Зарбдор тумани ИИБга туманнинг Ойбек маҳалласи, Шифокорлар кўчасида яшовчи Д.А. мурожаат қилиб, ўзини Илёс деб номлаган шахс Жанубий Кореядан дори олиб келиш эвазига 2 миллион 300 минг сўмини олиб кетганлигини баён қилган. Яна ҳам аниқроғи, фирибгар ўзини табиб сифатида таништириб Д.А.нинг 1958 йилда туғилган қайнотасини “текшириб” даволашни ваъда қилган. Айтганча, сохта дорифуруш корейслар уни “Санжай” деб аташларини маълум қилган.
Туман ИИБга ёзилган аризалар ва суриштирувлар давомида Санжай худди шу йўл билан Тинчлик МФЙ, Ҳ. Олимжон кўчасида яшовчи Ҳ.Н.нинг 800 минг сўм, Равот МФЙ, Равотлик кўчасида истиқомат қилувчи Ғ.Т.нинг 600 минг сўм, Равот МФЙ, Форобий кўчасида яшовчи А.А.нинг 5 миллион 400 минг сўмини, Лалмикор ҚФЙ, Темирйўлчилар кўчасида яшовчи Д.Н.нинг 2 миллион 800 минг сўмини, Зомин тумани, Нурликент МФЙ, Мустақиллик кўчасида яшовчи Ё.Книнг 4 миллион 700 минг сўмини олиб кетганлиги аён бўлди.
Олиб борилган суриштирув натижасида Санжай ушланди. Фирибгар Зомин тумани, Ғаллакор ҚФЙ, Бирлашган МФЙда яшовчи И.Ҳ. бўлиб чиқди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168- моддаси, 3- қисми, “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.