Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Жиззахда ишчи гуруҳнинг ўрганиш тартиби қай тарзда олиб борилди

Жиззахда ишчи гуруҳнинг ўрганиш тартиби қай тарзда олиб борилди

20 февраль 2020, Четверг
248
0

 Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчисининг ўринбосари Улуғбек Ташхаджаев ҳамда республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Дониёр Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзоларининг Жиззах вилоятига ташрифи Мирзачўл туманидан бошланди. Бу ерда ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш билан бирга “Обод қишлоқ” дастури доирасида қилинган ишлар билан танишилди. Чунончи, ўзбек-қозоқ маданият маркази, ҳудуддаги 2 та енгил саноат корхонаси ҳамда Мирзачўл тумани давлат хизматлари марказида бўлдилар.

 

Ишчи гуруҳи вакиллари Арнасой туманида ўтган йили Ички ишлар вазирлиги ҳомийлигида барпо этилган ахборот-кутубхона маркази фаолияти  билан танишдилар. Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур марказ қурилиши учун 1 миллиард 600 миллион сўм сарфланган. 50 минг дона китоб сиғимига эга кутубхонада 24 ўринли ўқув зали ҳамда электрон адабиётлардан фойдаланиш хонаси мавжуд. Тумандаги  2 та мактабгача таълим ташкилоти ҳам Ички ишлар вазирлиги ҳисобидан капитал таъмирланган.

Ишчи гуруҳи аъзолари 2019 йилда фойдаланишга топширилган Арнасой тумани ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати биносида ходимлар фаолияти учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар. Шунингдек, Арнасой тумани ички ишлар бўлими навбатчилик қисмидаги ситуацион марказ ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳининг техник имкониятлари ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъуллари Пахтакор туманида ички ишлар органлари фаолиятини кўриб чиқиш билан бирга ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Чунончи, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 448 та янги типдаги турар жой барпо этилган Олтинкўл маҳалласида бўлдилар. Бу ердаги 3 та уй Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ва Пахаткор тумани ички ишлар бўлими томонидан қурилган бўлиб, кам таъминланган оилаларга ажратилган. Ҳудуддаги тикувчилик корхонасидаги иш жараёни билан ҳам танишилди.

Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари Жиззах шаҳридаги вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штаби фаолиятини ўрганди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Ўрда” ёшлар экологик боғида жойлашган штаб 10 та хонага эга. Бу ерда фуқароларнинг аризаларини қабул қилиш ва улар билан суҳбатлашиш учун барча қулайликлар яратилган.

Ўрганиш давомида вилоятда жиноятларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишида фаоллик кўрсатаётган давлат ва жамоат ташкилотларининг 8 нафар вакилларига вилоят ички ишлар бошқармасининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Шундан сўнг штабдаги 34 гектар майдонга эга “Ўрда” ёшлар экологик боғини назорат қилиш имконини берувчи ситуацион марказда бўлдилар. Айни вақтда 78 та видео қурилмалар орқали ҳудуд кузатилмоқда. Тез орада назорат ускуналари сонини 138 тага етказиш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъуллари боғдаги 3- сектор учун ажратилган майдонда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишди.

Тадбир доирасида Жиззах шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларига республика ички ишлар вазирлиги томонидан ажратилган 11 та хизмат автоуловлари топширилди. Маросимда сафдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ йўл-патруль хизмати ходимлари профилактика инспекторлари ҳамда уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ёрдамчилари вилоят ички ишлар бошқармасининг пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, ички ишлар органлари махсус отрядлари ўртасида 9-13 февраль кунлари Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядининг 2 нафар ходими мукофотланди.

 Ўрганишнинг иккинчи куни ишчи гуруҳи аъзолари Жиззах шаҳрида ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган ўқув амалий тактик машғулотни кузатдилар. Тадбир машғулот режасини ишлаб чиқиш ва тегишли куч ва воситаларни сафарбар этиш билан бошланди. Машғулот давомида тартибсизликларни келтириб чиқаришга уринган жиноятчилар гуруҳини ушлаш ва зарарсизлантириш чоралари кўрилди.

Чунончи, фуқароларни хавфсиз жойга кўчириш, гаровдагиларни озод қилиш, жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, портловчи моддаларни хавфсизлантириш каби амалиётлар бажарилди. Шу куни Зарбдор тумани ички ишлар бўлими фаолияти ўрганилиб, маърифат хонаси, махсус тергов мажумаси, ситиуацион марказ, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи хонаси ва спорт залида яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

 Худди шундай, Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Зомин тумани ички ишлар бўлими фаолияти ўрганилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кузатилган айрим камчиликларни бартараф қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида бўлиб, ёшлар билан учрашув ўтказдилар. Тадбирда ўқувчиларни қизиқтираётган масала ва муаммолар ўрганилди. Фаол ёшлар, турли кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ғолибларига Ички ишлар вазирлиги номидан китоблар жамланмалари совға қилинди. 

Кун якунида Жиззах вилояти ҳокимлигида ишчи гуруҳи томонидан ички ишлар органлари тезкор хизматлари фаолиятини ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлар, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ўзини ўзи бошқариш, ёшлар ва диний муассасалар масъуллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчисининг ўринбосари Улуғбек Ташхаджаев сўзга чиқди.

Нотиқ 2019 йилда вилоятда ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган тадбирлар, бу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан қилинаётган ҳамкорлик юзасидан маълумот берар экан, эришилган натижалар ва йўл қўйилган камчиликларга тўхталиб ўтди.

Бинобарин, 2018 йил билан қиёслаганда ўтган йили вилоятда умумий жиноятчилик 2,2 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 6 фоизга қисқарган бўлишига қарамасдан айрим ҳудудларда бир қатор турдаги жиноятлар ошишига йўл қўйилган. Хусусан, Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Арнасой ва Зафаробод туманларида бу борадаги кўрсаткичлар қониқарли эмаслиги айтиб ўтилди ва камчликларга йўл қўйган масъулларга тегишли тартибда чора кўриш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, йиғилишда ёшлар, аёллар, пробация хизмати назорати остида бўлган шахслар, муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари тилга олинди. Кўтарилган масалалар юзасидан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда фуқароларнинг ўзини ўз бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашлари масъулларининг ҳисоботлари эшитилди. Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, қонунбузарликлар профилактикаси борасида сектор раҳбарларининг масъуллигини ошириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан фикрлар билдирди.

Худди шундай, жиноятчилик ошишига йўл қўйилган шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ҳолат бўйича изоҳлари тингланди ва криминоген вазиятни яхшилаш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Тадбир якунида 15 нафар ёшларга фуқаролик паспортлари тантанали равишда тоширилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар