Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Юраги очиқ инсон!

24 декабрь 2019, Вторник
165
0

 Бўрон бобо уйига кириши билан кичик ўғли суюнчи олди: “Ота акамни “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирлашибди, интернетда ўқидим”. Бу хабарни эшитган отанинг қувончи ичига сиғмай кетди. Дарҳол ўғлига телефон қилди: “Яхшимисан, табриклаймиз, мартабанг бундан-да улуғ бўлсин болам, мана телефонни онангга бераяпман”...

Ота-онасининг гапларидан катта профилактика инспектори, майор Эркин Бакиров тўлқинланиб кетди. Кейин майорнинг телефони тинимсиз жиринглай бошлади: ҳамкасблари, яқинлари бирин-кетин қутладилар. Табриклардан тўлқинланиб кетган майорнинг кўнгли ғурурдан тўлиб-тошди, айниқса, ота-онасини хурсанд қила олганидан боши осмонга етди. Уйга борганида отаси қўлини қаттиқ сиқиб қўйиши кўз олдига келди.

Аслида бу касбни танлашига отаси сабабчи. Тўғри, узоқ йиллар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаган Бўрон бобо ҳеч қачон ўғлига ички ишлар ходими бўлишинг керак, демаган. Аммо шахсий ибрати билан Эркин ҳамда акаси Икром Бакировнинг юрагида соҳага ҳавас уйғота олди.

Ака ички ишлар органлари қўриқлаш тизимида ишлади, ҳозир пенсияга чиққан. Ука эса мактабни тугаллагач Тошкент ёнғин хавфсизлиги олий техника мактабига ўқишга кирди. 1996 йилда олий таълим муассасасини тамомлагач, Жиззах вилояти, Пахтакор тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмасида инспектор лавозимида хизмат фаолиятини бошлади.

2009 йили ўзи туғилиб ўсган Ғаллаорол тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмасига ўтказилди. Кўп ўтмай интилувчан, жиддий, одамлар билан осон тил топишадиган Эркин Бакиров раҳбарлар эътиборига тушди ва уни профилактика инспектори бўлишга таклиф қилдилар. Ўшанда бошлиғи: “Иш осон эмас, лекин қизиқ, доим эл ичида бўласан, жиноятлар очасан, эплашингга ишонаман, кўнглинг чопяптими ўзи?”,  — деганди. Эркин Бакиров жавоб айтишга шошилмади, отаси билан маслаҳатлашди.

Ота дуосини олган мақоламиз қаҳрамони ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимидаги фаолиятини Ғаллаорол туманининг Лалмикор маҳалласида бошлади. Кейинчалик шу тумандаги Сарбозор, ундан сўнг Маданият фуқаролар йиғини ҳудудида жиноятчиликка қарши курашди. Айни вақтда эса Кўкгумбаз қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳолининг осойишталигини таъминлаяпти.

Эркин Бакиров қаерда ишламасин, қонун устуворлигини таъминлашга интилади, одамларга қўлидан келганча ёрдам беради. Айни шу хислатлари сабаб ҳамма жойда ҳурмат ва эъзоз топди. Йиллар унинг тажрибасини оширди, бу даврда кўплаб жиноятларни фош этишнинг уддасидан чиқди.                                                                                         

— Президентимиз ташаббуси билан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бош мақсадимизга айланиши ҳамда профилактика инспекторларига хизмат уйлари ва автомашиналар ажратилиши юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлашни янги босқичга кўтариш учун омил бўлди, — дейди Ғаллаорол тумани ИИБ таянч пункти катта профилактика инспектори, майор Эркин Бакиров. — Чунончи, ҳудудимда ўтган йили 11 жиноят содир этилган бўлса, бу йил 6 та рўй берди. Маҳалламиз М-39 Тошкент — Термиз йўли ёқасида жойлашган. Бу йил кузатилган 6 та жиноятнинг 5 таси йўл транспорт ҳодисаси эканлигини инобатга олсак, жорий йил ҳисобига 1 та жиноят юз берди, десам хато бўлмайди. Таъкидлашим керакки, юқори натижаларга эришаётган ҳамкасбларим республика Ички ишлар вазирлиги, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан муносиб тақдирланмоқда. Жумладан, хизматим давомида 30 маротаба рағбатлантирилганман. 2015 йилда “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу йил касб байрамимиз арафасида Президентимиз фармони билан “Содиқ хизматлари учун” медалига сазовор бўлдим. Бу эътироф менга улкан масъулият юклайди, шу маънода, эл тинчлиги йўлида бор куч ва имкониятларимни ишга солишга ваъда бераман.   

Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлимида Эркин Бакировни изланиб чарчамайдиган ходим сифатида қадрлашади. У қонунчиликдаги ўзгаришларни мунтазам кузатиб боради ва амалиётга мукаммал татбиқ этишнинг ҳадисини олган. Шогирдлари кўплиги ҳам шундан.

— Эркиннинг ютуғи доим одамлар ичида бўлишидадир, — дейди Кўкгумбаз маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ички ишлар органлари фахрийси Илҳом Тошбеков. — Самимий ва камтар бўлгани, одамлар дардини эринмай эшитгани учун унга юрагини ёришдан ҳеч ким тортинмайди, бундай ходимдан эса ҳеч нарсани яшириб бўлмайди.  Маҳалладошларимиз ҳуқуқий ёрдам олиш учун тўғри унинг ёнига боришади. Бир неча кун олдин жазони ижро этиш муассасидан қайтган йигитнинг томорқасини шудгорлашга ёрдам берди. Эркининг ниятини дарров тушундим, моддий қийинчилик сабаб жиноятга қайта қўл урмаслиги чорасини кўраяпти. Ҳудудимиздаги кураш тўгарагига ҳомийлик қилади, маҳалладаги ҳар бир ишни биргаликда ҳал этамиз. У қуруқ гап билан эмас, аниқ ёрдам кўрсатиш орқали маҳалламизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка барҳам бермоқда. Давлат мукофоти олганини эшитганимизда барчамиз бирдек қувонганимиз шундан.

46 ёшли Эркин Бакиров ибратли оила соҳиби, 4 ўғли бор. Каттаси бу йил республика ИИВ томонидан давлат таълим муассасаларига ўқишга кириш учун берилган тавсифнома асосида Ўзбекистон миллий университетининг Жиззах филиалига ўқишга кирди. Ўзи айтмоқчи, барча орзу ниятлари  бирин-кетин ушалмоқда. Айтганча, Эркин Бакиров фарзандларидан ҳеч бўлмаганда икки нафари ўз изидан боришини юракдан орзу қилади. Шу маънода, отаси сингари ўғилларига ҳар жабҳада ибрат бўлишга интилиб яшаяпти.   

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар