Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Отасининг ўғли

13 сентябрь 2018, Четверг
1 410
0

Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси етиб келганида олов уйнинг том қисмини тўла қоплаб олганди. Зудлик билан ўтни ўчиришга киришилди. Бир вақтда хонадон соҳиблари суриштирилди. Кўчада турганлар орасида уй эгалари йўқ эди. Ёнғин хавфсизлиги навбатчилик қисмига ҳам қўшнилар телефон қилишган. Уйда тутундан ёки газдан заҳарланиб, ҳушини йўқотган одамлар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди.

Шунда ёнғин хавфсизлиги ходимларидан бири ёнаётган уйга чопиб кириб кетди. Аслида бундай йўл тутишга унча-мунча одамнинг юраги дов бермайди. Чунки ёнаётган турар жойда газ баллони ёки ёнилғи идиши бўлса, портлаш юз бериши ҳеч гап эмас. Қолаверса, бундай ҳолатдаги уйнинг қулаш эҳтимоли йўқ эмас. Хоналарда тутун ёхуд газ тўпланиб қолган бўлса ҳам ажабмас. Қисқаси, кўчани тўлдириб турган одамлар ўт ўчирувчининг жасоратига қойил қолишди. Барчанинг кўнглидан бирдек “Бу соҳада ишлаш осон эмас” деган ўй кечди.

Кўп ўтмади, ёнғин хавфсизлиги ходими уйдан чиқиб келди ва бинода ҳеч ким йўқлигини маълум қилди. Юз-қўлларининг айрим жойлари куйганлигини айтмаса, унга зарар етмаганди. Ходимлардан бири тиббий ёрдам кўрсатди. Шу тариқа Жиззах шаҳар 2- ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бўлинма командири Алишер Қурбонов ҳамкасблари билан навбатдаги ёнғинни бартараф қилишди.

Алишер Қурбоновнинг ҳаётида бу каби ўнлаб воқеалар содир бўлган. Ҳар куни кимнингдир уйини, яна кимнингдир жонини сақлаб қолишга тўғри келади. Кўпчилик учун қаҳрамонликдай туюлган бу ишлар ёнғин ўчирувчиларнинг кундалик юмуши, таъбир жоиз бўлса, тақдири...

Алишер мактабдан қайтиб келса, телевизорда ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳаётидан сўзловчи бадиий фильм намойиш қилинаётган экан. Фильм 5- синф ўқувчисининг хаёлини буткул ўғирлади, кўнглида ёнғин хавфсизлиги ходими бўлиш орзусини уйғотди.

Профилактика инспектори бўлиб ишловчи отаси эса ўғлининг ниятини эшитиб, ёнғин хавфсизлиги ходими билимли ва жисмонан бақувват бўлиши кераклигини уқтирди. Шу бўлди-ю, Алишер Қурбонов бокс билан шуғуллана бошлади, табиийки, барча фанлардан яхши ўқишга интилди. Орзу қанотида ҳарбий хизматга йўл олди. Йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, ҳужжатларини Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига топширди. Синовлардан яхши ўтди.

Мана 18 йилдирки Жиззах шаҳар 2- ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмида фаолият кўрсатаяпти. Камтарин, камгап, ташкилотчи, ўз устида ишлаб чарчамайдиган йигит тезда соҳанинг сирларини ўзлаштириб олди. Тажрибаси ошиб, жамоадошларининг ишончини қозонди, бўлинма командирлигига тайинланди.

У спорт билан шуғулланишни тўхтатгани йўқ. Чунки жисмонан кучли ва руҳан бақувват бўлмаган ходим ёнғинни бартараф этолмаслигини яхши билади. Ўтган йили ички ишлар ходимлари ўртасида қўл жанги бўйича вилоят миқёсида ўтказилган спорт мусобақасида 2- ўринни эгаллагани ҳам тинимсиз машқ натижасидир. Қисқаси, жамоасида энг яхшилар қаторида тилга олинади.

Оиласи ҳавас қилгудек. Турмуш ўртоғи ўқитувчи. Икки ўғли, бир қизи бор. Фарзандларининг ҳаммаси олий маълумотли бўлишини чин дилдан ният қилади. Ўзини бахтлилар қаторида билади, зеро барча орзулари ушалмоқда. Қилган меҳнатлари ҳам ўрнида эътирофини топаётир. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг фармони асосида республикамиз Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан “Жасорат” медали билан билан тақдирланди.

— Қалбим қувончдан тўлиб-тошмоқда, чунки камтарона меҳнатим юксак баҳоланди. — дейди Жиззах шаҳар 2- ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бўлинма командири, сержант Алишер Қурбонов. — Бу мукофот зиммамдаги масъулиятни янада оширади, Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишга ундайди. Келгусида ҳам ёнғинларни бартараф этишда бор куч-ғайратимни сарф этишга ваъда бераман. Шу соҳада фаолият кўрсатиш менга ғурур бағишлайди.

Айтиш мумкинки, мақоламиз қаҳрамони ички ишлар тизимида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган отаси Омон Қурбоновга муносиб фарзанд бўла олди. Худди шундай Алишер Қурбоновнинг кичик ўғли Сардор ота касбини эгалламоқчи, яна ҳам аниқроғи, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги махсус отрядлардан бирида хизмат қилиш болакайнинг орзуси. Хуллас, Қурбоновлар оиласида эл осойишталигини таъминлашга ўзини бахш этишга тайёр яна бир инсон улғаяётган бўлса, ажаб эмас.

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар