Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Кўнгилларда ишонч ҳисси

17 сентябрь 2018, Понедельник
245
1

Манас биз учун тажриба мактаби бўлдики, агар қишлоқларни замонавий масканга айлантириш, ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилаш, одамлар кайфиятини ижобий томонга кескин ўзгартиришни олдимизга мақсад қилиб, изчил ҳаракат қилсак, бунга эришиш мумкинлигига одамларни ишонтира олдик, ўзимизда ҳам ишонч ва қатъият ошди.

Шавкат Мирзиёев.


Ободлик сари

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жорий йилда мамлакатимизнинг ҳар бир туманида 2 тадан қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаяпти. Яна ҳам аниқроғи, бу йил юртимизда 368 та аҳоли пунктини обод ва кўркам гўшаларга айлантириш чоралари кўрилаётир. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида йил охиригача 127 мингта уй-жой таъмирланади. 1 минг 900 километр ичимлик суви тармоғи тортилади. 850 та ижтимоий соҳа объектлари ва 2 минг 400 та савдо инфратузилмасини қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилади.

Шунингдек, 440 километр йўл,2 минг километр электр ҳамда 263 километр табиий газ тармоқлари таъмирдан чиқарилади. 470 та автобус харид қилиш, 330 дан ортиқ бекатни бунёд этиш, шунга мос равишда жамоат транспорти йўналишларини юзага келтириш билан боғлиқ ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Умуман олганда, мазкур мақсадга 3 триллион 447 миллиард сўм йўналтирилган. Келаси йилдан бошлаб мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида учтадан аҳоли пунктини ушбу дастур доирасида обод ва кўркам гўшаларга айлантириш режалаштирилди. Демак, одамлар турмуш маданиятини юксалтириш, ҳаётини фаровонлаштиришга хизмат қиладиган тадбирлар кўлами янада кенгайиб бораверади.

Вилоятимизда ҳамда “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Биргина Мирзачўл тумани марказидаги “Ғалаба”, “Мустақиллик”, “Мирзадала”, “Дўстлик”, “Ержар” маҳаллаларини ўз ичига олувчи ҳудудда асрга татигулик ишлар бажарилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, 177 та кўп қаватли уйлар тевараги ноқонуний иншоотлар ва чиқиндилардан холи этилиб, тўлиқ таъмирдан чиқарилди. “Обод қишлоқ” ва манзилли дастур асосида намунали лойиҳа асосида 233 та турар жой ҳамда 168 оилага мўлжалланган кўп қаватли уйлар қурилиши ҳам бугун-эрта якунланади.

Ўзгаришларга уйғунмиз

Бу маҳаллалар ҳудудидаги 5 та мактабгача таълим муассасаси, 4 та ўрта умумтаълим мактаби, туман тиббиёт бирлашмаси капитал таъмирдан чиқарилаётир. 250 ўринли марказий поликлиника қурилиши ҳам якунланиш арафасида. 51,4 километр сув, 11 километр табиий газ, 54,8 километр электр тармоқларини тортиш ишлари ниҳояланишига оз қолди. Режадаги 20 дан ортиқ савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг асосий қисми фаолият бошлади. Шунингдек, 1 та хусусий клиника ишга туширилади. Кўчаларга 263 та ёритиш устунлари ўрнатилиб, 690 метр квадрат жой кўкаламзолаштирилди.

Бундан ташқари “Мирзачўлтекс”, “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”, “Мирзачўл мелиоратор”, “Мирзачўл чорва комплекси” каби ишлаб чиқариш корхоналари ҳам дастур негизида юзага келтирилди. Мирзачўл туманини вилоят маркази билан боғловчи темир йўл қатнови ҳам йўлга қўйилди. Дастур уйғотган бунёдкорлик эпкинлари ҳудуддаги ички ишлар идораларини ҳам четлаб ўтмади. Чунончи, туман ички ишлар бўлими биноси капитал таъмирдан чиқарилди.

— Ходимларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратилди, — дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ахборот-таҳлил ва ташкилий ишлар бўйича ёрдамчиси, капитан Мирзааҳмад Абдухалилов. — Ҳар бир хона мебель ва кондиционерлар билан таъминланди, иситиш тизими янгиланди. Худди шундай маънавият ва маърифат хонасига янги жиҳозлар ва адабиётлар олинди. Сифатли овқатланиш ҳамда ювиниш шароитлари юзага келтирилди. Ушланганларни вақтинча сақлаш хонаси ҳам замон талабларига мосланди. Жумладан, кузатув камералари ўрнатилди, душ барпо этилди. Очиғи, 1994 йилдан буён туман ички ишлар бўлимида бунақа ҳажмда таъмирлаш ишлари бажарилмаган. Ўз навбатида ана шу имкониятларга мос бўлиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳар қачонгидан кўра ўзимизни масъул ҳисоблаяпмиз. “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган юмушлардан ҳам четда қолмаяпмиз. Чунончи, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар теварагидаги ноқонуний иншоотларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб бордик. Қурилишлар жараёнида техника, ёнғин ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрдик. Ҳашардақатнашиб, “Пахтакор” ва “Тараққиёт” кўчаларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажардик. Шунингдек, ходимларимиз томонидан ҳудудда 3500 дан ортиқ арча кўчатлари экилди. Айтганча, ИИБ биносининг кириш қисмида фуқароларни қабул қилиш учун шароит яратилди. Яъни, келувчилар туман ИИБ бошлиғи ва бошқа масъуллар билан бевосита учрашиш имконига эга бўлишди.

Ҳаммаси назорат остида

Аҳоли яшаш шароитларининг яхшиланиши, янги иш ўринларининг яратилиши ва юз бераётган ўзгаришлар ҳудудда қонунбузарликларнинг кескин қисқаришига сабаб бўлаётир. Масалан, “Ғалаба” маҳалласида жорий йилнинг ўтган даврида 8 та жиноят қайд этилган. 2017 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 19 тани ташкил этди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш тадбирларининг кучайтирилиши ҳамда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 50 дан ортиқ видеокузатув ускуналарининг ўрнатилиши мазкур натижа омили, десак адашмаймиз.

Бу камералар Мирзачўл тумани маркази — Гагарин шаҳрига элтувчи барча йўллар ҳамда асосий кўчаларни тўлиқ назорат қилиш имконини берган. Айни вақтда ҳудуддаги мактабгача таълим, ўрта умумтаълим ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларини видеокузатув назоратига олиш чоралари кўрилмоқда. Аниқроқ айтганда, осойишталикни таъминлаш тадбирлари ҳудуд ўзгаришларига монанд тарзда амалга оширилаяпти.

— Ўрнатилган чироқлар туфайли, ҳамма кўчаларимиз кундузгидек чароғон, — дейди “Ғалаба” маҳалласида яшовчи Ҳабибулло Турдиев. — Илгари чиқинди уюмлари ва қўшимча иншоотлар сабаб кўп қаватли уйлар орасига кириб бўлмасди. Бугунда ноқонуний бино ва чиқиндилар тўлиқ олинди. Ҳамма томонга кузатув камералари қўйилган. Шунданми, жиноятлар содир бўлмай қўйди. Илгари мавсумий ишлар билан шуғулланардим, турмуш ўртоғим ишсиз эди. Яқинда “Обод қишлоқ” дастури доирасида барпо қилинган чорвачилик комплексига ишга кирдим, турмуш ўртоғим бўлса, “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” корхонасида ишлаяпти. Имтиёзли кредитга намунали лойиҳа асосида қурилган уйлардан бирини арзонлаштирилган нархда беришди. Мирзачўлликлар ҳаётида юз бераётган бу каби ўзгаришлар жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади, деб ўйлайман. Ишли одам бўлмағур юмушга қўл урармиди?

“Обод қишлоқ” дастури доирасида “Ғалаба” маҳалласи, Ҳумоюн Мирзо кўчасида жойлашган Мирзачўл тумани ёнғин хавфсизлиги бўлинмасининг 2- сонли касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми ҳам капитал таъмирдан чиқарилди. Чунончи, қисм ҳудуди девор билан ўралди. Алоқачилар хонаси, 20 ўринли ўқув хонаси, ётоқхона, ошхона таъмирланди, бино томи, эшик ва деразалар янгиланди. 10 кишилик ёзги ошхона ва душ қурилди.

— Шунингдек, қисмга тегишли 2 та ёнғин ўчириш техникалари тўлиқ таъмирланиб, энг зарурий қисмлари янгиланди, — дейди туман ёнғин хавфсизлиги бўлинмасининг 2- сонли касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғи Зафар Намозов. — Ҳудудга асфальт ётқизилиб, ободонлаштирилди. Қисм ҳовлисида 60 туп мевали ва манзарали дарахтлар мавжуд бўлиб, қўшимча равишда 100 дона арча кўчати экдик. Маънавият ва маърифат хонасидаги китоблар сонини ошириш масаласи ҳам эътибордан четда қолгани йўқ.

Халқимизга янада яқинлашдик

Худди шундай Мирзачўл тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи ҳам янги бинога кўчирилди. “Ғалаба” маҳалласининг “Тараққиёт” кўчасида жойлашган 7 хонадан иборат бинода барча шароитлар юзага келтирилган. Хусусан, кутиш хонасида ҳужжатлар намуналари ҳамда республика, вилоят ва туман ички ишлар идоралари “ишонч телефон”ларига оид барча маълумотларни олиш мумкин.

Шунингдек, келувчиларга мамлакатимиз қонунчилигида юз бераётган ўзгаришлар ва фуқаролик ҳужжатларини расмийлаштиришга доир видеороликлар намойиш этилади. Мўъжаз кутубхона ва банк шохобчаси ҳам бор.

— Юртдошларимиз онлайн тарзда қабул учун навбатга ёзилишлари мумкин, — дейди туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи бошлиғи, лейтенант Собир Маҳмудов. —Шунингдек, тўлов ва жарималарни ҳам онлайн тарзда тўлаш имкони юзага келтирилди. Илгари гуруҳимиз туман ИИБда жойлашган эди, бу эса фуқароларга айрим ноқулайликларни туғдирарди. Ҳозир алоҳида жойдамиз, келувчилар тўғридан тўғри биномизга кириш имконига эга бўлдилар. Аниқроқ айтганда, халққа янада яқинлашдик.

Туман ИИБ масъулларининг таъкидига кўра, шароит жиҳатидан ушбу миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи вилоятда энг намуналиларидан бири ҳисобланади. Туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи биноси тўғрисида эса “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғини, туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг 135- сонли таянч пункти ҳамда учинчи, яъни ички ишлар сектори раҳбарининг хоналарини ўзида жо қилган қилган иншоот жойлашган. 20-30 қадам нарида эса профилактика инспекторининг хизмат уйи қад ростлаган.

— Хизмат хонамдан туриб, 16 та видеокузатув ускунаси орқалиўзимга тегишли ҳудуднинг энг асосий қисмини назорат қилиш имконига эга бўлдик, — дейди туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг 135- сонли таянч пункти профилактика инспектори, майор Жамшид Норқулов. — Бу ускуналар нафақат жиноятларни “иссиқ изи”да очишда қўл келаяпти, балки профилактик аҳамият ҳам касб этаётир. Яъни, атроф кузатувда эканлигини сезган айрим фуқаролар ўзларини ножўя хатти-ҳаракатлардан тиймоқдалар. Қолаверса, хизмат уйи ва автомашина билан таъминландик. Маҳалланинг ичидамиз, бирор воқеа юз берса, бир зумда етиб борамиз. Таянч пункти ва уйимни бир минутлик йўл ажратиб туради. Ишинг бундай тартибда йўлга қўйилиши профилактика инспекторининг фаолиятини осонлаштирди, турмушини қулайлаштирди. Шу билан бирга одамларнинг ички ишлар ходимлари кўмагига таяниш имкониятларини кенгайтирди. Булар ҳаммаси учун Президентимизга раҳмат.

Муаммоларни бирга ҳал этаяпмиз

— Дарҳақиқат, маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика инспектори ва сектор раҳбари хоналарининг бир бинода жойлашуви ишимизни енгиллаштирди, — дейди “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Нурхон Чўтбоева. — Оилавий жанжалларни бартараф этиш, жиноятга мойил шахслар билан суҳбат ўтказиш, одамларни ишга жойлаштириш, кам таъминланганлар ҳолидан хабар олиш, кредит ажратилишига кўмаклашиш каби ишларни профилактика инспектори билан бирга ҳал қилаяпмиз. Бу эса маҳалламизда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнининг кескин камайишига олиб келди. Ишонасизми, “Обод қишлоқ” дастури одамларимизни ўзгартириб юборди. Илгаригидек, бекор юрган одамларни кўрмайсиз. Кўпчилик ишли бўлган, ҳамма ҳаётини фаровонлаштиришга интилаяпти. Булар ҳаммаси учун мирзачўлликлар давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдор.

Хулоса ўрнида

Бугун қаердаки “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга татбиқ этилаётган бўлса, ўша жой гуллаб-яшнаб, ўзига хос кўрк касб этмоқда. Кўнгилларни эса шу юртдан фахрланиш, келажакка ишонч, тинчлик ва хотиржамлик ҳислари тўлдираётир. Бу фикримизга заррача шубҳангиз бўлса, Мирзачўлга келинг, “Ғалаба” маҳалласини кўринг, завқланинг!

Алижон АБДУСАТТОРОВ.


скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (1)
Гость JeaElunny
Гость JeaElunny Гости 5 февраля 2019 14:02
Achat De Kamagra Au Canada Buy Paxil On Line Cialis A Paris cialis grenoble Ordine Kamagra Order Valtrex Online Uk
Фойдали ҳаволалар