Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Фидойи ходимлар хизмати эътироф этилди

Фидойи ходимлар хизмати эътироф этилди

21 сентябрь 2019, Суббота
20
0

Маълумки, жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳри кўлами жиҳатидан жуда катта анжуман – I Халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилди. Фестивалда дунёнинг 78 давлатидан 500 нафарга яқин моҳир ҳунарманд усталар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.Бундан ташқари, мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган мингдан зиёд ҳунармандлар ўзлари яратган асарларни намойиш этишди. Фестиваль ишини 41 нафар хорижий ва 156 нафар маҳаллий журналистлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бордилар.

Умуман, фестиваль кунларида қарийб 500 минг нафар фуқаролар ушбу анжуман тадбирларини томоша қилиш учун келдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур нуфузли халқаро анжуманни тинч ва осойишта ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилди. Тадбир давомида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда Ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳамкорликда самарали фаолият олиб бордилар. Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар жойлашган меҳмонхоналарда, шунингдек, фестиваль доирасидаги тадбирлар ҳамда кўргазмалар ўтказиладиган павильонларда кундузги ва тунги навбатчиликлар йўлга қўйилди.Тадбирнинг асосий қисми ўтадиган Ўрда хиёбони ва унинг атрофида қўшимча назорат пунктлари ҳамда мобиль постлар ташкил этилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар шаҳарга ташриф буюрган сайёҳларга хотиржамлик бахш этиб, юртдошларимиз ва фестиваль меҳмонларининг эмин-эркин саёҳат қилишларига имкон яратди.

Куни кеча I Халқаро ҳунармандчилик фестивалини тинч-осуда ўтказишдаги хизматлари учун бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда тадбир ташкилотчиларини рағбатлантиришга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда ушбу халқаро анжуманни юксак савияда ўтказишда вазифасига масъулият билан ёндашиб, фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимлар ва ҳарбий хизматчилар Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг турли идоравий кўкрак нишонлари, Фахрий ёрлиқлар, эсдалик қўл соатлари ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилдилар. Бир қатор ходимларга навбатидан олдин ва унвон поғонасидан бир поғона юқори махсус унвонлар рағбатлантириш тарзида берилди.

– Аввало, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини яна бир бор намойиш этган нуфузли халқаро анжуманни ташкил этганликлари учун Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз. Ушбу фестивалнинг Қўқон шаҳрида ташкил этилиши бизга ўзгача ғурур-ифтихор бағишлаб, одамларнинг кундалик ҳаётида ҳам ўз аксини топди, – дейди катта сержант Камолахон Пўлатова. - Фестивал давомида меҳмонларнинг хавфсиз саёҳат қилиши учун барча чора-тадбирлар амалга оширилди, биз юртдошларимиз ва меҳмонларнинг аъло кайфиятда ҳордиқ чиқаришларини таъминлашда озми-кўпми ҳиссамиз қўшилганидан хурсандмиз. Бугун Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти камтарона меҳнатимни муносиб қадрлаб, Фахрий ёрлиқ билан тақдирлади, бу мукофот менга янада куч-ғайрат бағишлайди.

– Албатта, ходимларнинг жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида масъулият ҳамда фидойилик билан олиб борган хизматлари беэътибор қолмайди, - дейди II даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони соҳиби, Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Илхомжон Сотволдиев. Асрий анъаналаримиз ва миллий ҳунармандчилигимиз намуналарининг намойиши юртдошларимизнинг кўтаринки кафиятига сабаб бўлиб, ҳар бир инсонни юрт фаровонлиги ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини янада юксалтириш йўлида садоқат билан хизмат қилишга ундади.Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Тошматов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу халқаро анжуман бутун жаҳонга диёримизнинг тарихи ва маданиятини яна бир бор намойиш этганлигини алоҳида таъкидлаб, мазкур тадбирда фаол иштирок этиб, виждонан меҳнат қилган ҳар бир ходимга миннатдорчилик билдирдилар.

Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирда Фарғоналик санъат усталарининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.

Абдувосит СИДИҚОВ,
Фарғона вилояти.


скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар