Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Жиззахда “Олтин куз – 2019” агротуристик фестивали бўлиб ўтмоқда (Фото)

Жиззахда “Олтин куз – 2019” агротуристик фестивали бўлиб ўтмоқда (Фото)

07 ноябрь 2019, Четверг
46
0
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида етиштирилган сарҳил мевалар, улардаги туристик имкониятларини тарғиб қилиш мақсадида “Олтин куз-2019” агрофестивали бўлиб ўтмоқда. ФестивалдаТошкент шаҳри, вилоятлар ва қўшни республикалардан жами 16 давлатдан туроператорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этаётир.
Фестивалнинг дастлабки куни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов таваллудининг 102 йиллиги муносабати билан фестивал иштирокчилари атоқли давлат арбобининг ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, зиёрат қилишди. Шароф Рашидов, Олимжон ва Зулфия музейларида бўлди, шундан сўнг Жиззах шаҳри билан танишишни бошлади.
Фестивалнинг дастлабки куни иштирокчилар Жиззах шаҳрининг марказий кўчаси бўйлаб туя карвони ҳамроҳлигида, савдогарлар, ҳунармандлар, деҳқонлар, сайёҳлар кўринишидаги “Буюк ипак йўли карвони Жиззах бўйлаб” юришида қатнашишди. Унда шаҳарнинг ёшлари, фуқаролари, меҳмонлар ҳам иштирок этишди.
Мазкур карвон яқинда Жиззах шаҳрида қайта реконструкция қилиниб аҳоли ихтиёрига берилган ўрда экологик боғигача давом этди. Боғда вилоятнинг барча туман ва қишлоқларидан ташриф буюрган бободеҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотларининг ярмаркаси ташкил этишди. Ярмаркада вилоятнинг ўзига хос ва мос етиштириладиган маҳсулотларининг сирлари, уларни кўпайтириш усуллари иштирокчиларга атрофлича тушунтириб берилди.
Боғда ташкил этилган кўргазмалар ва панолар ҳам вилоятнинг туристик имкониятлари, маҳсулотларни етиштириш усулларини кўрсатиб турди.
Шунингдек боғда янги ташкил этилган амфитеатрда вилоят бадиий жамоалари, фольклор - этнографик ансамблларининг концерт дастурлари, халқ оғзаки ижоди намуналари, удум ва анъаналарининг саҳналаштирилган кўринишлари намойиш этилди ва бу иштирокчилар ва хорижий меҳмонларга хуш кайфият улашди.
-Бугунги кунда вилоятда ҳунармандлар, устахоналар, кўнгилочар ва тематик парклари бўлган 6 та туристик намойиш объектлари, тарихий ва диний йўналишдаги 42 та зиёрат туризми объектлари, 2 та йирик тадбирлар ўтказиш имконига эга объектлар мавжуд, - дейди Жиззах вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Лола Санаева. 
– Шунингдек, вилоятда экологик, гастрономик, маданий-маърифий, археологик, спорт - соғломлаштириш, саноат, агротуризм соҳаларида ҳам ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунинг натижасида эса ҳам маҳаллий ҳам хорижлик туристларнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, вилоятда бугунги кунда 78 та меҳмонларни жойлаштириш воситалари мавжуд бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида 1540 нафар меҳмон ва сайёҳларга хизмат кўрсата олади. Уларнинг 31 таси 1064 ўринга мўлжалланган меҳмонхоналар, 45 таси 391 киўига хизмат кўрсатадиган меҳмон уйлари, 5 та сиҳатгоҳ, 85 ўринли иккита кемпаинг ва ўтовлардан иборат.
Вилоятда 5 та туроператорлар фаолият кўрсатади. 995 нафар ҳунармандлар ва 18 фольклор ансамбллар мавжуд. Ўтган йили вилоятга 5800 нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида уларнинг сони 9600 нафарни ташкил этди.
Давлат раҳбаримиз жорий йилнинг 30-31 январ кунлари Жиззах вилоятига ташрифи жараёнида вилоятда туристик зоналарни ташкил этиш топшириғини берган эдилар. Шунга кўра Ғаллаорол туманидаги Хонимқўрғон археологик ёдгорлиги ёнида “Трансахиана” масъулияти чекланган жамият томонидан қиймати 10,4 миллиард сўм бўлган туристик зона ташкил этилди. Шу туманнинг Бахмалсой ҚФЙ да “Sohibqiron darvozasi” МЧЖ томонидан 1,0 миллиард сўмлик туристик инфратузилма объектларини қуриш ишлари давом этмоқда.
Фестивалнинг иккинчи куни иштирокчилар Бахмалда олма ҳашари сайли, улоқ-кўпкари мусобақалари, Зомин миллий табиат боғи, Шароф Рашидов туманида фермерлар иш тажрибаси, Жиззах пазандалик анъаналари билан танишадилар.
“Олтин куз-2019” республика агротуристик фестивали доирасида вилоятнинг спортчилар, моҳир ошпазлар, олма боғбончилиги билан шуғулланувчи тадбиркорлар, фермерлар, миришкорлар, ҳунармандлар ва иқтидорли ёшлар иштирокида бир қатор кўрик-танловлар, кўргазмали чиқишлар, миллий либослар ва миллий таомлар кўргазмаси, олма ва олма маҳсулотлари ярмаркаси, фольклор жамоалари, ашула ва рақс ансамблларининг чиқишлари ташкил этилади.
скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар