Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Ғурур ва фахр байрами

14 январь 2020, Вторник
59
0

 Жиззах вилоятида 14 январь — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган асосий байрам тантаналари Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди. Чунончи, эрта тонгда вилоят марказидаги “Хотира” хиёбонида ҳокимлик, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари жам бўлдилар.

 Қутлуғ сана муносабати билан тантанали парад уюштирилиб, “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Юрт тинчлигини асраш йўлида ҳалок бўлганлар ёдга олинди.

 Шундай сўнг Жиззах вилояти мусиқали драма театрида ҳарбий қисмлар аскар ва офицерлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида байрам тадбири уюштирилди. Унда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, мамлакатимиз Президентининг 14 январь — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Тантанада мамлакатимиз раҳбарининг “Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони асосида давлат мукофотларига сазовор бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига орден ва медаллар ҳамда байрам совғалари топширилди. Тақдирланганлар орасида Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Хамза Салаев ҳам бор.

 — Бугунги байрам мен учун икки карра қувонч бахш этди, Президентимиз фармони асосида “Шуҳрат” медали билан тақдирландим, — дейди Хамза Салаев. — Камтарона хизматимнинг шу тарзда юксак баҳоланишини нафақат менга балки бутун шахсий таркибимизга билдирилган ишонч сифатида қабул қилдим. Шундай экан, келгусида эл осойишталигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини ҳамда қонунбузарликларга қарши курашга қаратилган фаолиятимизни янада мукаммаллаштиришга ваъда бераман. Бунга шахсий таркибнинг ватанпарварлигини ошириш, интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш орқали эришишни ният қилганмиз. 

Тадбир якунида йиғилганлар эътиборига республика ва вилоят санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури ҳавола этилди.

Худди шундай, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, соҳавий хизматлар, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ходимлари иштирокида “Ватанпарварлик — миллий юксалиш кафолати” шиори остида тантанали йиғилиш уюштирилди. Тадбир аввалида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

 

         Шунингдек, нотиқ ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар ходимларининг интеллектуал ва жанговар салоҳиятини юксалтириш, замонавий техника ва яроғ-аслаҳалар билан таъминлаш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида фикр юритди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2020 йил 13 январдаги буйруғига мувофиқ Ватанимиз осойишталиги ва эл-юрт тинчлигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасидаги самарали меҳнатлари, ўз хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатгани учун ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимлар “Аъло хизматлари учун”, “Бенуқсон хизматлари учун”, “Тезкор хизмат аълочиси” нишонлари, вазирлик фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Тадбирда Ички ишлар вазирининг буйруғига биноан икки нафар ходимга рағбатлантириш тариқасида “подполковник” махсус унвонлари берилгани эълон қилинди. Худди шундай, бир қатор соҳа фахрийлари ҳамда ходимларга Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи буйруғи асосида фахрий ёрлиқлар ва пул мукофотлари топширилди.

Тақдирланганлар орасида жорий йилнинг 10-11 январь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси ҳарбийлаштирилган тузилмалари ўртасида ўтказилган қўл жанги турнирида ўз вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритган Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими, кичик сержант Сардоржон Сатторқулов ҳам бор.

Жиззах вилоятида Ватан ҳимоячилари байрами шу тарзда шукуҳли ҳамда кўтаринки руҳда ўтди.   

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар