Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Ҳаддин билмаганлар

20 июль 2018, Пятница
2 453
0
Мадина йўл бошида адашганлардан. Унинг болалиги ҳамманики қатори кечди. Аммо ёши улғайгач, ҳаётнинг мазмунини маишатда деб билди. Маст-аласт давраларнинг гулига айланди, ор-номусидан айрилганини ўзи ҳам сезмай қолди. Узоқ улоқишлардан сўнг ўзича хулоса қилди: у оғир ишлар учун яралмаган ва фоҳишаликнинг ортидан ҳам кун кечирса бўлади.
Ботқоқда гул битмаганидек, унинг атрофида ҳам ўзи каби тубан ва чиркин кимсалар пайдо бўлди. Жумладан, у Зарбдор тумани, Бўстон шаҳарчаси, Дўстлик маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Барно Асадова билан ош-қатиқ бўла бошлади. Барно ҳам у сингари ҳаётидан қониқмай, ўзини ўр-қирларга урадиганлар хилидан.
Оиласи бузилган, феълининг оғирилигидан эридан ажрашиб қутилган. Бир фарзандни ёлғиз тарбиялаяпти. Ҳар қандай разил қилмишини ана шу важ билан оқлайди. Яна ҳам аниқроғи, кўрпасига ҳаммани ҳар вақт киритишдан тортинмайди. Хуллас, икки дугона бирлашиб, дунёдаги энг қадимий касблардан бири билан шуғулланишга киришдилар.
Улар яшайдиган уйнинг эшигини тунда турли одамлар тақиллатар, хонадондан ўйин-кулгу, маст-аласт кишиларнинг бақиришлари тинмасди. Табиийки, бундан қўшнилар безор эди. Айниқса, кўпчилик бузуқ муҳитнинг фарзандларга таъсиридан хавотирланиб яшардилар...
Жиззах шаҳри, “Кўтарма” маҳалласида яшовчи Шодиёр бебош ва қайсар йигит. Ёши 27ни қоралабдики, ҳар ишни мушти билан ҳал қилиш мумкин, деб ўйлайди. Ўзи каби бир неча тенгдошлари билан ичкиликка муккасидан кетган. Саёқ юриши уни жиноят кўчасига олиб кириб қўйди, судланиб ҳам чиққан. Қисқаси, ичиб олса, саргузашт қидиради. Икки нафар маҳалладошини ҳам йўлдан урган. Уларни ўзича эркак қилиб тарбиялаяпти.
Ўзи сингари белбоғини йўқотганлардан Бўстонда яшовчи фоҳишаликни касб қилиб олган Мадина ва Барно ҳақида эшитиб қолди. Ўз ҳирсини қондириш мақсадида бу хонадонга келишни одат қилди. Ўзини Мадинанинг асиридек ҳис қиларди. Шу аснода “Бўстон” шаҳарчасида ҳам ўзига ўхшаш “бош оғриқ”лардан дўст орттирди.
Охирги марта Мадинани қидириб борганида яна ароқхўрлик бошланди. Даврадан Барно, Шодиёр ва унинг икки шотири ҳамда бўстонлик икки йигитча жой олди. Ароғу пиво дарёдек оқди. Ҳамманинг юрагини ёввойи ҳирс эгаллаб олган, дунёдан улардан устунроқ ҳеч ким йўқдек эди.
Кутилмаганда эшик тақиллади. Барно “Анави ғаламис қўшним яна бирор жойга телефон қилганга ўхшайди”, деди. Бирдан йигитларнинг юрагини безовта қўшнининг адабини бериб қўйиш истаги эгаллаб олди.
Дарҳақиқат, қўшни тун ярмидан ўтган бўлишига қарамасдан тинчлик бермаётган юзсиз аёллар ва уларнинг бетийиқ меҳмонлари устидан профилактика инспекторига телефон қилганди. Мазкур мурожаат асосида профилактика инспектори ва Зарбдор тумани жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Барно Асадованинг уйига етиб келдилар. Ичкарида уларни икки эркак ва икки аёл қарши олди. Қолганлар қўшни хонада яшириниб олгандилар.
Ички ишлар ходимлари қўшниларни безовта қилаётган фуқароларнинг ҳужжатларини суриштира бошладилар, кутилмаганда Шодиёр профилактика инспекторининг орқа томондан яқинлашиб, ичкиликдан бўшаган шиша билан унинг бошига туширди. Инспектор ҳушини йўқотди. Беш киши учун тезкор ходимни йиқитиш қийин бўлмади. Улар ўзларини тажрибали жиноятчилардек тутиб, ходимларнинг бошини мўлжаллаб ура бошладилар.
Муштумзўрлар уйдан чиқиб қочишга муваффақ бўлдилар. Аммо тезкор тадбир давомида, дастлаб, уларнинг уч нафари, бир кундан сўнг яна икки нафари қўлга олинди. Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.
Маълумки, республикамизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг самарали ҳимоясига эришишга доир кўламли ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг бош мақсади жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган. Соҳа вакиллари кунни тунга улаб, ҳар дам фуқаролар тинчлигини асраш йўлида тинимсиз хизмат қилмоқдалар.
Шундан юртимиз тинч, осойиш ҳаётимизга хавф туғдирувчи кучлар бош кўтара олмаяпти. Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, одамлар яшашига рахна солувчи, ҳатто, қонун посбонларига қарши чиқишдан тап тортмайдиган кимсалар халқ нафратидан бошқасига лойиқ эмас.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизамати.
скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар