Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » 3 та кўприк, артезиан қудуқ, уйлар барпо этиш, тунги машаққат, Чилонзордаги штаб...   3-секторда қандай ишлар қилинмоқда?     

3 та кўприк, артезиан қудуқ, уйлар барпо этиш, тунги машаққат, Чилонзордаги штаб...   3-секторда қандай ишлар қилинмоқда?     

05 декабрь 2019, Четверг
51
0

 Республикамиз Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар органлари, солиқ идоралари масъуллари томонидан жойларда аҳоли муаммоларини бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Чунончи, жорий йилнинг август ойида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зафаробод туманининг Нурафшон шаҳарча фуқаролар йиғинида ўтказган сайёр қабули давомида электр ва табиий газ таъминотини яхшилаш, 5 та кўп қаватли уй томини янгилаш, оқова сув тармоғи тортиш, ички йўлларни таъмирлаш масалалари кўтарилган эди. Мазкур муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли идораларга мурожаат қилиниб, ишларнинг бажарилиши назоратга олинди.

Натижада шаҳарчадаги 458 та хонадон табиий газ тармоғига уланди. Шунингдек, 60 метр масофага лоток ўрнатилиб, сув ўтказгич қурилди. Бу тадбир самараси ўлароқ томорқалар учун оқар сув муаммоси ҳал бўлди. 5 та кўп қаватли уйнинг томи янгиланган. 3 километр йўлга шағал ётқизилиб, 38 та симёғоч ўрнатилган. Шунингдек, 500 метрлик ичимлик суви тармоғи тортилди. Булар ҳаммаси 3- сектор раҳбарининг нурафшонликлар билан қайта учрашуви давомида ўз эътирофини топди.

Зафаробод туманининг Писталикент шаҳарча фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабул давомида эса йўллар таъмири ҳамда ичимлик суви таъминотини яхшилаш юзасидан мурожаат қилинган эди. Бу борада тегишли идоралар билан қилинган ҳамкорлик ўз  натижасини берди.

 Ғаллаорол тумани, Қипчоқсув қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғидан миннатдор. Боиси, ҳудуддаги сел ювиб кетган 3 та кўприк ички ишлар органлари ходимлари ҳомийлигида қайтадан бунёд этилди. Ушбу кўприкларнинг энг йиригининг узунлиги 16, эни 12 метрни ташкил қилади. Мазкур кўприк қурилиши учун 900 миллион сўм сарфланди.

 Худди шундай, вилоятнинг энг чекка Янгиобод туманининг Қўриқ қишлоғи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 3- сектор масъуллигида 150 метрлик артезиан қудуғи ковланиб, 5 километр узунликда сув тармоқлари тортилди.

3- сектор ҳудудида ички ишлар органлари ҳомийлигида аҳоли турар жойларини таъмирланиб, уйлар барпо этилмоқда. Чунончи, Пахтакор туманида икки нафар кам таъминланган оилага уй қуриб берилди. Мазкур тумандаги Боғишамол маҳалласи аҳли учун йўлдаги носозликлар анчайин ноқулайликларни туғдираётган эди. Камчилик шу куниёқ бартараф қилинди, 1,5 километр йўлга шағал ётқизилди. Бир неча кунда ҳудуддаги барча йўлларни шу тарзда таъмирлаш режалаштирилган.

 Боғишамолда аҳолини ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилаяпти. Айни вақтда давлатимиз раҳбари топшириғи асосида республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам сектор раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда бўлиб, турар жойлар, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларининг меъёрда иститилишига эришиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрмоқдалар. Чунончи, Зомин туманининг Чилонзор маҳалласида 3- сектор штаби ташкил этилди.

Уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида Гулистон маҳалласидаги 30- ўрта умумтаълим мактабидаги иситиш тизимларини жадал янгилашга киришилди. Ат-Термизий кўчасига эса шағал ётқизилиб, ичимлик суви билан таъминловчи артезиан қудуғи ишга туширилди. Хонадонларга кўмир ва суюлтирилган газ етказиб берилаётир. Шу билан бирга вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳуқуқий-психологик ёрдам ва реабилитация этиш сайёр автобусида ижтимоий-психологик муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли мобиль поликлиника автобусида эса аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилаяпти.

Худди шундай, Чилонзор маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш устида иш кетаяпти. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 3- сектор раҳбари  туну кун Чилонзорда ташкил этилган штабда бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган эзгу ишларга бош қош бўлаётир.

 Умуман олганда, аҳоли мурожаатлари асосида Жиззах вилоятининг 3- секторга тегишли қисмида жорий йилнинг ўтган даврида ички ишлар органлари томонидан эҳтиёжмандларга 310 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 180 оилага электрон маиший техника жиҳозлари топширилди. Даволанишга эҳтиёжи бўлган 1300 нафар фуқарога соғликларини тиклашлари учун йўлланма ва ордерлар ажратилган. Шунингдек, 50 километр йўлга шағал ётқизилди. 31 километр узунликда ичимлик суви қувурлари тортилиши ҳамда 24 та сув насосларининг жорий таъмирланиши таъминланди. 445 та симёғоч алмаштирилиб, 48 километр узунликда электр тармоқлари тортилган. Хуллас, секторда иш қизғин, аҳоли билан мулоқотлар давом этмоқда.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар