Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Ҳусния Салоҳиддинованинг иддаолари ўринсиз

Ҳусния Салоҳиддинованинг иддаолари ўринсиз

20 февраль 2020, Четверг
114
0

2020 йил 18 февраль куни ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти, Зомин тумани, Пшоғор қишлоқ фуқаролар йиғини, Ёшлик маҳалласида яшовчи Салоҳиддинова Ҳусния Темировнанинг ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларидан норозилиги акс этган видеоматериал тарқалди. Унда билдирилишича, Ҳусния Салоҳиддинова вақтинча ижарада яшаб турган Жиззах шаҳри, Ёшлик маҳалласидаги хонадонида ўғрилик содир бўлгани юзасидан 2019 йилнинг 31 июль куни ички ишлар органларига мурожаат этган, аммо бугунгача жиноят фош этилмаган. Худди шундай, Жиззах вилояти ҳокимлиги масъули таъсирида соҳа вакиллари унга нисбатан нотўғри муносабатда бўлишаётганини баён қилган.

Аммо шикоятчининг иддаолари ҳақиқатга мос эмас. Чунончи, Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Хусния Салоҳиддинова яшаб турган ётоқхонадаги турар жойида ўғрилик юз бермаган, деб ҳисоблайди. Суриштирув натижаларига кўра, 2019 йилнинг   31 июль куни Ҳусния Салоҳиддинова яшаш жойида сув жўмрагини очиқ қолдириб, хонадондан чиқиб кетган. Натижада пастки қаватдаги хоналарни сув босган ва мазкур ётоқхонада яшовчи А. Суяров С. Эшбекова ва С.Хўжамуродовлар гувоҳлигида Ҳусния Салоҳиддинова яшайдиган хонанинг эшигини бузган. Шундан сўнг улар хонадонга киришган ва сув жўмрагини ёпиб, чиқиб кетганлар.

Бир неча соатдан сўнг Ҳусния Салоҳиддинова қайтиб келган ва Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахслар яшаш хонадонидаги сумкасида бўлган 500 минг сўмдан 300 минг сўмни ҳамда 300 АҚШ долларидан 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ва “Samsung S-2” русумли уяли телефонини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.

Ариза асосида Ҳусния Салоҳиддинованинг хонадони ИИБ ходимлари томонидан кўздан кечирилганда “Samsung S-2” уяли телефони диван устидаги ёстиқ тагидан топилган. Икки кун ўтгач Ҳусния Салоҳиддинова ётоқхонадаги қўшниси С. Пакка турар жойи эшигини бузганлари учун жаҳл устида ички ишлар органларига ўғрилик ҳақида ёлғон маълумот берганлигини айтган. Бу ҳақида ички ишлар органларига С. Пак ёзма кўрсатма берган.

Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилди. Ҳусния Салоҳиддинованинг кўрсатмаларидаги ноаниқликлар ҳамда бошқа гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида аризачининг мурожаатида кўрсатилган ҳолатда жиноят таркиби аниқланмаган деб топилиб, 2019 йилнинг 7 августида жиноят ишини қўзғатиш рад этилган.   

Қабул қилинган ушбу қарорнинг қонунийлиги Жиззах шаҳар прокурори томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, 2019 йилнинг 15 декабрида ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тегишлилигига кўра тергов ҳаракатларини давом эттириш учун Жиззах шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.

Шу сабабли иш қайта кўриб чиқилган ва 2020 йилнинг 27 январида Ҳусния Салоҳиддинова қўшимча сўроқ учун чақирилган. Тергов ҳаракати соат 19.54 да бошланиб, 20.45 да тугалланган. Бу факт унинг мактабдан қайтган 8 ёшли набираси уйга кира олмай қолгани тўғрисидаги гаплари ҳам ёлғон эканлигини кўрсатади. Худди шундай, Ҳусния Салоҳиддинова асоссиз куттириб қўйилмаган ва табиийки, ёлғон кўрсатма бериш оқибатлари тўғрисида огоҳлантирилган. У билан суҳбатлашган ходимлар томонидан қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этилмаган. Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 88- моддасига кўра, эрталаб 6.00дан кеч 22.00 гача тергов ҳаракатларини олиб боришга рухсат этилади.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, фуқаро Ҳусния Салоҳиддинованинг аризасида кўрсатилган ҳолатда  жиноий ҳодиса юз бермаган деб топилиб, жиноят иши 2020 йилнинг 6 февралида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилган.

Худди шундай, суриштирув ҳаракатларига ҳокимлик вакилларининг аралашувига йўл қўйилмаган. Хулоса қиладиган бўлсак, Ҳусния Салоҳиддинованинг иддаолари ўринсиз.

 

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар