Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Коронавирус ҳақиқатлари

08 апрель 2020, Среда
115
0

 Касофати фақат ўзига эмас       

Махсус рухсатномага эга бўлмаган ҳайдовчи уни тўхтатган йўл-патруль хизмати ходимини “Ласетти”сида 600 метр масофагача судраб, уни тушириб қолдириш учун хавфли манёврларни амалга оширди. Бошқа бир ҳайдовчи эса айланма йўллар орқали постларни четлаб ўтиб, ноқонуний киракашликнинг уддасидан чиқаётгани билан ғурурланаяпти. Яна бири махсус рухсатномани шумлик йўли билан олгани ҳақида оғиз кўпиртирмоқда.

Ҳа, кимлардир юқумли касаллик тарқалишининг олдини олиш учун куну тун оромидан воз кечиб, соғлигини, жонини хатарга қўяётган бўлса, айримлар жиғилдон ташвишида, худди парвонадек олов билан ўйнамоқда. Ачинарлиси, уларнинг зарари фақат ўзларига тегмайди.

 

Ажали етган ўлади

10-15 кишининг йўл бўйлаб чуқур ковлаётганига кўзим тушди. Орасида мактаб ўқувчилари ҳам бор. Ишлаётганларнинг ярмида ниқоб йўқ. Маҳаллада ўртасида бўш турган 2 сотих жойни суғориш учун қувур тортишни режалаштиришибди. Ўтган-кетганларни ҳашарда қатнашишга ундашмоқда.

Кимнингдир “Коронавирусчи?”, деган саволига: “Ажали етган ўлади” мазмунида жавоб қайтарилди. “Элдан ажралмаслик учун” айримлар ҳашарга қўшилди.

Давоси топилмаган юқумли касаллик бутун дунёда минглаб одамлар ёстиғини қуритаётган бир пайтда бундайин ёндашувни нимага менгзашни билмадим.

Балодан қўрқмаймиз, лекин ...

Бозорда 50-60 одам нархи арзонлаштирилган картошка учун навбатда турибди. Ҳамма ниқоб таққан, лекин ҳеч ким масофани ушламаяпти. Сал нарида ун талаш, кўпчилик бир неча қопдан сотиб олаётир.

Шунақа талашишмаса, қоплаб сотиб олишмаса, сотувчилар нархни кўтаришга ошиқишмасмиди? Одамлар коронавирус юқтиришдан эмас, оч қолишдан чўчишаётгандек, туюлди менга.

 

Коронавирус чиқиндиларни ҳам ўзгартирди

Кўчаларда чиқиндилар таркиби ўзгараётир. Полиэтилен пакетлар, тагликлар қаторига юзниқоб, қўлқоп ва салфеткалар қўшилди. Коронавирус чиқиндилар таркибини ўзгартирди, аммо инсоннинг табиатини, яна ҳам аниқроғи, табиатга бўлган муносабатини ўзгартиролмаган кўринади.    

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар