Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Тинчлик ва тараққиёт посбонлари ҳамиша халқимиз эъзозида!

Тинчлик ва тараққиёт посбонлари ҳамиша халқимиз эъзозида!

25 октябрь 2019, Пятница
603
0

Мамлакатимизда мисли кўрилмаган ислоҳотлар, янгиланишлар ва улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу эврилишлар юртдошларимизнинг сидқидилдан қилаётган меҳнатлари, келажакка бўлган ишончлари ҳамда заминимизда ҳукмрон тинчлик ва осойишталик самарасидир.

Халқимиз тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечириб, демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишдек эзгу мақсадни рўёбга чиқаришга интилмоқда. Ана шу улуғвор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда ички ишлар органлари ходимларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор.

2006 йилнинг 6 декабрида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Мазкур ҳужжат эл­юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ҳамкасбларимиз қалбини юксак ғурур ва ифтихорга тўлдирди.

Шу маънода ҳар ким ҳам қонун ҳимоячиси бўлишдек масъулиятни зиммасига олавермайди. Дарҳақиқат, жиноятни очиш, ҳар қандай қинғирликдан тап тортмайдиган қонунбузарга юзма-юз бўлиш осон юмушлар сирасига кирмайди. Айтиш жоизки, ички ишлар органларидаги ҳар бир бўлимнинг ўз фаолият йўналиши бор, аммо мақсад ягона — жиноятчиликнинг жамиятга таҳдидини баратараф этиш.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Одамлар ички ишлар органларининг ҳар бир ходимида ўзининг ҳимоячисини кўриши керак”, деган фикри кўпроқ профилактика инспекторларига қаратилган, назаримизда. Чунки профилактика инспектори ҳамиша халқ орасида: жиноятларнинг олдини олади, кимдир ҳуқуқбузарлик содир этгудек бўлса, айбдорни қидиради, топади.

Қолаверса, профилактика инспекторининг вазифалари доираси ҳам кенгайган, иш тарзи, фаолиятининг мазмуни ўзгарди. Яна ҳам аниқроғи, жиноятни фош этиш эмас, балки, жиноятга йўл қўймаслик унинг бош вазифасига айланди.

Бу мақсадда профилактика инспекторларининг барчаси хизмат уйлари, имтиёзли кредит асосидаавтомашиналар билан таъминланди. Шу йилнинг май ойидан уларга кўмакчи сифатида жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилар штатлари жорий қилинди. Худди шундай, ҳар бир шаҳар туман ички ишлар бўлимларида хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспекторлари фаолият кўрсата бошлади.

Профилактика инспекторининг куну тун ўз хизмат ҳудудида бўлиши фуқароларнинг ҳар қандай вақтда ички ишлар органи ходимига мурожаат қилиш, унинг кўмагига таяниш имкониятларини кенгайтирди. Соҳа вакиллари аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, фуқароларни ишга жойлаштириш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш каби йўллар билан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда.

“Хавфсиз ҳудуд” лойиҳаси доирасида жойларда жамоатчилик назорати масканларининг юзага келтирилгани, видеокузатув қурилмаларининг ўрнатилаётгани, жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолияти учун ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари ҳамда профилактика инспекторларининг рағбатлантирилиши, жамоатчилик билан ҳамкорликнинг кучайтирилгани ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш натижадорлигини таъминламоқда. Ходимларни ўқитиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

Чунончи, бу йил 42 нафар профилактика инспектори Тошкент давлат юридик университети томонидан вилоятимизда ташкил қилинган бир марталик сайёр ўқув орқали юридик маълумот олиш имконига эга бўлди. Вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси янги-янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ҳам фаоллик кўрсатмоқда.

Ички ишлар тизимида шундай гап бор: “Жиноят қидирув бўлими ички ишлар органларининг юрагидир”. Дарҳақиқат, тизимдаги энг мураккаб вазифа уларнинг зиммасида. Умуман олганда, жиноят қидирув бошқармаси ходимларининг асосий эътибори ўғрилик, товламачилик, одам савдоси ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни фош этишдир. Бедарак йўқолганлар суд ва терговдан яшириниб юрганларни топиш ҳам айни шу соҳа вакиллари томонидан амалга оширилади. Жиноят қидирув бўлими ходими ўткир ақл, сезгирлик, жасорат, кучли руҳий ва жисмоний салоҳият, таҳлил қилиш ва киришимлилик қобилиятларига эга бўлсагина муайян натижаларга эриша олади.

Дарҳақиқат, воқеа жойига ёхуд тезкор тадбирга чиқаётган ходим ўзини нима кутаётганлигини аниқ билмайди, тахмин қилиши мумкин, холос. Қолдирилган излар ва суриштирув асосида қонунбузарни топиш керак. Айни шу сабаб жиноят қидирув тизимида тасодифий одамларни кўрмайсиз.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлимлари ходимлари томонидан 460 та жиноят фош этилди. Чунончи, 10 таси қотиллик, 110 таси талон-тарож қилиш, 59 таси бангихона сақлаш, гиёҳванд моддаларни ўтказиш, 71 таси фирибгарлик, 195 таси иқтисодий жиноятлардир. Бу даврда 73 нафар қидирувдаги шахс ушланган.

Ички ишлар органларининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядларига энг мушкул масалаларга ечим топиш топширилади. Яъни, энг ашаддий жиноятчиларни қўлга олиш, террористик хавф ҳамда оммавий тартибсизликларни бартараф қилиш, гаровдагиларни озод қилиш... Қисқаси, энг, энг, деган жойида сафарбар отрядга мурожаат этилади.

Ички ишлар органларининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди сафида бўлиш қанчалик нуфузли бўлса, шунчалик машаққатли. Шу маънода, хизматга ўз соҳасининг усталари ишга олинади. Уларнинг аксарияти қўл жанги, каратэ, таэквандо, бокс, кураш жанговор спорт турларини пухта эгаллаган.

Фавқулодда иш кўрадиган отряд аъзоларининг доимий шайлигини таъминлаш мақсадида ҳар куни 6 соат давомида спорт ва тактик машғулотлар уюштирилади. Бундан ташқари соҳа вакилларининг вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақаларида фаол иштироки таъминланаётир. Эришилаётган натижалар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди мамлакатимиздаги энг кучли жамоалардан бири, дейишимизга асос бўла олади.

Чунончи, жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Жиззах вилояти, Фориш туманида жойлашган ҳарбий дала полигонида ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида 10-анъанавий кўпкураш мусобақаси бўлиб ўтди. Бу мусобақада сафарбар отрядлари ходимлари оғир табиий шароитда кўп қаватли бинони ишғол қилиш, тўппонча ва мерган милтиғида турли масофалардаги нишонларни уриш, гаровдагиларни озод қилиш, тўла қуролланган ҳолда узоқ масофани босиб ўтиш, кўпкураш, қоядан қояга арқонда осилиб ўтиш каби шартлар бўйича ўзаро куч синашдилар.

Бу мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди қўлга киритди.

Табиийки, ютуқларга отряд ходимларининг энг замонавий қурол-яроғ, техниклар билан таъминланганлиги, жанговар спорт турлари ва тактик машғулотлар ўталиши учун энг қулай шароитлар яратилгани омил бўлмоқда.

Кадрлар бошқармаси соҳанинг фаолият сифатини белгиловчи хизматларидан бири саналади. Боиси ички ишлар органларига қабул қилинадиган ҳар бир ходим мазкур тизим орқали ишга олинади. Худди шундай бошқарма Ички ишлар вазирлиги тизимидаги олий ўқув юртларига кирувчиларни саралаш вазифасини бажаради.

Шу йилнинг июнь ойида республика Ички ишлар вазирлиги Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасига “Газель 32212” русумли махсус тергов автоулови ажратди. Автотранспорт лазерли ўлчаш воситаси, онлайн кузатув камераси, интернетга уланувчи Wi-Fi ускунаси, алоқа радиостанцияси, электр кучайтиргич каби 30 дан ортиқ энг зарур анжом ва қурилмаларга эга. Айтишимиз мумкинки, тергов тезкор гуруҳи ҳар қандай жой ва вазиятда вазифасини мукаммал бажариши учун барча шароитлар бор.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жами 1006 та тергов ҳаракатлари амалга оширилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 336 тага қисқарган. Камайишга ички ишлар органлари томонидан олиб борилаётган профилактик тадбирлар сабаб, десак адашмаймиз. Яна ҳам аниқроғи, вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 2018 йилнинг 9 ойига нисбатан жиноятларни 25 фоизга озайтиришга эришилган. Шунингдек, терговлар жараёнида давлат ва фуқароларга етказилган 5 миллиард 653 миллион сўмдан ошиқ зарар ундирилиши таъминланди.

Республикамиз Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ички ишлар органлари тизимида пробация хизматлари фаолияти йўлга қўйилди. Бу хизмат жазони ўташ муассасаларидан қайтган фуқароларни ҳаётга мослаштириш, уларнинг жиноятга қайта қўл урмаслик чораларини кўради. Яъни, пробация бўлимлари адашганлар учун ўнгланиш имкониятини беради.

Пробация хизматининг негизини профилактик тадбирлар ташкил этади. Фуқаро жазони ижро этиш муассасасидан қайтиши билан фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида йиғилиш уюштирилади. Унга 3 нафар мураббий бириктирилади. Сўнгра уларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Чунончи, бугунда вилоятдаги 2710 нафар назорат остидагиларнинг 1116 нафари иш билан таъминланган, 223 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. 166 нафарини касбга ўқитилган. Бу натижага ҳудуддаги давлат ва нодавлат ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик натижасида эришилаяпти.

Шунингдек, жазони ўтаётганларнинг яшаш ва иш жойида ўзини тутиши кузатиб борилади. Назорат остидагилар тузалиш йўлига ўтганлиги, жиноятга мойиллиги, жиноят содир этиш хавфи юқори бўлганлиги ва ичкиликка ружу қўйганлиги нуқтаи назаридан тоифаларига ажратилган. Яъни, ҳар бир тоифа ва ҳар бир шахсга алоҳида ёндашиш чоралари кўрилаётир. Чунончи, жазони ўташ қоидаларига қатъий амал қилаётган фуқаролар муддатидан илгари пробация хизмати тақдимномаси асосида шартли равишда озодликка чиқарилаётир.

Жиноятчи ва ҳуқуқбузарлар билан юзма-юз ишлайдиган пробация хизмати ходими ўзига хос маҳорат ва тажриба эга бўлиши керак. Шу маънода, вилоятда тизимга малакали профилактика инспекторлари ва психолог мутахассислар жалб қилинди.

Ички ишлар органларидаги бошқа хизматларнинг аҳамиятини камайтирмаган ҳолда айтиш мумкинки, эксперт-криминалистиканинг асосини аниқлик ва илмийлик ташкил этади. Шу боис, соҳада энг билимлилар муваффақият қозонади.

Айтишимиз мумкинки, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси эксперт-криминалистика бўлимининг техник имкониятлари босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларидаги эксперт-криминалистика гуруҳлари ходимларининг бармоқ изларини қиёсловчи “SONDA” дастуридан кенг фойдаланишига эришилди. Соҳа вакиллари вилоятда жиноятчиликнинг пайини қирқиш, адолат тамойиллари асосида жазо муқаррарлигини таъминлаш ишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг патруль-пост хизмати батальонининг кўча ва жамоат жойларида жиноятларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда оммавий тадбирларда тартибни сақлашдан иборат. Ушбу хизмат ходимлари муайян вақт давомида қатъий белгиланган йўналишда ҳаракатланиб, ўз ҳудудларида профилактик тадбирларни амалга оширадилар. Мазкур жараёнда корхона, ташкилот ва муассасалар, овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, шунингдек, бўш турган иншоотлар ҳамда бозор ва истироҳат боғлари каби аҳоли тўпланадиган жойлар кўздан кечирилади.

Вазиятга кўра, профилактика инспекторлари, жиноят қидирув бўлими сингари соҳавий хизматлар вакиллари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш тадбирларида фаол қатнашадилар. Президентимизнинг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида Жиззах шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” концепциясини амалга ошириш режаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, ушбу қарор асосида вилоят марказида 3 босқичли патруль-пост хизмати йўлга қўйилди. Яъни, ходимларнинг биринчи навбати 8.00 дан 16.00 га қадар хизмат вазифаларини бажаришади. Кейинги навбат 16.00 дан 24.00 гача, учинчиси 24.00 дан 8.00 гача давом этади.

Айтиш жоизки, мазкур бошқарма вилоятимизнинг барча ҳудудларида уюштирилаётган оммавий тадбирларга масъулдир. Яъни, ҳар бир тадбир бошланмасдан илгари ҳудуд синчиклаб текширилади, токи омма ҳаёти ва соғлигига ҳеч бир хавф таҳдид қилмасин. Тадбир аввалида хавфли буюм ва воситаларнинг олиб кирилмаслиги, тартибсизликлар содир бўлишининг олдини олиш чоралари кўрилади. Қисқаси, улар байраму тантаналарда ҳар қачонгидан кўпроқ тер тўкишади. Бу йўналишда соҳа вакиллари миллий гвардия ҳарбий хизматчилари билан яқиндан ҳамкорлик қиладилар.

Вилоят патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси таркибида кинология хизмати мавжуд бўлиб, хизмат итлари вилоят ички ишлар бошқармасининг “Динамо” спорт мажумаси ҳудудидаги питомникда сақланади. Бу ерда жониворлар жиноятчилар изидан тушиш, ўқ-дори, портловчи моддалар ва гиёҳванд моддаларни топиш ҳамда қонунбузарларни тутишга ўргатилади.

Питомникда хизмат итлари зотларини яхшилашга устувор вазифалардан бири сифатида ёндашилмоқда. Шунга яраша жониворларни сақлаш ва шуғуллантириш шароитлари мукаммалаштирилаяпти. Умуман олганда, вилоят патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари саъй-ҳаракати билан вилоятимизда бир қатор жиноятлар “иссиқ изида” фош этилди. Соҳа вакиллари иш жараёнида зарур бўладиган техника, асбоб ва анжомлар билан таъминланганлиги фаолият самарадорлигини оширмоқда.

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳодисаларининг олдини олиш йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари зиммасидаги энг асосий вазифалардир. Шу маънода, соҳа вакиллари куну тун йўлларни назорат қиладилар. Нохуш ҳодисалар қайта-қайта рўй бераётган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилади. Бундай жойларда назорат кучайтирилади, зарурий белгилар ўрнатилади, йўллар созлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Сўнги йилларда соҳа вакилларига видеокузатув ускуналари ёрдамга келмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тарғибот масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу тадбир кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишда энг самарали воситадир. Шу маънода, ўқув муассасаларида ёшларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига доир билимларини ошириш, бу йўналишдаги маданиятини юксалтириш чоралари кўрилаётир.

Бундан ташқари серқатнов йўллар ёқасида жойлашган ўқув муассасалари қаршисида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг навбатчилиги ташкил этилаяпти. Автокорхоналар ҳайдовчиларининг ҳушёрлигини ошириш масаласи соҳа вакилларининг доимий диққат эътиборида.

Мазкур мақсадда “Жума — йўл ҳаракати хавфсизлиги куни”, “Диққат, болалар!”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлиги” каби тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Автотранспорт воситаларининг техник созлигини таъминлаш ишлари изчиллик билан амалга оширилаётир.

Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бўлими ходимлари жойларда видеокузатув ускуналари ўрнатиш, ички ишлар бўлимларида ситуацион марказларни юзага келтириш ишларида ҳам бош-қош бўлмоқдалар. Соҳа вакиллари ташаббуси билан вилоят марказидаги бир қатор кузатув камераларидаги тасвирлар оптик толали тармоқлар билан эмас, WI-FI, яъни, радиотўлқинлар орқали ситиацион марказларга узатилаётир.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, радиоантеннали видеокузатув қурилмаларидан мамлакатимизда биринчи бўлиб Жиззахда фойдаланилди. Соҳа вакиллари видеокузатув ускуналарини кенг жорий этиш орқали “Хавфсиз шаҳар” концепциясини ҳаётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Вилоят ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлимида соҳа вакиллари, фахрий ходимлар ва уларнинг оилаларига тиббий хизмат кўрсатиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Айни мақсадда жорий йилнинг июль ойида 40 ўринли госпиталь фаолияти йўлга қўйилди. Госпиталь терапия ва неврология бўлимларига эга. Мазкур йўналишлар хусусиятидан келиб чиқиб, шифохона ЭФГДС, ЭКГ, лаборатория микроскоплари ҳамда бир қатор турлардаги физиотерапия асбоб-ускуналари билан таъминланган. Бўлим ихтиёрида 2 та тиббий машина бор.

Шунингдек, режа асосида республика Ички ишлар вазирлиги марказий госпитали мутахассислари муолажа олаётган ходимларга ташхис қўйиш ва даволашга жалб этилади. Пойтахтдан мутахассисларнинг келиши тиббиёт бўлими шифокорларининг тажриба ва малакаларини ошириш учун хизмат қилаётир.

Шунингдек, Тошкент давлат врачлар малакасини ошириш институтида бўлим шифокорлари бир ойдан уч ойгача билим ва кўникмаларини ошириб қайтмоқдалар. Шифокорлар вилоятлараро ўтказиладиган анжуманларда ҳам фаол қатнашишаяпти. Буларнинг барчаси иш жараёнида замонавий усул ва технологияларни қўллаш, касалликлар профилактикасини кучайтириш имконини бермоқда.

Ички ишлар ходимлари нафақат жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, балки, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш борасида фидойилик намуналарини кўрсатмоқдалар. Демоқчи бўлганимиз, соҳа вакиллари бу йил Арнасой туманида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини амалга оширишда фаол қатнашдилар. Яна ҳам аниқроғи, лойиҳа республика Ички ишлар вазирлиги масъуллигида ҳаётга татбиқ қилинди.

Туман марказидаги “Ғолиблар” шаҳарчаси ҳамда Бобур, Ғафур Ғулом, “Олтин водий” маҳаллаларидаги 41 та кўп қаватли уйнинг томи, эшик ва деразалари, ичимлик суви, табиий газ ва оқова тармоқлари янгиланди. Яшаш жойлари қаршисида болалар ва спорт майдончалари юзага келтирилди. Бундан ташқари 1704 та якка тартибдаги турар жойлар замонавий деворлар билан ўралиб, уйғун рангларда бўёқдан чиқарилди.

Туман маданият маркази, туман деҳқон бозори, атошоҳбекат каби 40 дан зиёд бино ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари таъмирланди, 24 та ташкилот ва корхона учун янги бино қурилди. 38 та савдо, маиший хизмат ва ишлаб чиқариш шохобчалари ишга туширилди. Шунингдек, 3 та йирик саноат корхонаси фаолияти йўлга қўйилди.

5 километру 200 метр йўл таъмирланди, 18 километр ичимлик суви қувурлари тортилди. 1,5 километр оқова сув учун лотоклар ўрнатилди. 11 гектар майдон ободонлаштирилиб, 24 минг дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бу ишларнинг барчасида қайсидир даражада ички ишлар ходимларининг ҳиссаси бор.

Соҳа вакиллари қурилиш ва таъмирлашларни ташкил этиш, қилинган ишлар сифатини назорат қилиш, молиялаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бирга ҳашарларда мунтазам иштирок этдилар. Бундан ташқари,Ички ишлар вазирлиги маблағлари ҳисобидан ахборот кутубхона маркази қуриб битказилди. Туман ички ишлар бўлимининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими жамоаси янги бинога эга бўлди. 2 та мактабгача таълим ташкилоти ҳам соҳа ҳомийлигида ялпи таъмирдан чиқарилди.

Секторлар кесимидаги ишларга тўхталадиган бўлсак, ички ишлар ходимлари томонидан Ғаллаорол туманидаги Солин қишлоғида 3 та кўприк қурилди. Чунончи, шу йилнинг июль ойида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси масъуллари иштирокида вилоятнинг энг чекка Янгиобод туманида сайёр қабул ўтказилганда Қўриқ қишлоғи аҳолиси ичимлик суви таъминотида камчиликлари мавжудлигини билдирдилар.

Ушбу мурожаат асосида вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббусива ҳомийлигида қишлоқда 150 метрлик артезиан қудуғи ковланиб, сув тортиш насослари ўрнатилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, қудуқ ковланишига 200 миллион сўм, қувурлар учун 150 миллион сўм сарфланди. Шунингдек, ички ишлар бошқармаси зарурий техникаларнинг ажратилишини таъминлади. Бундан ташқари Пахтакор туманида 3 та оилага турар жой қуриб берилди. Эзгуликлар ифодаланган бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Шундай экан касб байрамлари муносабати билан барча ички ишлар идораларининг фахрийларини, офицер, сержант ва сафдорларини, уларнинг оила аъзоларини самимий табриклайман!

Азизлар, халқ осойишталигини таъминлаш йўлида ҳеч қачон толманг! Зеро тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади. Осойишта гўшада бола кулгуси янграйди, ота-она қалби фарзанд камолидан қувончга тўлади. Сиз элга шундайин саодат бахш этмоқдасиз. Байрамингиз қутлуғ бўлсин!


Ғайрат ҚОДИРОВ,

вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи,генерал-майор.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар