқий, 5 та оддий фаввора, музқамоқ ва салқин ичимликлар шохобчалари, емакхоналар, соғломлаштириш муассасалари, тантаналар мажмуаси фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек бу ерда болалар учун турли атрракционлар хизмат кўрсата бошлайди.

Яхши маълумки, “Ўрда” 1916 йилда юз берган Жиззах қўзғолонига алоқадор. Шу маънода, бу ерда “Шаҳидлар” монументи юзага келтирилмоқда. Бундан ташқари “Ўрда”га келганлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида фойдаланилган ҳарбий техника ва яроғлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишади. Ҳудудда ҳарбий ватанпарварлик парки юзага келтирилади.

Иншоотларни барпо этишда 24 хилдаги 2 мингдан зиёд кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда. Куз ойларида яна 5 мингта кўчат экиш кўзда тутилган. Айтганча, ҳудудда жамоат хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш чоралари кўрилади. Яъни, видеокузатув камералари ўрнатилиб, ички ишлар ҳамда Миллий гвардия ходимларининг узлуксиз патруллиги ташкил этилади. Худди шундай, бу ерда учинчи сектор штаби раҳбари — Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг фуқаролар билан мулоқот ўтказиши учун зарурий шароитлар яратилади.

“Ўрда” истироҳат боғидаги қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишларини жорий йилнинг октябрь ойида якунлаш режалаштирилган. Шу мақсадда 300 ошиқ ишчи, талабга кўра 10 тадан 20 тагача қурилиш техникалари жалб этилаётир.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар