Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Жиззахда 3-сектор ерларидан унумли фойдаланиш чоралари кўрилмоқда

Жиззахда 3-сектор ерларидан унумли фойдаланиш чоралари кўрилмоқда

29 апрель 2020, Среда
169
0

 Маълумки, коронавирус пандемияси инсонлар ва транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклашни тақозо этмоқда. Бундай шароитда иқтисодий муаммолар туғилиши, хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таъминотида узилишлар юзага келиши эҳтимоли катта. Шу маънода, мамлакатимизда экин майдонларидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилаётир.

Чунончи, Шароф Рашидов туманининг Ҳамроқул Носиров номидаги фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси таркибида 11 та боғдорчилик хўжалиги мавжуд. Яна ҳам аниқроғи, 65 гектар экин майдонида узум, олма, олхўри каби мевалар етиштирилмоқда.

Туманнинг Ҳавослик маҳалласида яшовчи Мелибой Қаландаров уюшманинг илғор боғбонларидан бири саналади. У бошчилик қилаётган боғдорчилик хўжалиги 9,5 гектар ер майдонига эга. Омилкор деҳқоннинг даласида узум, ўрик, нок, олма, анжир, олхўри, беҳи дарахтлари етиштирилаяпти.

 Мелибой Қаландаров ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга интилмоқда. Чунончи, дарахт қатор ораларига қизил лавлаги, тарвуз, қалампир, помидор ҳамда булғор қалампири экилган. Боғбон ёз кириши билан мева ва сабзавотларини бозорга чиқаришни мўлжаллаяпти.

Ўтган йили унинг даромади 45 миллион сўмни ташкил этган бўлса, бу йил мазкур кўрсаткични 80 миллион сўмга етказишни режалаштираяпти. Бунга такрорий экинлар ҳажмини ошириш, ҳосилдор навлардан фойдаланиш орқали эришиш кўзда тутилаётир.

Мелибой Қаландаров иккита иссиқхона фаолиятини ҳам йўлга қўйган. Айни вақтда иссиқхоналарда помидор ва бодринг етиштирилмоқда. Қисқаси, деҳқон йилдан йилга ердан фойдаланиш имкониятларини ошириб бораяпти. Айтганча, бу йил хўжалигидаги иш ўринлари сонини 4 тадан 8 тага ошириш ниятида.

 Шу ўринда яна бир маълумот, 2019 йилда Ҳамроқул Носиров номидаги фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги бўш ер майдонларида беда етиштирилган. Жорий йил эса аҳолинининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи инобатга олиниб, картошка, сабзи, пиёз, нўхат, ловия, помидор, бодринг ва тарвуз экилди.

3-сектор масъуллари томорқадан самарали фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Турли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида маҳалладаги қарийб барча хонадонлар томорқаларидан унумли фойдаланиш чоралари кўрилди.  

 Хусусан, Ўктам Мўминов томорқасида 120 туп мевали дарахтлар бор. Дарахт қатор ораларига картошка, помидор, бодринг, ошқовоқ экилган. Табиийки, экин майдонларидан самарали фойдаланишга қаратилган бу каби саъй-ҳаракатлар аҳоли дастурхонининг тўкин бўлиши ва нархлар барқарорлигини таъминлаш учун хизмат қилади.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар