Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч
» » Ички ишлар ходимларининг ҳиссаси

Ички ишлар ходимларининг ҳиссаси

03 октябрь 2018, Среда
1 421
0

Айни вақтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Жиззах вилоятида пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Деҳқонларимиз томонидан йил давомида машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган “оқ олтин”ни йиғиштириб олишга бутун халқимиз бирдек бел боғлаган. Ҳамманинг эътибори мамлакатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган мазкур хом ашёни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб олишга қаратилган.

Пахта нафақат мамлакатимиз валюта захирасини бойитувчи восита, балки енгил саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари очиш, асосийси, халқ турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилувчи омилдир. Шу маънода, ушбу хом ашё юртимизда бениҳоя қадрланади. Ҳар йили кузда элимиз бир ёқадан бош чиқариб, ўз ўрнини деҳқоннинг ёнида деб билиши ҳам шундан.

Жумладан, вилоят ички ишлар органлари ходимлари умумхалқ ҳашарида фаол қатнашмоқдалар. Соҳа вакиллари пахта йиғим-терим мавсумида осойишталикни, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати ҳамда техника хавфсизлигини таъминлаш каби вазифаларни бажариш билан бирга 3 та терим отрядига жам бўлиб, фермерларга яқиндан ёрдам бермоқдалар.

Айни вақтда сиз кўриб турган тасвирлар Арнасой туманининг “Янгибўстон” сув истеъмолчилар уюшмаси таркибидага фермер хўжаликлари далаларида олинган. Мазкур ҳудудда қарийб 500 нафарга яқин ички ишлар органлари вакиллари теримда қатнашмоқда.

Терим пулларининг ўз вақтида берилаётгани ва терим ҳақининг оширилгани иш жараёнига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан,биринчи теримга 1 килограмм пахта учун 950 сўмдан ҳақ тўланаяпти. Иккинчи терим учун 1 минг 150 сўм, учинчи теримга 1 минг 300 сўмдан берилаётир. Шундай экан, оила бўлиб, пахта териш яхшигина пул топиш имконини беради. Мазкур жараёнда илғор теримчиларни рағбатлантириш чоралари кўрилаётир. Хусусан, илғорларга вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал майор Ғайрат Қодировнинг эсдалик совғалари топширилмоқда.

Айни вақтда ички ишлар органлари ҳашарчилари пахта тераётган “Янгибўстон” сув истеъмолчилар уюшмаси далаларида эса иш суръати тобора ортаётир. Мазкур уюшмасининг 12 та фермер хўжаликлари томонидан 252 гектар майдонда пахта етиштирилди. Улар жорий йилда 506 тонналик хирмон уюшлари лозим. Уюшма таркибидаги “Янгибўстон йўли” фермер хўжалиги жамоаси эса туманда биринчилар қаторида давлатга пахта сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажарган.

Худди шундай, мазкур сув истеъмолчилар уюшмаси таркибидаги “Тиним билмас”, “Мулоқот-мурожаат”, “Баркамол Арнасой” фермер хўжаликлари деҳқонлари ҳам маррага яқинлашиб қолдилар. Табиийки, бу муваффақиятларда ички ишлар органлари терим отрядларининг муносиб ҳиссаси бўлади.

- Ҳар куни 15 тоннадан, мавсум бошидан буён эса 100 тоннадан ошиқ пахта тердик, - дейди вилоят ИИБ терим отряди раҳбари Жасур Жиянов. - Мавсум якунигача бу кўрсаткични 600 тоннага етказишни режалаштирганмиз. Далаларда пахта мўл.

Умуман олганда Арнасой туманида ҳашарчилар сонини 4 минг нафарга етказиш чоралари кўрилаётир. Бу йўналишда фаол тарғибот уюштирилиб, теримнинг оилавий бюджетни мустаҳкамлашдаги аҳамияти аҳоли қатламларига тушунтирилмоқда. Ташвиқот маданийтадбирлар билан уйғунликда амалга оширилаётгани ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Чунончи, вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Арнасой тумани марказида вилоятимиз санъаткорлари ва сўз усталари томонидан кўнгилочар дастур намойиш этилди.

Вилоятимизда пахта терими қизғин паллага кирди. Далалардаги ҳосил салмоғи ва терим суръатини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлардан сезиш мумкинки, қисқа муддатларда вилоятимиз фермерлари кўзлаган марраларини забт этадилар.

Вилоят ИИБ ахборот-мультимедиа гуруҳи.

скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар