Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Жиззахда “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг ғолиблари аниқланди

Жиззахда “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг ғолиблари аниқланди

05 март 2020, Четверг
479
0

Жиззах шаҳридаги ёшлар инновацион марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги каби бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда “Китоб дунёси” ва “Китоб маркази” тармоқ савдо марказлари ҳамкорлигида ташкил қилинган “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Зиёлилар иштирокида уюштирилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Рустам Хатамов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари сўзга чиқиб, мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.    

 Жиззах вилоятида 2020 йилнинг 20 январида бошланган “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси шу йилнинг 5 мартига қадар давом этди. Бу жараёнда вилоятдаги мавжуд 548 та ўрта умумтаълим мактабларида китоб ярмаркалари ташкил этилиб, 200 мингдан ошиқ ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда ўқитувчиларга миллий ва жаҳон адабиёти намуналари арзон нархларда етказиб берилди. 

Тадбир доирасида 37 нафар ўқитувчига “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари топиширилди. Шундан сўнг вилоятдаги ўрта умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари китоблар жамланмалари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Имконияти чекланган болаларга ҳам бадиий адабиётлар ажратилди.   

Маросимда ўрта умумтаълим мактабларининг кутубхоначилари, мактаб директорлари, халқ таълими бўлими услубчилари, фаол ўқувчиларга китоблар ва совғалар топширилди. Шунингдек, китоб савдосини ташкил этишда фаол қатнашганлар олий ўқув юртлари контракт тўловларини қоплаш ҳамда иш билан таъминланиш имконини берувчи сертификатларга, китобхон ёшлар эса ваучерларга эга бўлишди. 

Лойиҳа доирасида энг кўп китоб хариди уюштирилган ҳудуд Арнасой тумани бўлди. Мазкур натижа учун Арнасой тумани халқ таълими бўлими мудири Мирмуҳсин Низомов “Нексия 3” автоулови билан тақдирланди. Кейинги ўринларни эгаллаган Янгиобод ва Дўстлик туманлари халқ таълими бўлимлари вакилларига компьютер жамланмалари берилди. Совғаларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Рустам Хатамов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев топширди. Тадбирдан таниқли санъаткорларнинг чиқишлари ҳам ўрин олди.    

   

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар