Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Ғалла ўғрилари ушланди ва жазоланди

Ғалла ўғрилари ушланди ва жазоланди

11 февраль 2020, Вторник
174
0

 Зарбдор туманидаги 9- сонли ўрта умумтаълим мактабида буғдой ўғирлашга уринган 4 нафар шахснинг қилмишлари маъмурий суд томонидан кўриб чиқилди. Зарбдор туманининг Лалмикор, Зомин туманининг Нурликент маҳаллалари аҳли иштирокида бўлиб ўтган суд мажлиси аввалида содир этилган қонунбузарлик ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Билдирилишича, шу йилнинг 31 январида тунги хизматни ўтаётган Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимлари кечаси соат 4.40 да Зарбдор тумани темир йўл бекатида турган вагоннинг остки люкини очиб, буғдой ўғирлаётган фуқароларни ушлайдилар.

 Қонунбузарлик Зомин туманининг Нурликент маҳалласида яшовчилар: 1987 йилда туғилган Баҳодир Нишонов, 1990 йилда туғилган Акмал Шойимқулов, 1986 йилда туғилган Одил Абдуазимов ҳамда Зарбдор туманининг Лалмикор маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган Жасур Шодиевлар томонидан содир этилгани аниқланди. Эътиборлиси, Баҳодир Нишонов, Акмал Шойимқулов ва Жасур Шодиевлар муқаддам ўғрилик қилганликлари учун судланишган.

 Зарбдор тумани маъмурий суди ушбу шахсларнинг қилмишларини атрофлича ўрганиб, Баҳодир Нишонов, Жасур Шодиев ҳамда Одил Абдуазимовларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдорида жарима тайинлади. Акмал Шойимқулов эса 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтайди.

 Шундан сўнг мазкур қонунбузарлик муҳокама этилди. Тадбирда темир йўлларда талон-тарожга йўл қўймаслик, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, поезд вагонларига зарар етказилишининг олдини олиш юзасидан фикрлар билдирилди. Бу жараёнда вилоятдаги темир йўлларда кузатилган бир қатор ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг тафсилотлари келтириб ўтилди. Шунингдек, темир йўллар теварагида чорва моллари боқмаслик, атроф-муҳит тозалигини сақлаш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

 

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар