Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Йил сарҳисоби танқидий руҳда ўтди

Йил сарҳисоби танқидий руҳда ўтди

04 февраль 2020, Вторник
281
0


 

 Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида 2019 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ички ишлар бошқармаси, соҳавий хизматлар масъуллари, шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари иштирокида ташкил этилган йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, соҳада кечаётган ислоҳотлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш борасида эришилган натижалар ва йўл қўйилган камчиликлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.

Маълум қилиндики, 2019 йилда мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан вилоятда 290 та профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчи лавозимлари, шунингдек, хотин-қизлар масалалари бўйича 20 та инспектор штатлари ҳамда Жиззах вилояти ҳокимининг фармойишига асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 38 та профилактика инспекторлари штатлари жорий этилган.

Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз хонадон”, “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш” дастурлари асосида жами 13222 та кузатув камералари ўрнатилган. Шулардан 497 таси шаҳар ва туманларнинг асосий кўчалари ва гавжум жойларни қамраб олади. Мазкур кузатув қурилмалари ички ишлар органларидаги 18 та ситуацион марказлар назоратида. Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 21 та фото ва видеоқайдлагичлардан фойдаланилаётир.

Жиноятчиликни жиловлаш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳисобига ўтган йили жиноят қидирув йўналишидаги жиноятларни 6 фоизга камайтиришга эришилган. Хусусан, қотиллик, талончилик, оғир тан жароҳати етказиш, ўғрилик, фирибгарлик ва ўлим билан боғлиқ йўл-улов ҳодисалари қисқарди.

2018 йилга нисбатан ҳисобот даврида ёшларнинг жиноятлардаги иштироки 23 фоизга, вояга етмаганларники 37,5 фоизга, ишламайдиганларники 14,4 фоизга, спиртли ичимлик таъсирида бўлганларники 4,3 фоизга, аёлларники 1,5 фоизга озайган. Профилактик тадбирлар натижасида 88 та маҳаллада жиноят қайд этилмади. Бу даврда 128 нафар қидирувдаги шахс ушланди.

Соҳа вакиллари томонидан вилоятда уюштирилган барча оммавий тадбирларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Қайта жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари пробация хизмати назорати остида бўлган 3798 нафар шахсларнинг барчаси ишга жойлаштирилди. Улардан 34 нафарига биометрик паспорт, 3 нафарига турар жой, 28 нафарига имтиёзли кредит, 42 нафарига моддий ёрдам ажратилишида, 70 нафарига соғлигини тиклашда кўмак кўрсатилган. Минг нафардан ошиғининг эса бошқа турдаги масалалари ҳал қилинди.

Йиғилиш давомида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бу натижалар фаолиятдан қониқишга асос бўлмаслигини билдирар экан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасидаги камчиликлар туфайли номусга тегиш, товламачилик, безорилик, транспорт воситаларини олиб қочиш жиноятлари ортганлигини маълум қилди.

 Худди шундай, Шароф Рашидов, Арнасой, Фориш туманларида жиноятчилик ошишига йўл қўйилган. Жиззах шаҳрида оғир турдаги жиноятлар кўпайган бўлса, Шароф Рашидов туманида жиноят қидирув йўналишидаги кўрсаткичлар ёмонлашган.

Шу маънода, камчиликларга йўл қўйган раҳбарлар танқид остига олиниб, фаолиятни ўнглаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтирган ҳолда “Пайшанба - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”га оид тадбирларни мукаммал бажариш, ҳар бир хонадонни қонунбузарликларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан қамраб олиш, зиддиятли оилаларга эътиборни кучайтириш, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш, алкоголли маҳсулотларнинг ноқонуний савдосига барҳам бериш, ўқув муассасаларида давоматни назорат қилиш юзасидан фикрлар билдирилди.   

Йиғилишда аҳоли тўпланадиган жойлар, корхона, ташкилот ва муассасалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига видеокузатув ускуналари ўрнатиш, бедарак йўқолганлар ва қидирувдагиларни топиш, йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, пробация хизмати назоратига олинганлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, жиноят-қидирув соҳасида замонавий коммуникация технологияларидан фойдаланиш, манзил колонияларида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш борасида хориж давлатлари ички ишлар органлари билан ҳамкорликни кучайтириш, фуқароларнинг ариза ва шикоятлари билан ишлаш тартиб ва меъёрларига қатъий амал қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароринининг ижроси бўйича вилоятда ички ишлар органлари томонидан секторларда амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Кўтарилган масалалар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари чиқиш қилдилар. Йиғилиш якунида 2020 йилнинг устувор режалари белгилаб олинди.

 

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар