Фориш тумани, “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи, 1960 йилда туғилган Рустам Ортиқов “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасига ишга кирганида роса қувонди. Рўзғоримга барака кириб, ишим юришиб кетади, деб ўйлади. Дарҳақиқат, бошида ҳаммаси дурустдек кўринди. Камроқ бўлса ҳам иш ҳақини ўз вақтида олиб турди.
Аммо сўнгги пайтларда маош масаласида муаммолар пайдо бўла бошлади. У бу ишларнинг барчасига корхона раҳбарини айбдор, деб биларди. Яъни, одам ишлаганидан сўнг ҳақини ўз вақтида олиши керак. У вазифасини бажараётган бўлса, раҳбар ҳам ўз ишининг уддасидан чиқиши керак. Акс ҳолда қолидан келадиган ишни қилсин ёки бу ерда бошқа сир бормикан?
Шу каби хаёллар ўртаётган Рустам Ортиқов бошлиқнинг хонасига кириб, масалани кўндаланг қўйишни режалаштирди. Агар гапни яна айлантирадиган бўлса, қўрқитади. Шу мақсадда хўжалик пичоғини ҳам чўнтагига солди.
Бошлиқ дастлаб вазиятни тушунтиришга уриниб кўрди, аммо борган сари ишчи ҳаддидан ошаяпти. Уни жойига тушириб қўйиш учун ходимидан ўтказиб гапирмоқчи бўлди, шундай қилмаса, бошлиқлиги қаерда қолади? Рустам Ортиқов ўзидан 11 ёш кичик “боланинг бемаъни гапларини” хазм қила олмади, жаҳлига эрк берди. Қўли пичоққа қандай бориб қолганини билмади.
Пичоқ бошлиқнинг тўшига қадалиб, қовурғалари орасидан кириб кетди. Уларнинг орасига тушмоқчи бўлган корхонанинг бошқа бир ишчиси, 1963 йилда туғилган Гулжаҳон Ўрозованинг елкасига пичоқ тегиб, жароҳат етди.
Айни вақтда жароҳатланганлар туман шифохонасига ётқизилган. Ёши бир жойга етса-да, ҳали жаҳлини жиловлашни ўрганмаган Рустам Ортиқовга нисбатан эса жиноят иши очилди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.