Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Ер сотган эр эмас...

05 сентябрь 2018, Среда
2 100
0

Арнасой тумани, “Олтин водий” қишлоқ фуқаролар йиғини, “Оқбулоқ” кўчасида яшовчи Холбуви янга охирги кунларда иккиланиб юрди. Нима қилсин, ҳамқишлоқнинг устидан ариза ёзиш осонми? Ёзмайин, деса, пулини бермаяпти, ёзса, Холбуви қариганда “ёзувчилик”ни бошлабди, демайдими? Ўйлаб-ўйлаб, ёзишга қарор қилди, ёзмаса, Қулмурод фермер инсофга келадиганга ўхшамайди. Буёқда сув истеъмолчилар уюшмасининг раиси Лолабек ҳам бу ишга бош қўшган. Фикри тарқаб юргани шундан.

Ҳаммаси эрта кўкламда Холбуви янганинг эрига маслаҳат солишидан бошланди. “Сиз бирон фермердан озроқ ер сотиб олинг, деҳқончилик қилайлик, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдирайлик”. Шоди акага ҳам бу маъқул келди. У бундай иш қўлидан келиши мумкин бўлган Қулмурод фермер билан 3 гектар ер олиш бўйича келишди. Қулмурод бу тадбирдан СИУ раҳбари Лолабекни хабардор этишини, шунда ердан фойдаланишда ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини билдирди.

Қисқаси, 6 миллион 900 минг сўм фермер ва СИУ раҳбарининг чўнтагидан жой олди. Аслида фермернинг ҳам, СИУ раҳбарининг ҳам ер сотишга ҳақи йўқ эди. Шунданми ёки бошқа сабабми, фермер лафзида турмади. Баҳор ўтиб, ёз бошланди, аммо ердан дарак бўлмади. Мавсумга қараб, Шоди аканинг ерга қандай уруғ қадаш билан боғлиқ режалари ўзгара бошлади. Куз келгач, режа тузимоқдан чарчаган Шоди ака келаси йил кўклам ҳақида сўз очганида Холбуви янга чидай олмади.

Арнасой тумани ички ишлар бўлими бошлиғи номига ариза ёзилди. Айни вақтда давлат ерини ноқонуний сотган фермер ва СИУ раҳбари фирибгарликда гумонланувчи сифатида терговчиларга “ваъдаларида нега тура олмаганликлари” юзасидан тушунтириш бермоқдалар. Айтганча, бундан 4 йил илгари Қулмурод фермер Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг 109-моддаси, 2-қисми билан судланиб, 2 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаганди. Демоқчи, бўлганимиз, Қулмуроднинг қонунни бузиш борасидаги тажрибаси ортиб бораётир.

(Исм-фамилиялар ўзгартирилган).


Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.
скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар