Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Отрядда шундай йигит бор

04 сентябрь 2019, Среда
78
0

Оғир, босиқ, иродали, олдига қўйган мақсадига эришмагунча тинчимайди. Унга тоққа суянгандек суянса бўлади”. Сардоржон Сатторқуловга ҳамкасблари шундай таъриф беришади. Ёши эндигина 19 ни қоралаган йигитчанинг бундайин эътирофга лойиқ кўрилишининг сабаблари бор...

Сардоржон ўн ёшидан бошлаб бокс тўгарагига қатнай бошлади. Унинг қалбида ушбу спорт турига меҳрни узоқ йиллар кураш билан шуғулланган отаси, коллеж ўқитувчиси Жўрақул Маматқулов уйғотди. Сардоржондаги иштиёқ, интилиш ва чидам ўз натижасини кўп куттирмади. Бир йил ўтар-ўтмас Тошкент вилоятида бўлиб ўтган республика чемпионатида олтин медални қўлга киритди.

Ана шу воқеа сабаб Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Сўлоқли маҳалласида яшовчи Сардоржоннинг ўзига бўлган ишончи ортди. Бирин-кетин вилоят ҳамда республика миқёсидаги мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғоналарига кўтарила бошлади, жойи келганда мағлубиятлар аламини тотди.

Назарида, ютуқлардан кўра ютқизиқлар унга кўпроқ сабоқ бўлди. Яъни, йиқилганда туришни, кучлироқ рақибга дуч келганида билакка эмас, усулларга таянишни, жони оғриганда сездирмасликни ўрганди. Ҳар куни 2,5-3 соат бокс билан шуғулланарди. Шуғулланарди, дейишимиз боиси 14 ёшга тўлганида боксни тарк этди.

Ҳаммаси ўсмирнинг отасига келажакда ким бўлмоқчи эканлигини айтишидан бошланди. Ўғил ички ишлар тизимидаги махсус отрядда хизмат қилиш ниятидалигини маълум қилганида ота озроқ ўйланиб, “Ички ишлар ходимига боксдан кўра қўл жанги зарурроқ, зарба усуллари кўп, оёқ ва қўлдан бирдек фойдаланиш мумкин”, деди. Шу бўлди-ю, спортда йўналишини ўзгартирди.

Табиатан жасур, шуғулланиб чарчамайдиган йигитча қўл жанги мусобақаларида ҳам юқори натижаларга эриша бошлади. Татамига чиққанида бокс усулларидан маҳорат билан фойдаланади. Кўзлардан, қўл-оёқ ҳаракатидан рақиб мақсадини сезиш, оралиқ масофани ушлашни бокс билан шуғулланган кезлари ўзлаштирган. Қисқаси, тез орада қўл жанги сирларини пухта эгаллаган умидли ёш спортчи сифатида тилга тушди.

Ички ишлар тизимида фаолият кўрсатишга астойдил интилган Сардоржон соҳа вакиллари қаторидан жой олишига омил бўладиган фанларни чуқурроқ ўрганишга интилди, югуриш ва турникка тортилиш кундалик машғулотлари рўйхатидан жой олди. Касб-ҳунар коллежини тугатгач, ҳарбий хизматга борди. Бу вақтда медаллари сони 70 дан ошган, шулардан 60 таси республика мусобақаларида қўлга киритилганди.

2018 йилда ҳаётида яна бир қатор унутилмас воқеалар рўй берди. Жумладан, синовлардан муваффақиятли ўтиб, Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядига хизматга қабул қилинди. Шу йили Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси қошидаги сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсида ўқиди. Бундан ташқари, 2018 йили қўл жанги бўйича Россиянинг Тула шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 90 килограмм вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Айтганча, айни шу ғалабаси учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг эсдалик соати билан тақдирланган.

Бугунда кичик сержант Сардоржон Сатторқулов Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядида катта мутахассис, ўқчи-санитар лавозимида фаолият кўрсатмоқда. У 2019 йилда ҳам бир қатор муваффақиятларга эришди. Чунончи, жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида Жиззахда ўтказилган 10- анъанавий кўпкураш мусобақасида фаол иштирок этди. Яна ҳам аниқроғи, мазкур мусобақанинг қўл жанги беллашувларида 90 килограмм вазн тоифасида унга тенг келадиган қатнашчи топилмади, Сардоржон яна бир олтин медални жамғармасига қўшиб қўйди.

— Бокс ҳамда қўл жанги билан шуғулланишим иродамни чиниқтирди, фақат олдинга интилишга ўргатди, — дейди Сардоржон Сатторқулов. —Худди шундай, спорт менинг Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими бўлишга оид орзуимни ушалтирди. Эндиги мақсадим барча сафдошларим қаторида жиноятчилик ва террорчиликнинг халқимиз тинчилигига рахна солишига йўл қўймасликдир. Бу йўлда бор куч ва имкониятларимни ишга соламан. Келаси йил эса Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясига ўқишга кириш ниятим бор. Қолаверса, қўл жанги бўйича жаҳон миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этиб, Юртимиз шуҳратини дунёга ёйиш орзусидаман.

Сардоржон айтган сўзида турадиганлардан, у айни вақтдаҚозоғистоннинг Алмати шаҳрида. Ушбу кентда қўл жанги бўйича 23-24 август куни бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Сардоржонни яхши биладиганлар бу мусобақада ҳам унинг кўксини олтин медаль безашига, йигитча шарафига қозоқ юртида Ўзбекистон мадҳияси янграшига ишонадилар.


Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар