Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Кадрлар салоҳиятининг юксаклиги, миллат тақдирининг мустаҳкам пойдевори

Кадрлар салоҳиятининг юксаклиги, миллат тақдирининг мустаҳкам пойдевори

27 сентябрь 2019, Пятница
28
0

Коинотда муаллақ турган ер сайёрасида истиқомат қилаётган миллат ва элат вакиллари касбу-кори, дунёқараши ва динидан қатъий назар аҳил, дўстона руҳда яшаб келмоқда. Аммо ана шундай дўстлик ва бирдамликни, тинчлик ва хотиржамликни турли қўпорувчилик ҳаракатлари орқали бузмоқчи бўлаётган шахсларнинг борлиги дилни хира қилади. Улар ўз ёвуз мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслиги, жаҳон ҳамжамияти томонидан қаттиқ қораланади. Шунинг учун ҳам бу каби бузғунчиларга қарши курашиш бўйича халқаро миқёсда тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу қаторда, юртимизда террористик гуруҳ аъзолари ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини олиб боришига ҳамда улар томонидан қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилишига йўл қўймасликка, наркотик моддаларни чегара постлари орқали мамлакатимизга олиб ўтилишига қарши курашиш соҳасига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Натижада эса республикамизнинг барча ҳудудларида осойишталик, халқимиз қалбида хотиржамлик ҳукм сурмоқда.Албатта, бунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг ўрни беқиёс. Чунки тизимда билимли ва касбий малакаси юқори ходимлар фаолият олиб боради. Шундай бўлсада уларни мунтазам равишда малакаларини ошириш устида иш олиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси таркибида ташкил этилган Махсус тайёргарлик ўқув марказида бир қатор соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш юзасидан ўқув-машғулотлари ўтказилмоқда. Марказ ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган бўлсада, шу кунга қадар жами 1130 нафар ички ишлар органларининг Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари, Портлаш хавфи бўлган предметларни зарарсизлантириш бўйича Махсус отрядлар ва Кинология бўлинмалари ходимлари таълим даргоҳи мутахассислари томонидан ўқитиб келинаётгани, сўзимиз исботидир.

Ўз ўрнида марказ фаолиятига тўхталиб ўтадиган бўлсак, машғулотлар назарий ва амалий тарзда замонавий педагогик технологиялар, интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Марказдаги тажрибали катта инструктор-ўқитувчилар томонидан сапёрлик йўналишида, портлаш хавфи бўлган предметларни, биринчи ўринда қўлбола портлатиш қурилмаларини аниқлаш ва зарарсизлантириш борасида амалий кўникмаларни ўзлаштириш ва ходимларнинг бу борадаги малакасини ошириш юзасидан ўқув жараёнлари ўтказилади.

Шу билан бирга, кинолог ходимларнинг малакасини ошириш, уларга замонавий иш методларини ўргатиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилиб, кинолог ходимлар ҳам марказдаги ўқув жараёнларида фаол қатнашмоқда. Албатта , марказда улар назарий дарслардан кўра кўпроқ амалий машғулотларга жалб қилинмоқда. Бу орқали эса улар хизмат итлари билан бирга ҳаракатланиш борасидаги янги иш услубларини ўзлаштирмоқда. Ўз навбатида марказда ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ходимларга махсус сертификатлар бериб келинмоқда.

Бугун ҳам Махсус тайёргарлик ўқув марказида навбатдаги ўқув машғулотларини тамомлаган 56 нафар Портлаш хавфи бўлган предметларни зарарсизлантириш бўйича Махсус отрядларнинг бош ва катта мутахассислари ҳамда Кинология бўлинмалари ходимларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Азиз Тошпўлатов, вазир маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматов ва бир қатор соҳа раҳбарлари иштирок этди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда полковник А.Тошпўлатов ва генерал-полковник З.Алматовлар сўзга чиқиб, республикамиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан то бугунга қадар тинчликни сақлаш ва турли қўпорувчилик ҳаракатларининг олдини олишда кинолог ҳамда портловчи предметларни зарарсизлантирувчи сапёр ходимларнинг хизмати юксак эканлигини эътироф этдилар ва махсус сертификатлар ўз эгаларига топширилди.Шундан сўнг, Махсус тайёргарлик ўқув маркази ҳовлисида турли портловчи предметлар, уларни зарарсизлантиришда фойдаланиладиган зарур техникалар, роботлар, қурол-аслаҳалар ҳамда жанговар вазиятларда фойдаланиладиган махсус автомашинларнинг кўргазмаси бўлиб ўтди.

Марказнинг ўқув майдонида эса жанговар машғулотлар ҳам намойиш этилиб, Махсус отряд ходимлари ва кинолог мутахассисларнинг жанговар шайлиги текширилди. Жумладан, қуролланган шахсларни зарарсизлантириш, гаровга олинган шахсларни қутқариш, хизмат итлари ёрдамида жиноятчиларни қўлга олиш, ўзлаштирилган махсус-тактик усуллар, замонавий қуроллардан мураккаб шароит ва вазиятларда фойдалана олиш каби маҳоратлар намоён этилди. Моҳирона кўрсатиб берилган жанговар ҳаракатлар ходимларнинг барча ҳолатларга шайлигини кўрсатди.

Тадбир барчага ўзгача кайфият улашиб, ташриф буюрган меҳмонлар Ватанимиз ишончли қўлларда эканлигига яна бир карра амин бўлди. Марказ ходимлари эса бу каби ишонч ва эътибордан руҳланган ҳолда ўз фаолиятини янада шакллантиришга интилишини, замон билан ҳамнафас бўлишини билдириб, барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.


Мирзо Улуғбек Мадалимов,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар

бошқармаси ходими


скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар