Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

№ 2 Коронавирус ҳақиқатлари

10 апрель 2020, Пятница
552
0

 Ҳибсхона таомномаси

Шароф Рашидов туманида яшовчи икки қўшни уйда ароқ ичиб ўтиришарди. Ичкилик тугаб қолгач, гап чойхоналарнинг ишламаётганига кўчди ва икковлон кўча бошидаги кабобхонага йўл олишди. Аммо ошпаз карантин сабаб, уларни ичкарига қўя олмаслигини, емакни олиб кетишлари мумкинлигини билдирди. Бу таклиф улфатларни қониқтирмади, “бурни кўтарилиб қолган” кабобпазни сўкиб, ҳақоратлай бошладилар.

Шу пайт қаердандир келиб қолган ака-ука жанжалкашларни ажратиб қўймоқчи бўлишди. Шунда мастлардан бири ёнидаги пичоғи билан ўсмирларнинг қўл ва оёқларига жароҳат етказди.      

Хуллас, ёши 60 га яқинлаган қўшнилар маълум муддат кабоб ва ароқни унутишларига, аксинча ҳибсхона таомномасига кўникишларига тўғри келади. 

 “Қўрқаман, лекин нафсим ёмон...”

Ошхонадаги бўлмалардан бирига 4 киши жойлашиши билан хизматчи одатдагидек стол устига ароқ қўйиб кетди. Аввал коронавируснинг тезроқ даф бўлиши учун, сўнгра саломатлик учун қадаҳ кўтарилди. Зарбдор тумани ички ишлар бўлими ходимлари кириб қолмаганларида отамлашув анча давом этиши мумкин эди.

Ходимларни кўрган шохобча эгаси хўрандаларни орқа эшикдан чиқариб юборишга улгурмаган хизматчиларга ўшқира бошлади. Кейин касодга учрамаслик учун шундай иш тутишга мажбур бўлаётганини важоҳат билан тушунтиришга киришди.

Ички ишлар ходимининг “Онангиз ёш болангизни ниқобсиз шу жойда кўтариб юрибди, уларга хўрандалардан коронавирус инфекцияси юқишидан, ошхонангиз эса касаллик ўчоғига айланишидан қўрқмайсизми?”, деган саволига: “Қўрқаман, лекин нафсим ёмон”, дея жавоб қайтарди. 

 “Спиртлаб юборамиз”

Арнасойлик йигитнинг ҳарбий хизматдан қайтиши ота-онага улкан қувонч бағишлади. Дарровгина 20 дан ошиқ тенгдошлар ва маҳалладошлар аскар билан кўришгани келдилар. Кимдир дастурхон ёзишга тутинди, яна кимдир дўконга отланди.

Кутилмаганда меҳмонлардан бири ҳамманинг кўнглидан кечаётган гапларни айтди: “Ҳозир карантин, бекор келдик ўзи”. Бошқаси жавоб қайтарди: “Ҳамма билан кўришиб чиқдинг, бўладигани бўлди, ниқобингни еч, ҳозир бир спиртлаб юборамиз ҳамма вируслар қирилиб кетади”.

Кўп ўтмай дарвоза тақиллади ва ичкарига профилактика инспектори кириб келди. Уй эгаси: “Карантинлигини биламан, лекин меҳмонларнинг кўкрагидан итара олмадим”, дея ўзини оқлаган бўлди. Қонун посбони қоғоз-қалам ушлаши билан йиғилганлар кетишга чоғланди. Ҳаммани спиртламоқчи бўлган давангир эса аллақачон дарвозадан чиқиб улгурганди. 

 “Пешонамдан кўраман”

Тунги соат 3. Мунтазам йўл-патруль хизмати масканида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими Тошкент вилояти томон йўлга чиққан юк машинаси ҳайдовчисини тўхтатди.

- Ҳужжатларингиз жойида экан, оқ йўл. Лекин кечаси юрмасликни тавсия қиламан, иложи бўлса, карантин пайти уйда ўтиринг, коронавирус юқтириб олишингиз мумкин.

- Нима қилай, бошлиқ икки баравар ҳақ тўлашаяпти, енгил автомашина олмоқчиман. Озгина қолди.

- Инфекция юқтириб олсангиз, автоуловни ким минади?

- Нима бўлса-бўлар, пешонадан кўрдим.

Уйқусизликдан кўзлари толиққан, танасини совуқ аёвсиз чимчилаётган йўл-ҳаракати хавфсизлиги ходими автоуловнинг орқасидан кузатиб қолар экан ўзича деди: “Бир тўйиб ухлаб олсам эди”. 

 P.S. ёки УЙДА ҚОЛИНГ

Сезганингиздек, айримлар жиғилдон ғамида ўзи ва бошқалар ҳаётини хавф остига қўйишдан тап тортмаяпти. Табиат тирикликнинг ҳар бир вакилига жонни сақлаш инстинктини ато этган. Аммо юксак тафаккурга эга инсоннинг ўзини бу тахлит тутаётгани афсус ва ачинишдан ўзгасига лойиқ эмас.

Маълумот ўрнида: Жиззах вилоятида сўнги 25 кун давомида 3000 мингга фуқаро карантин қоидаларини бузди. 3 киши эса коронавирус инфекциясини юқтирган.   

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар