Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

НОМИНГИЗ ЎЧМАС

09 май 2020, Суббота
78
0

 Иккинчи Жаҳон уруши миллионлаб инсонларнинг ҳаётини ўзгартириб юборган. Бу йилларда қанчадан қанча бегуноҳлар қурбон бўлди, кимлардир жонидан, яна кимлардир жигарларидан айрилди. Ота-оналар фарзанд доғида куйди, болалар отасидан жудо бўлди, аёллар урушга кетган турмуш ўртоқларининг ўрнига қорахат олдилар.

Яна миллионлаб инсонлар фашизмга қарши туриб, ғалаба қозонганлар сафида ўз номларини тарих саҳифаларига абадийга муҳрлашди. Ана шундайлардан бири II Жаҳон уруши қатнашчиси, ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги сержант, марҳум Чиноз Шерматовдир.

1918 йилнинг 5 майида туғилган мақоламиз қаҳрамонининг болалиги Тошкент вилоятининг Чиноз туманида кечади. Бу ерга уларнинг оиласи Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан кўчиб келишганди. Уруш арафасида оила яна Жиззахга қайтди. Кўп ўтмай, аниқроғи, 1938 йилда Чиноз Шерматов ҳарбий хизматга чақирилди.

Ҳар бир ишни астойдил бажаришга ўрганган Чиноз ҳарб сирларини пухта ўзлаштиришга интилди. Тинимсиз машқлар ҳосил қилган жанговарлик малакаси унга тез орада керак бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Шундай қилиб, хизмати тугашига оз қолганида фашистлар собиқ шўро давлати чегараларини бузиб кирди.

 

Урушнинг илк кунларидан авиация десант полки сафида жангга қилган Чиноз Шерматов қисқа вақтда жасур ва шижоатли аскар сифатида ўзини кўрсата олди. Натижада унга бўлинма командирлиги ишониб топширилди. Бир йилга яқин вақт давомида ўқчи-пулемётчи сифатида Сталинград остонасида узоқ кечган қирғинларда иштирок этиб, ўнлаб ёвнинг додини берди.

Бу даврда 3 марта контузияга учради, 3 марта жароҳат олди. 1942 йилнинг март ойида Воронеж вилоятининг Алексеевка қишлоғини озод қилиш давомида қўли ва оёғидан яраланди. Ўша куни Чиноз Шерматов госпиталда кўзини очди. Жарроҳлик амалиёти муваффиятли ўтган, аммо шифокорлар оёғи суягига қадалиб қолган ўқни ололмагандилар. Ана шу темир парчаси билан у бутун умр яшади.

1942 йилнинг октябрь ойида Чиноз Шерматов госпиталдан чиқди. Бу сафар уни уйига жўнатишди. Боиси чап қўли ишламай қолганди. Соғлигини бир қадар тиклаган Чиноз Шерматов 1943 йили ички ишлар органларига хизматга кирди. Соҳадаги фаолиятини Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимининг қўриқлаш гуруҳида бошлади. Кейинчалик жамоат тартибини сақлаш, ундан сўнг ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлимларида фаолият кўрсатди.

Жанговар тажрибага эга, жисмонан бақувват, бошлаган ишини охирига етказадиган Чиноз Шерматов жиноятчиликка қарши кураш соҳасида ҳам муваффақиятларга эриша бошлади. Кўплаб жиноятларни очишнинг уддасидан чиқди. Иш жараёнида тажрибали ва малакали сержант ёш ходимларнинг суянчига айланди. Унинг фидокорона хизматлари муносиб баҳоланган. Жумладан, ички ишлар органларидаги самарали фаолияти боис 1958 йилда “Бенуқсон хизматлари учун” медали билан мукофотланди.

Чиноз Шерматов соҳада 30 йил ишлади. Ҳалол, жиддий, чарчоқ билмайдиган бу инсон бекор қолиши мумкин эмас эди. Хизматдан чиқибоқ шаҳар ижроия қўмитасига хўжалик мудири бўлиб ишга жойлашди. Кейин Жиззах шаҳридаги “Ўрда” боғида бошқарувчи, сўнгра лимончиликка ихтисослашган “Жиззах” хўжалигида директор ўринбосари лавозимида фаолият юритди.

Мақоламиз қаҳрамони эл орасида ибратли оила бошлиғи сифатида ҳам обрў қозонди. У турмуш ўртоғи Бодом момо билан бирга 7 фарзандни комил инсонлар қилиб улғайтирди, уйли-жойли қилди, невара-чеваралар кўрди.

Айтиш керак, Чиноз Шерматов қаерда бўлмасин, ички ишлар органларидан узилиб кетмади. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ташкил қилинган тадбирларда тез-тез қатнашарди. Ёш ходимлар билан бўлган учрашувларда уруш хотиралари ҳамда жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги тажрибалари хусусида сўзлаб беришдан эринмасди. Ўз навбатида бошқарма вакиллари унинг хонадонида бўлиб, отахондан ҳол сўраб туришарди.         

Чиноз Шерматовнинг юрт тинчлиги ва равнақига қўшган ҳиссаси 1994 йилда яна бир бор эътирофини топди. У “Жасорат” медали билан тақдирланди. Умуман олганда отахон 30 га яқин орден ва медаллар соҳиби бўлган.

2010 йилда Чиноз Шерматов ҳаётдан кўз юмди. Аммо унинг хотираси қалбларда мангу яшайди. Зеро юрт эрки ва тараққиёти учун курашганлар унутилмайди. Айтганча, Чиноз Шерматовнинг ўғиллари жорий 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида отанинг орден ва медалларини, унинг ҳаётидан сўзловчи фотосурат ва ҳужжатларни Жиззах вилояти ИИБ музейига топширишни ният қилишган.

 

Суратда уруш фахрийси Чиноз Шерматов.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар