Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Генерал-майор зафарободлик ёшларга қандай маслаҳатлар берди?

Генерал-майор зафарободлик ёшларга қандай маслаҳатлар берди?

21 февраль 2020, Пятница
266
0

 Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зафаробод туманининг Нурафшон, Тинчлик, Писталикент аҳоли пунктларида яшовчи уюшмаган ёшлар билан учрашди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи билан мулоқот учун тўпланган ёшлар дастлаб ички ишлар органлари фаолиятида қўлланилаётган автоуловлар ҳамда қурол-яроғлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Бу жараёнда уларга ички ишлар органлари соҳавий хизматлари фаолияти, фойдаланувдаги техника ва воситалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шундан сўнг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари хизмат итлари ёрдамида жиноятчиларни ушлаш, қурол-яроғ ва гиёҳванд воситаларни топиш, из қидиришга оид малака ва кўникмаларини намойиш қилдилар. 

 

“Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз” шиори остида уюштирилган мазкур тадбир аввалида республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 27 декабрь куни пойтахтимиздаги ал-Хоразмий номли мактабда ёшлар билан ўтказган учрашуви давомида кўтарилган масалаларга  тўхталиб ўтилди. Чунончи, юртимизда ёшларнинг билим олишлари ва иш таъминлашлари учун яратилаётган шароитлар хусусида сўз юритилди. Худди шундай, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мулоқот давомида улғайиб келаётган авлод вакиллари томонидан бир қанча масала ва муаммолар кўтарилди. Бинобарин, тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратиш, кредит олиш, ўқув муассасаларини спорт мураббийлари, замонавий компьютерлар ва чолғу асбоблари билан таъминлаш, кутубхона очиш, футбол майдонини замон талабларига мослаш ва зарурий анжомлар билан таъминлаш юзасидан мурожаатлар бўлди.

Шунингдек, ҳарбий майдончаларни юзага келтириш, ҳудуддаги маданият марказини таъмирлаш, йўлларни созлаш, моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлашиш бўйича талаб ва таклифлар билдирилди. Учрашув давомида ёшларга бир қатор соҳалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 

Шу жойда тегишли идоралар масъуллари жалб этилган ҳолда муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Айтиш жоизки, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан бу каби тадбирлар мунтазам ўтказиб борилмоқда ва масалаларга қисқа муддатларда ечим топилаётир.

Тадбир давомида тумандаги 5 та ўрта умумтаълим мактаби ҳамда спорт тўгаракларига вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ажратилган спорт анжомлари топширилди. Шунингдек, ҳудуддаги ўрта умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасида уюштирилган волейбол мусобақаси ғолиблари тақдирланди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах вилояти ички ишлар органлари вакиллари ва ёшлар ўртасида 20 дан ошиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу жараёнда 140 дан ортиқ муаммо ва масалаларга ечим топилган.

        

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар