Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан тантанали тадбир ҳамда “Очиқ эшиклар куни” уюштирилди. Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда ҳокимлик, марказий ҳарбий округ қўмондонлиги вакиллари, ички ишлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, тизимдаги муассасаларда ишловчилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейининг ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Чунончи, ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар ходимларининг интеллектуал ва жанговар салоҳиятини юксалтириш, ҳар иккала соҳани замонавий техника ва яроғ-аслаҳалар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида фикр юритиб, йиғилганларни Ватан ҳимоячилари куни билан қутлади.Тадбир давомида бир гуруҳ ички ишлар ходимлари самарали хизматлари учун фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шундан сўнг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси таркибидаги хизматлар вакилларининг махсус техникалар иштирокидаги тантанали паради ташкил этилди. Парад якунлангач, кинологлар ўз хизмат итлари билан яширилган қуролни топиш, жиноятчининг изига тушиш каби вазифаларни бажаришга оид кўникма ва малакаларини намойиш этдилар. Ёнғин ўчириш эстафетаси ҳам уюштирилди. Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари эса қуролсиз ёки қурол ёрдамида рақибларни зарарсизлантириш, жанговар яроғ ва воситалардан усталик билан фойдаланиш, гаровга олинганларни озод қилиш каби машқларни моҳирона бажардилар.
Тадбир давомида автоуловда қочаётган қуролли шахсларни тутиш жараёни намойиш этилди. Жумладан, қонунбузарлар чиққан автомашина йўли тўсилиб, фуқаролар ҳаётига хавф туғдирмасдан жиноятчиларни хавфсизлантириш амалиёти бажарилди. Шунингдек, йиғилганлар ички ишлар тизимида қўлланилаётган айрим техника, қурол-яроғ ва воситалар билан танишиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Якунда юртимизни, ватан ҳимоячиларини улуғловчи қўшиқлар ижро этилди. “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида бу каби тадбирлар вилоят ички ишлар бошқармаси тизимдаги идораларнинг барчасида уюштирилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.