Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Чин юракдан ишлаш завқи

29 апрель 2020, Среда
215
0

Жорий йилнинг 26-28 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Жиззах вилоятида бўлиб, коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ва томорқаларда агротехник тадбирларнинг бажарилиши ҳамда  бандлик ва аҳоли ижтимоий ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ишлар сифатини ўрганди ҳамда мазкур жабҳаларда кузатилган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз тавсияларини берди. Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бу жараёнда кўплаб омилкор деҳқонлар, хусусан, томорқадан унумли фойдаланаётган мирзачўлик Мирсалоҳиддин Ҳамидов билан ҳам учрашди. 

 Саратонда ҳам дарахт кўчатини кўчириб ўтқазиш мумкин. Бунинг учун ниҳолдаги баргли новдалар кесиб ташланади ва кўчатга тез-тез сув қуйиб турилади. Шунингдек, ниҳол япроқ чиқаргунча соя остида бўлиши керак.

Дарахт қатор орасидан яхши ҳосил учун эса оралиқ экинни иложи борича барвақт экиш зарур. Токи дарахт барглаб, соя соладиган даражага етгунча оралиқ экин қуёш нурларига тўйиниб олсин.  

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги “Ипак йўли” маҳалласида яшовчи 76 ёшли Мирсалоҳиддин Ҳамидов билан суҳбатлашгудек бўлсангиз, деҳқончиликнинг бу каби кўплаб сирларидан воқиф бўлишингиз тайин. Яна шу нарсани сезасизки, отахондаги ерга оид билим ва тажриба қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик ҳалол ва чин дилдан қилинган меҳнат самарасидир.

Дарҳақиқат, Мирсалоҳиддин Ҳамидовнинг ҳаёт йўлига қизиқадиган бўлсангиз, кўз ўнгингизда ҳақиқий дала заҳматкашининг тақдири жонланади. У 1944 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилган. Мақоламиз қаҳрамонининг болалиги урушдан кейинги йилларга тўғри келгани боис аксар тенгдошлари қаторида кўп қийинчиликларни бошидан ўтказди. Отаси эрта вафот этгани сабаб онаси билан бирга эртаю кеч далада меҳнат қиларди. Эътиборлиси, уларнинг оиласи бир парча томорқадан йилга етгулик маҳсулот олишнинг уддасидан чиқарди.

Мирсалоҳиддин Ҳамидов ўрта мактабни тугаллагач, тақдирнинг тақозоси билан 1961-1963 йилларда Тожикистоннинг Исфара шаҳридаги касб-техника билим юртининг нефть саноати мутахассислиги йўналишида таълим олди. Ўқув муассасасини тамомлагач, геология-қидирув соҳасида бурғиловчи бўлиб ишлади.

 Мирзачўл ўзлаштира бошлангач, аниқроғи, 1971 йилда чўлга келди ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятини бошлади. Ишчи, механизатор, бригада бошлиғи, агроном, бош агроном вазифаларида фаолият кўрсатди. У қайси вазифада ишламасин, ўз касбининг устаси сифатида одамлар ишончи ва ҳурматини қозонарди. Асосийси, қайси экин майдонига эгалик қилса, ўша ердан юқори ҳосилдорликка эришиларди. Айтганча, у фермер хўжалиги фаолиятини ҳам юритди.

Бу хизматлари учун 5 та орден ва медал билан мукофотланган. Жумладан, 1990 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор” фахрий унвонига сазовор бўлди. 1996 йилда эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Айни вақтда Мирсалоҳиддин Ҳамидов пенсияда, деҳқончилик соҳасида тўплаган узоқ йиллик тажрибасини томорқасини ривожлантиришга йўналтираяпти. Шу ўринда айрим рақамларга эътиборингизни қаратсак, Мирсалоҳиддин Ҳамидовнинг ҳовлиси 19 сотихни ташкил қилади. Лекин отахон уйи теварагидаги зовур ва йўл бўйларини ўзлаштириш ҳисобига фойдаланаётган ер майдонларини йилма йил кенгайтириб бораётир. Яна ҳам аниқроғи, 2 сотихлик иссиқхонасида 35 туп лимон етиштираяпти. Боғида 220 туп анор, 43 туп тўла ҳосилга кирган, 100 тупи энди мева беришни бошлаган ёнғоқ, 200 туп ўрик, гилос, беҳи, олма, хурмо, бодом, кедр ёнғоғи каби мевали дарахтлар бор. 4 сотих майдонини эса токзор эгаллаган.

Ана шу дарахтлар орасидаги 10 сотих ерда ошқовоқ, 8 сотих ерда помидор, 10 сотих ерда картошка, 3 сотих ерда булғор қалампири ундирилган. Бундан ташқари пиёз, бодринг, саримсоқ пиёз ва турли кўкатлар экилган. Уй тўғрисидаги ҳовуз ва уни ўраган толлар атрофга салқинлик, кўнгилга сокинлик бахш этади. Йўл бўйидаги 300 туп денгиздек чайқалиб турган мирзатераклар ҳам отахонга тегишли. Шунингдек, у ҳар йили 500 минг дона помидор кўчати етиштиради.

- Томорқадан самарали фойдаланиш нафақат даромад манбаи балки меҳнатдан завқ олиш имконияти ҳамдир, — дейди Мирсалоҳиддин Ҳамидов. — Кўнгилдагидек ҳосил олганингда ёки айни қиш қаҳратонида иссиқхонага кириб, лимонлар яшиллигидан баҳраманд бўлганингда яйраб кетасан. Қолаверса, ерга суянган одамда бекорчи ва бўлмағур ишларга вақт бўлмайди.  Йўл ёқасидаги 60 сотих жойга буғдой ҳам экканмиз. Демоқчи бўлганим, ўсимлик ёғи ва гуручдан бошқа ҳеч қандай қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотиб олмаймиз. Ортиқчасини бозорга чиқариш ҳисобига ўтган йили 45 миллион сўм соф даромад олдик. Боғдаги аксар дарахтларимиз энди мевалай бошлади, улар тўла ҳосилга киргач, даромадимиз бир неча баробарга ортади. Қувонарлиси, мен деҳқончилик сирларини қандай ўзлаштирган бўлсам, бугун фарзандларим, невараларим ҳам шу тахлитда ўрганишаяпти. Ердан даромад олишнинг энг асосий сири унга меҳр беришдир. Ишонасизми-йўқми, бир кун томорқада ишламасам, касал бўлиб қоламан.

Дарвоқе, отахон ёшига нисбатан 10-15 йилга ёшроқ кўринади. Бу ўзи айтмоқчи, ерга меҳрнинг, тинимсиз жисмоний ҳаракатнинг натижаси. Бобо фарзандларининг фаровон ҳаётини ҳам ер билан боғлайди.

- Мирсалоҳиддин Ҳамидов мен фаолият кўрсатаётган ҳудуддаги уста деҳқонлардан бири, — дейди Мирзачўл тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими таянч пунктлари профилактика инспектори, катта лейтенант Ғулом Аҳмедов. — У “Ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳлидан ёрдамини аямайди. Жумладан, отахонга тегишли “ДТ-25” мини тракторида кўпчиликнинг томорқаси ҳайдалмоқда. Бундан ташқари жорий йил унинг ташаббуси билан қишлоғимизга 1,5 километр ердан сув тортиб келинди. Мазкур ариқ яна 30 гектар томорқани сув билан таъминлаш имконини берди. Бу ишга туманимиз ҳокими техника ажратиш билан ҳисса қўшган бўлса, элимиз ҳашар уюштирди. Мирзачўл тумани фермерлари отахоннинг пахтачилик ва ғаллачилик борасидаги тажрибасидан ҳам унумли фойдаланмоқдалар, улар уста деҳқондан тез-тез маслаҳат олишади.

Айтганча, бу йил отахон 4 сотихлик иссиқхона қуришни режалаштирган. Банкдан 30 миллион сўм пул олиши билан ишга киришмоқчи.  

Р.S.

Бугун коронавирус пандемияси туфайли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, вилоятда Мирсалоҳиддин Ҳамидов сингари томорқани барака манбаига айлантирганлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётир. Бу эса халқ дастурхонининг тўкинлиги ва бозорларда нархларнинг барқарор бўлишига хизмат қилади.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

 

Суратларда: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва уста деҳқон Мирсалоҳиддин Ҳамидов.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар