Жиззах шаҳри ва Мирзачўл туманида вилоят ички ишлар бошқармаси пробация бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг бажарилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда Жиззах шаҳри, Мирзачўл ва Дўстлик туманларида яшовчи озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган юзга яқин маҳкумлар иштирок этди.
Ўтказилган йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси пробация бўлими, Мирзачўл ва Дўстлик туманлари пробация гуруҳлари масъуллари томонидан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг вилоятимиздаги ижросига тўхталиб ўтилди. Маҳкумлар ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланиши, шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган фуқароларни иш билан таъминлаш, касбга ўргатиш, маънан соғлом ҳаётга йўналтириш, ижтимоий мослаштириш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга оид ишлар тилга олинди. Бу жараёнда бандликни таъминловчи давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилинаётгани ҳамда маҳкумларга психологик ёрдам кўрсатилаётгани билдирилди. Ўз навбатида жазони ўтаётганлар суд белгилаган чекловлар ҳамда қонун талабларига қатъий бўйсуниши лозимлиги уқтирилди.
Тадбир доирасида сайёр суд ўтказилди. Бу жараёнда жиноят ишлари бўйича Мирзачўл тумани суди томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган Мирзачўл ва Дўстлик туманларида яшовчи 7 нафар маҳкум муддатидан олдин жавобгарликдан озод этилди.
Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўташ талаб ва тартибларига риоя этмаганлиги учун суд томониданМирзачўл туманида яшовчи Светлана Кирпиченкога қамоқ жазоси тайинланди. Энди Светлана 3 йил 2 ой 5 кунлик жазосини очиқда эмас, умумий тартибдаги колонияда ўтайди. Берилган имкониятдан фойдалана олмаган аёл суд ўтказилган бинода қамоққа олинди.
Худди шундай тадбир Жиззах шаҳридаги Жиззахлик маҳалласида ҳам бўлиб ўтди. Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинганлар иштирокидаги йиғилишда пробация тизимига оид ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунча берилди. Тадбир доирасида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг судьяси Эргаш Қаршиев раислигида сайёр суд ўтказилди.
Судда берилган жазодан тўғри хулоса чиқариб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган 14 нафар маҳкум Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73- моддасига асосан шартли равишда озодликка чиқарилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, вилоят ички ишлар бошқармаси пробация бўлимида назоратда турган шахсларнинг 915 нафари ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган. 98 нафари шартли синов муддатини ўтамоқда. 453 нафари муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган. 345 нафарига озодликни чеклаш жазоси қўлланган, 10 нафари мажбурий жамоат ишларига жалб қилинган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.