Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Умидларни ушалтириб...

28 сентябрь 2018, Пятница
1 116
0

Аббос ва Асадбекнинг ҳаракатларини бироз кузатган мураббий: “Болаларингдан яхши спортчи етишиб чиқадиганга ўхшайди, машғулотга келаверишсин, биласан, ҳозир спортга эътибор кучайган, бир неча йилда улардан жаҳон чемпионлари етишиб чиқса, ажабмас, ўзингга ўхшаса ҳам ёмон бўлишмайди”, деди. Бу гаплар Исмоил Комиловнинг кўнглини тоғдай кўтарди, бир зум кўз ўнгида шоҳсупада турган ўғиллари намоён бўлди.

У фарзандларини қўл жанги машғулотларига бежиз олиб келгани йўқ. Аввало, ҳар бир эркак ўзини ҳимоя қила олиши керак, деб ҳисоблайди, қолаверса, ёшлигида қўл жанги билан шуғулланган, аммо спорт йўлидан кетмади, шароит бошқача эди. Ушалмаган орзусини фарзандлари рўёбга чиқарса, борми...

Шу тариқа Аббос ва Асадбек Бўрибоевлар Жиззах вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерациясининг бош мураббийи Ҳусан Эргашевдан сабоқ ола бошладилар. Сабот ва ирода билан қилинган машқлар натижасини узоқ куттирмади. Тўғри, унгача оға-инилар бир қанча мағлубиятлар аламини ҳам тортишди. Икки йил деганда болалар вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда юқори натижаларни қўлга кирита бошладилар. Аниқроғи, 10 ёшли Асадбек Андижонда бўлиб ўтган республика чемпионатида тенгдошлари ўртасида мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб, олтин медаль соҳиби бўлди.

Ана шу ютуқ сабаб бўлдими ёки жасоратли болакай етарли маҳорат ва тажриба тўплай олдими, республика ва халқаро мусобақалар шоҳсупасига кўтарила бошлади. Қисқаси, айни вақтда 16 ёшли Асадбек 1 та жаҳон, 2 та халқаро, 10 та республика миқёсида ўтказилган чемпионатларда қўлга киритилган олтин, кумуш ва бронза медалларига эга. Жумладан, жорий йилнинг 22-25 февраль кунлари пойтахтимизда ўтказилган қўл жанги бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатларига саралаш баҳсларида муваффақиятли қатнашиб, 12-19 май кунлари Россия Федерациясининг Уфа шаҳрида уюштирилган Осиё ва Евроосиё чемпионатларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу мусобақаларда Асадбекка омад кулиб боқди, унинг кўкрагини Осиё чемпионатининг олтин, Евроосиё чемпионатининг кумуш медаллари безади.

Ушбу ғалабалар Россиянинг Тула шаҳрида 20-23 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма вазифасини ўтади. Айтиш жоизки, 14-15, 16-17, 18-21 ёшдаги ўсмир ва ёшлар ўртасида ўтказилган ушбу мусобақада мамлакатимиздан 44 нафар спортчилар қатнашдилар. 27 та давлат вакиллари иштирок этган мазкур чемпионатда умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон термаси иккинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар орасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жиззах академик лицейи ўқувчиси, 42 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан Асадбек Бўрибоев ҳам бор.

— Ушбу мусобақада бронза медалини қўлга киритдим, келгусида бундан-да юқори натижаларни қайд этишимга аминман, — дейди Асадбек. — Орзуим ички ишлар ходими бўлиш, шу мақсадда мазкур лицейга ўқишга кирдим. Спорт билан мунтазам шуғулланаётганим келажакда халқ осойишталигини сақлаш билан боғлиқ фаолиятимда қўл келишига ишонаман. Шу мақсад йўлида инглиз ва рус тилларини ҳамда тарих фанини қизиқиш билан ўрганаяпман.

— Асадбек 8 ёшидан бошлаб 8 йил давомида қўл жанги билан мунтазам шуғулланмоқда, — дейди мураббий Пўлат Маннонов. — У ирода, сабот ва чидам билан ўз мақсади сари тинимсиз интилмоқда. Ҳар куни 2 соат вақтини севимли спорт турига ажратади, шу билан бирга сузиш машғулотларида қатнашаётир. Бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштириб бормоқда. Ютқизиқлар уни эсанкиратиб қўймайди, худди шундай ғалабалар ҳаволантирмайди. Камтарин ва тиришқоқ шогирдларимиздан бири — Асадбекдан маҳоратли ички ишлар ходими етишиб чиқишига ишонаман.

16 ёшли жаҳон чемпиони Асадбек мамлакатимизнинг умидли ёш спортчиларидан бири, десак адашмаймиз. Устозлари бу йигитча сабаб юртимиз мадҳияси жаҳон ареналарида ҳали кўп маротаба янграшига ишонадилар. Айтганча, унинг акаси Аббос ҳам 1 та жаҳон, 2 та халқаро мусобақалар ғолиблигини қўлга киритган. Хуллас, орзу-умидлар ушалмоқда.

Алижон Абдусатторов.
скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш

Тавсия этамиз:

Кўнгилларда ишонч ҳисси
17 сентябрь 2018, Понедельник
Кўнгилларда ишонч ҳисси
Отасининг ўғли
13 сентябрь 2018, Четверг
Отасининг ўғли
Ишчи бошлиғини пичоқлади
30 июль 2018, Понедельник
Ишчи бошлиғини пичоқлади
Ҳаддин билмаганлар
20 июль 2018, Пятница
Ҳаддин билмаганлар
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар