Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » “AVTO OLTMISH OY” дан жабрланганларнинг зарари қопланадими?

“AVTO OLTMISH OY” дан жабрланганларнинг зарари қопланадими?

03 март 2020, Вторник
212
0

 Сўнгги пайтларда фоизсиз автолулов олиб бериш, хорижга ишга жўнатиш каби хизматларни кўрсатаётган ташкилотлар турли йўллар билан фуқароларни қақшатаётгани тўғрисидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Чунончи, вилоятимизда яшовчиларнинг бир қанчаси ҳам ана шундайлар тузоғига тушганлиги аён бўлди. Аниқроғи,  “AVTO OLTMISH OY” масъулияти чекланган жамияти ходимлари анчагина фуқароларни фоизсиз, узоқ муддатли тўлов шарти билан автоулов олиб беришни ваъда қилиб, турли миқдордаги пулларини ўзлаштиришган. Шу муносабат билан вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари мазкур жиноятдан жабр чеккан фуқаролар билан мулоқот ўтказди.

Жиззах давлат педагогика институтида бўлиб ўтган тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси масъуллари “AVTO OLTMISH OY” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари томонидан содир этилган жиноятлар бўйича ўтказилаётган тергов ва суриштирув жараёнлари ҳақида маълумот бердилар. Билдирилишича, мазкур жиноий гуруҳ республикамизнинг ҳамма ҳудудларида фаолият юритган.

Яна ҳам аниқроғи, “AVTO OLTMISH OY”дан жабр кўрганлар сони республика бўйича 18 минг 818 нафарни ташкил қилади. Фуқароларга етказилган зарар миқдори эса 57 миллиард 412 миллион сўм.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан жабрланувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Чунончи, жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг 34 миллиард 148 миллион сўми ундирилган. Шунингдек, 8 миллиард 148 миллион сўмлик мол-мулклар хатланган. Ҳозирда 28 та турли русумдаги умумий баҳоси 2,1 миллиард сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда.

Тадбир давомида автомобилларни сотиб олиш ёки кредит асосида харид қилишнинг қонуний тартиблари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Худди шундай, жиноятлар,  хусусан, фирибгарлик жиноятидан жабр кўрганлар ҳуқуқларини тиклашга оид ҳуқуқий меъёр ва мезонлар тилга олинди. 

Мулоқотда жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вақилларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Бу жараёнда асосий эътибор етказилган зарарни қоплаш муддатлари, тергов суръати, инфляция оқибатида йўқотишлар масалаларига қаратилди.

Жабр кўрганлар сони кўплиги инобатга олиниб, тергов-суриштирув ишлари йил охиригача чўзилиши мумкинлиги билдирилди. Хуллас, мазкур қонунбузарликни содир этганлар айни вақтда ҳибсга олинган. Жабрланувчиларга ҳам пулларини ундиргунча осон бўлмайди. Демоқчи бўлганимиз, фирибгарлар тузоғига тушиб қолманг. Арзоннинг шўрваси татимайди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.  

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар