Мурожаат учун телефонлар:
(102) Тезкор
(1102) Ишонч

Не юз қаролиғ бўлди?

26 октябрь 2018, Пятница
1 065
0

Кўрмайин улким иши бўҳтон эрур,

Билки бу хислат била шайтон эрур.

Алишер Навоий.

“Хотиним экстремист...”

Эски “таниши”нинг қўнғироғи тезкор ходим Нодир Ўрақовнинг хотирасида бир йил илгари юз берган ҳодиса тафсилотларини жонлантирди. Бу воқеа Тошкент вилояти, Зангиота туманида яшовчи Далер Муродовнинг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига мурожаат этишидан бошланди. Аризада баён этилишича, Далернинг турмуш ўртоғи Азиза Қозоғистонда диний экстремистик гуруҳга қўшилиб қолган, шу маънода, у хотинини қайтаришда ёрдам сўраганди.

Табиийки, Жиззах вилояти ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ҳолат юзасидан суриштирувни бошлаб юборишди. Кутилмаганда Азизанинг ўзи пайдо бўлиб қолди. Аниқроғи, Қозоғистондан чегара пости орқали юртимизга қайтаётганида у билан суҳбат ўтказилди. Бир қарашдаёқ Азизанинг ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслигини сезилиб турарди. Очиқ кийинган аёлнинг теваракда рўй бераётган воқеаларга дунёвий нуқтаи назардан ёндашиши бунинг тасдиғи эди.

Кейинчалик эрнинг хотини устидан шикоят ёзишига рашк ва алам сабаб бўлгани аниқланди. Маълум бўлишича, Азиза болаликдан эркин ўсган, ишининг тайини йўқ Далернинг топганига қаноат қилмас эди. У бироз иккиланиб, рўзғор юкини елкасига олишга қарор қилди. Танишларининг маслаҳати билан Қозоғистонга ишлаш учун жўнаб кетди. Ўз навбатида Далер уйда икки нафар фарзандга қараши керак эди.

Охирги пайтларда Азиза Қозоғистонда кўпроқ ушланиб қола бошлади. Шу боисми, Далернинг аёли ҳақида гап-сўз кўпайди: “У ўша томондан биттасини топиб олган, бўлмаса, тез-тез келиб турарди, мана буни қара, эркакман, деб юрибди-да, ор қолмади одамларда...”. Шу қабилидаги гаплар ора-сира қулоғига чалинар, қишлоқдошларнинг кўз қарашидан нима демоқчи бўлганликларини сезарди.

Энди унга Азиза жўнатаётган пуллар ҳам заҳардек ботаётган эди. Аслида ҳаммасига ўзи айбдор. Энди эсини таниганида хато қилди, ўғрилик қилиб, қамалди. Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги очиқ турдаги жазони ўташ муассасасида бўлган кезлари Азизани учратиб қолди.

Шаддод, атрофидагиларга гапини ўтказадиган қиз унда фақат яхши таассуротлар қолдирди. Азиза ҳам бахтини топиш илинжида эди. “Қамалган бўлса, нима қилибди, ҳамма адашади, қолаверса, мен ҳам турмушга чиқишим керак”, деган ўйга борди. Шу тариқа уларнинг тўйи бўлиб ўтди. Дастлаб ҳаммаси кўнгилдагидек эди.

Аммо кўп ўтмасдан бир-бирларининг нуқсонлари яққолроқ намоён бўла бошлади. Илгари фазилат бўлиб кўринган жиҳатлар камчилик сифатида қабул қилинар, майда гаплар жанжалга айланарди. Балки ҳаммасига эркакнинг рўзғор ташвишларини бўйнига олмаслиги сабаб бўлгандир. Энди бўлса, эр болалари билан уйда, хотин Қозоғистонда ошпаз бўлиб ишлаяпти.

“Бангидевона истеъмол қилсам ўламан”

Тезкор ходим буларнинг ҳаммасини Далер Муродовнинг ички ишлар бошқармасига ёзган аризасини ўрганиш асносида билиб олганди. Бугун ўша эски “таниши” Далер қўнғироқ қилиб, наркотик модда олиб юрадиган Умар исмли гиёҳванд таксичи яқинда Жиззахга боришини маълум қилди. Агар зарур бўлса, гиёҳванднинг қайси вақтда Жиззахда бўлажагини билдиришни ваъда қилди. Айнан Нодир Ўрақовга қўнғироқ қилишининг сабабини эса телефонида ходимнинг алоқа рақамлари сақланиб қолганлиги билан изоҳлади.

Тезкор ходим Нодир Ўрақов Далернинг айтганларига унчалик ишонмаса-да, маълумотни текшириб кўриш фойдадан холи бўлмаслигини тушунди. Бу воқеадан кўп ўтмасдан Далер сим қоқиб, Умарнинг Жиззахга отланганлигинимаълум қилди. Автоуловда ўзи ҳам бўлишини билдириб,SMSлар орқали қаерда етиб келганликларини маълум қилиб турди.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Манас-14” йўл патруль хизмати масканида Далер русуми ва давлат белгиларини маълум қилган оқ тусли “Нексия” тўхтатилиб, теширилганида ҳайдовчи ўриндиғи остидаги тўшама тагидан пакетларга солинган 1,97 грамм бангидевона барглари ҳамда 8,7 грамм қовурилган бангидевона топилди.

Табиийки, Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшовчи Умар Ғуломовга нисбатан суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Дастлабки, суҳбат чоғидаёқ Умар Ғуломов автомашинадан топилган гиёҳванд моддаларни биринчи марта кўриб турганлигини, у хоҳлаганда ҳам соғлиги туфайли гиёҳванд модда истеъмол қила олмаслигини баён этди.

Яъни, Умар ОИТС касаллигига чалинган, бундан ташқари жигари ҳам оғрир эди. Бундай хасталиги борлар гиёҳванд модда истеъмол қилиш уёқда турсин, спиртли ичимлик ича олмаслиги, ҳатто чекиши мумкин эмаслиги маълум. Тезлик билан ўтказилган ўрганиш натижалари Умарнинг гапи ростлигини тасдиқлади. Бу жараёнда Умарнинг Далер Муродовга куёв эканлиги ҳам маълум бўлди.

Шунда тезкор ходим Нодир Ўрақов гиёҳванд модда ҳақида маълумот берган Далер Муродов билан суҳбат ўтказди. У бўлса “Ўламан, Саттор, ҳеч нарсани билмасман”, деб туриб олди. Гап орасида Далернинг куёвидан қарзи борлиги аён бўлиб қолди. Далернинг туҳмат қилишга асоси борлигини инобатга олган Нодир Ўрақов бутун диққат-эътиборини унга қаратди. Ходим бор касб маҳоратини ишга солиб, гумонланувчининг виждонини уйғотишга ҳаракат қилар, бераётган кўрсатмаларидаги чалкашликлардан ёлғон гапираётганлигини далиллашга уринарди.

Аммо Далер собиқ жиноятчи сифатида бу каби суҳбатларга обдон тайёргарлик кўрган, айбини бўйнига олмаслик чораларини белгилаб қўйганди. Бироқ қайта-қайта ўтказилган терговларда у сўзидан адаша бошлади, ана шунда тажрибали Нодир Ўрақов гумондорнинг айбини исботлашнинг уддасидан чиқди. Ўз навбатида ёлғонларига ҳеч ким ишонмаслигини билган Далер бор гапни айтиб берди.

Не қилай оғам бўлади?

Далернинг синглиси Жамоланинг ҳаёти ҳам кўнгилдагидек кечмади. Биринчи турмуши бузилиб, бир боласи билан уйига қайтиб келган. Кейин Умарга турмушга чиқди, эри ўзи сингари меҳнатдан қочмайди. Аммо Умарўтмишда қилган хатолари учун жавоб бераётир. ОИТСдек бедаво дардга чалинган. Шунданми, Жамоланинг кўзига баъзида дунё буткул қоронғу кўринади.

Отаси оғасининг уйига сиғмади, тўғри-да, янгаси Қозоғистонма-Қозоғистон юрса, Далер болаларига қарасинми ёки эси кирди-чиқди бўлиб қолган отасига? Шунинг учун ота Жамоланикида яшаяпти. Эри ҳам бунга қарши эмас.

Бир йил илгари акаси турмуш ўртоғидан 1000 АҚШ доллари олганди. Айтилган вақтда қарзини қайтара олмади, 200 доллар беролди, холос. Қолганини насия қилди. Шундан эри норози, ора-сира акасига телефон қилиб, бошини оғритиб туради. Уники ҳам тўғри, касал ҳоли билан ижарага “Нексия” олиб, пул топаяпти, жони ачийди-да. Шундай хаёлга боради-ю, яна акасига раҳми келади.

Камига отаси Далер яшаётган турар жойини сотадиган бўлса, пулнинг тенг ярмини Жамолага беришини кўпнинг ичида тайинлаб қўйган. Энди эри ўша пулни олиш ташвишида ёнаяпти. Унга қолса, пулларни акаси ола қолсин, дейди. Уйлари бўлса, оиласининг куни ўтиб турибди...

Ўтган куни бир гап эшитди, акаси уйни 70 минг АҚШ долларига сотаётганмиш, бундан айниқса, эрининг димоғи чоғ. Ўзича пулни қаерга қандай сарфлашнинг чамасини ола бошлаган. Кутилмаганда Жиззахдан совуқ дарак келди: эри наша билан тушиб қолганмиш, бўлмаган гап... У Жиззахга акаси билан кетмаганмиди?..

Сопини ўзидан чиқармоқчи бўлди

Отаси уй сотилгач, Жамолага пулнининг тенг ярмини бер, дегани чатоқ бўлди-да. Синглиси-ку индамас, аммо куёви қўймайдиганлар хилидан, пулни барибир оламан, деяпти. Қани энди қутилишнинг иложи бўлса, буёқда хотини жиловини йўқотган отдек Қозоғистонга кетишини қўймаяпти. Охирги пайтларда шу қабилидаги фикрлар Далерга тинчлик бермай қўйган.

Уйга харидорлар кела бошлагач, у аниқ хулосага келди, куёвини ўйиндан чиқаради. Ўзича турли режалар туза бошлади, гиёҳванд модда билан тушганларни кечиришмайди. Уни наша билан ушлаб беради. Аммо нашани қаердан олади?

Бу саволга куёви Умарнинг ўзи жавоб топиб берди. Яъни, бир сафар синглисиникига ўтганида Далер куёвига юрак ёрди: “Хотиним Қозоғистонга кетавериб жонимдан тўйдириб юборди, дардимни кимга айтишни билмайман. Ичсам ҳам кўнглим ёришмаяпти, наша сотадиган танишинг йўқми”. Бу гапни эшитган Умарнинг кўз ўнгида гиёҳванд модда сотиб, 7 йил қамалиб қайтган қўшниси намоён бўлди. Одамлар унинг ҳозир ҳам унинг заҳри қотил истеъмол қилишини айтишади, ростмикан?

Куёв қайноғасининг уйидаги машмашалардан хабари бўлгани учун яхшилик қилгиси келди. Уни қўшниси Собир Шодиевникига бошлаб борди ва “Бу киши қайноғам бўлади, сизда иши бор экан, ишонсангиз бўлади”, деди. Далер Собир Шодиевга ҳам дардини тўкиб солди. Банги бироз ўйланиб, жуда зарур бўлса, қўшнининг ҳурмати учун топибберишга ваъда қилди.

Орадан бир неча кун ўтгач Далер Собир Шодиевнинг уйига келди ва озроқ наша сўради. У эса икки пакетчада бангидевона олиб чиқиб, бунинг учун пул олмаслигини билдирди. Далер “Қўлингиз қуруқ бўлмасин”, деганча 10 минг сўм узатди.

Бу воқеадан кўп ўтмай Азиза Жиззахга, қариндошлариникига бориш учун рухсат сўраганда Далер “Ҳаммамиз бирга борамиз”, деди. Уларни Жиззахга олиб бориш учун куёви Умарни ёллади. Бир иложини топиб, гиёҳванд моддани ҳайдовчи ўриндиғи остига яшириб қўйди ва йўл-йўлакай тезкор ходимга SMSлар ёзиб борди.

Ўзи қазиган чоҳга йиқилди

Тергов давомида Далерни гиёҳванд модда билан таъминлаган Собир Шодиев бангидевонани ташландиқ жойдан йиғиб келганлигини, ора-сира марихуана истеъмол қилиб туришини тан олди.

Қисқаси, номард қайноға ўзи қазиган чоҳга ўзи йиқилди. Суд унга 6,5 йиллик қамоқ жазосини тайинлади. Табиийки, жазони белгилаш жараёнида айбланувчининг ёлғон хабар берганлиги, ўз яқинига туҳмат қилгани ва бу ҳаракатларни гиёҳванд моддалардан фойдаланган ҳолда амалга оширганлиги инобатга олинди. Бангифуруш Собир Шодиев эса гиёҳванд модда орқали кўрсатган “муруввати” учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Айтганча, мақолада тилга олинган уй сотилиб, куёв меросдан ўзига тегишлисини олди.

Айни вақтда Жиззах вилояти ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор ходими Нодир Ўрақов экстремистик оқим аъзоси бўлган, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида фаолият кўрсатган шахс билан боғлиқ жиноят юзасидан суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда. Тезкор ходим бу иш якунида ҳам адолат қарор топиши, жазо муқаррарлигининг таъминланишига ишонади.

(Жиноят тафсилотларидаги исм-шарифлар ўзгартирилган).


Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.












скачать dle 12.0
Муҳокама қилиш

Тавсия этамиз:

Қайтинг, сизни ватан кечиради!
26 октябрь 2018, Пятница
Қайтинг, сизни ватан кечиради!
Кўнгилларда ишонч ҳисси
17 сентябрь 2018, Понедельник
Кўнгилларда ишонч ҳисси
Отасининг ўғли
13 сентябрь 2018, Четверг
Отасининг ўғли
Ҳаддин билмаганлар
20 июль 2018, Пятница
Ҳаддин билмаганлар
Фикр билдириш
Изоҳ (0)
Фойдали ҳаволалар