Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Ким олади? гуноҳларим воситасини сотаман...

Ким олади? гуноҳларим воситасини сотаман...

10 декабрь 2019, Вторник
186
0

 — Ким олади? Гуноҳларим воситасини сотаман, у орқали  қанчадан қанча нолойиқлар талаба бўлди. Очиғи, уларни тест имтиҳонига кираётган абитуриентга бераётганимда виждоним қийналган. Шу матоҳ сабаб ўзим тайёрлаган ўқувчилар ўрнига билимсиз тўнкалар институтга кириши мумкинлигидан эзилганман. Лекин ҳамиша нафсим зўрлик қилган, мен бўлмаса, бошқаси шу ишни қилишини ўйлаб, ўзимни тўхтатмаганман, — деди ўқитувчи ва ранги одам терисига уйғун, симсиз бир жуфт миттигина қулоқликларни (наушник) кўрсатар экан, қўшиб қўйди: “200 АҚШ доллари, олинглар, балки керак бўлиб қолар”. Бу гапларни қизим ва унинг дугоналарига дарс вақти репититори айтибди.

Танишим куйиниб сўзлаб берган ушбу воқеадан сезиладики, муаллима тест имтиҳонларида уяли алоқа воситалари қўлланилишининг олдини олишга қаратилган чораларнинг кучайтирилгани сабаб қулоқликдан энди фойдаланмоқчи эмас ёки бундан-да қулайроқ восита ёхуд усулни топган.

Ҳар қандай ҳолда олий ўқув юртларига номуносиб инсонларнинг кириб қолаётгани ачинарли. Бу пировардда лаёқатсиз мутахассисларнинг пайдо бўлишига, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг оқсашига олиб келади. Бундан фақат жамият зарар кўради. Билими бор одамнинг четга чиқиб қолиши эса ишончсизликни, норозиликни уйғотади. Қолаверса, катта ҳаётга илк қадамни қонунга зид хатти-ҳаракат билан қўйган инсон кейинчалик ҳалол йўлга тушиб олиши осон кечмаса керак.

Аммо, нима бўлганда ҳам олий ўқув юртларига киришни тест имтиҳонлари белгилай бошлагач, олий маълумотни нуфуз ва яхши ҳаёт шарти, деб биладиган халқимиз ўқитувчини яна қадрлай бошлади, десак адашмаймиз. Аниқроғи, ўрта умумтаълим мактабида олинган билим олий ўқув даргоҳи остонасидан ҳатлашга камлик қилгани учун ота-она чўнтагини ковлай бошлади.  

Бунга эса ўша пайтда ўқитувчининг вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиниши, тизимда қоғозбозликнинг ҳаддан ошгани, иш ҳақининг ҳаминқадарлиги сабаб бўлгани тайин. Сўнгги йилларда бу муаммоларга чек қўйила бошланди. Йиллар давомида йўқотилган салоҳиятни тиклаш учун кам вақт кетмаслиги ҳам бор гап. Демакки, репититорлик ўз ўрнини йўқотмайди. Балки аксинча кучайиши ҳам мумкин. Энг асосийси, репититор орқали ёшлар билим олаяпти.

Кириш имтиҳонларида ғирром усулларга буткул чек қўйилганида борми?.. Айтганча, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда имтиҳонларда тестдан воз кечиш ҳақида фикрлар билдирилаяпти. Менимча, коррупцияга тўла барҳам берилмагунча, бу ишни қилишга шошмаслик керак. Ҳозирча кўп муаммоларимизга инсон омили сабаб бўлмоқда, десам гапимга қўшиласизми?

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар