Жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Жиззах вилояти, Фориш туманида жойлашган ҳарбий дала полигонида ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида 10-анъанавий кўпкураш мусобақаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон республикалари ички ишлар вазирликлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари вакиллари иштирокида уюштирилган мусобақанинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди. Нотиқ мамлакатимиз ички ишлар тизимида кечаётган ислоҳотлар, хусусан, соҳа вакилларининг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, замонавий техника, қурол-яроғ ва анжомлар билан таъминлаш борасидаги ўзгариш ва янгиликларга тўхталиб ўтди.Шундан сўнг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядларидан шакллантирилган 15 та жамоанинг паради уюштирилди. Айтиш керакки, кўпкураш беллашувларида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидан биттадан жамоа қатнашди. Мусобақа низомига биноан фақат Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядига мусобақада икки жамоа билан иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Сафарбар отрядлари ходимларининг имкониятлари дастлаб “Минора” шарти асосида синовдан ўтказилди. Полигоннинг тоғли ҳудудида, шивалаб ёғаётган ёмғир остида кўп қаватли бинони ишғол қилиш, тўппонча ва мерган милтиғида турли масофалардаги нишонларни уриш, иншоот томидан арқонда тушиш, тўсиқлар оша чопиш осон кечмади. Йўлнинг сирпанчиқлиги, кўришни қийинлаштирувчи ёмғир пардаси, намдан оғирлашган кийим кўзланган мақсадга эришишни анча мураккаблаштирди.
Шу куни терма жамоалар вакиллари “Тактик воқеа” шарти бўйича ҳам куч синашдилар. Мусобақа қатнашчиларига 5 хонали бинога жойлашиб олган “жангарилар”ни йўқ қилиш, гаровга олинганларни озод қилиш ҳамда жароҳатланган фуқарони ҳудуддан эсон-омон олиб чиқиш вазифаси юкланди.
Шартни бажариш давомида зирҳли қалқон ва таран мосламасидан фойдаланилди. Биологик ва кимёвий хавф борлиги тахмин қилиниб, тезкор тадбир газниқобда амалга оширилди. Жараён ҳар жиҳатдан реал жанговар ҳолатни ёдга туширди.
Мусобақанинг иккинчи куни иштирокчиларга 40 дақиқада 8,5 километрлик масофани босиб ўтиш талаби қўйилди. Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари ходимларининг елкасида 38 килограммдан 46 килограммгача қурол-яроғ ва анжомларнинг борлиги, тинмай ёққан ёмғир ҳамда йўлнинг муайян қисмида сув кечиш зарурлиги топшириқни қийинлаштирди. Бу жараёнда икки чўққи орасидаги 40 метрлик масофани арқонга осилиб ўтиш билан боғлиқ вазифа ҳам уддаланди. Шартларнинг барчасида асосий мезон жамоавийлик бўлди. Яъни, ҳеч бир ходим ортда қолмаслиги, ҳамма бир хил тезлик ва маҳоратга эга бўлиши жоиз. Кимнингдир кечикиши ёки хатоси жамоа фаолиятини сустлаштиради, баҳонинг пасайишига олиб келади.
- Мусобақада иштирок этаётган бўлинмаларнинг вазифаси жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жиноятчиларни қўлга олиш, оммавий тартибсизликларни бартараф этишдир, - дейди республика ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Суннатулло Абдукадиров. - Шу боис ходимларимизни барча турдаги террористик таҳдидларни енгишга тайёрлаймиз. Эътибор қилган бўлсангиз, бу мусобақада турли табиий тўсиқларни босиб ўтиш, тоғли ҳудудда ҳаракатланиш, гаровдагилар ва жароҳатланганларни қутқариш билан боғлиқ шартлар мавжуд. Шунингдек, қўл жанги уюштирилади. Мақсадимиз жанговар шайликни ошириш, халқаро ва жаҳон мусобақаларига тайёргарлик кўришдир. Таъкидлаш керак, ушбу кўпкураш беллашувлари илгаригиларидан анчайин фарқ қилади, яъни, жаҳон стандарти талабларига мос. Шартлар янги бўлишига қарамасдан йигитларимиз касбий маҳоратларини юқори даражада намоён этишаётир. Жорий йилнинг февраль ойида Дубайда ўтказилган жаҳон биринчилигида йигитларимиз ишончли ғалабаларга эришишди ва жамоамиз кучли ўнликка кирди. Шу тарзда пухта тайёргарлик кўриб, янада юқори натижаларни қўлга киритиш ниятимиз бор.Кўпкураш мусобақасининг учинчи кунида учта шарт бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Чунончи, “Офицерни қутқариш” шартида 4 ўқчи ва 1 мергандан иборат жамоа тўсиқлардан ошиб ўтиб, ҳудуддаги 20 га яқин нишонларни аниқ уришлари ҳамда офицерни қутқариш амалиётини бажаришлари лозим бўлди. Бу жараёнда замонавий зирҳли “Тигр” русумли автулов кўмагига таянилди. Ходимлар ушбу техникаларга боғланган арқон орқали яраланган офицерни жарлик устидан олиб ўтдилар.
“Ҳужум” шартида 5 кишилик жамоа иккита кўп қаватли бинони ишғол қилиб, ҳудудни жангарилардан тўппонча ва мерган милтиғи ёрдамида “тозалашди”. Бу шартда қўриқланадиган жойга билдирмасдан кириш ва нишонларни аниқ уриш бош вазифа этиб белгиланди.
Умумҳарбий тўсиқлар йўлагидан ўтиш шартини бажариш ҳам енгил кечгани йўқ. 400 метрлик масофани босиб ўтиш учун зиг-заг оралаш, баланд девордан ошиш, тўсинга чиқиш ва ҳаракатланиш, сакраш, туйнукдан ўтиш, арқонда осилиб маррага етиш, граната улоқтириш, ҳандақда югуриш ва текис сатҳда чопиш каби амаллар бажарилди. Шу кунги шартларда қисқа масофаларда ва шаҳар шароитида тезкор вазифаларни бажаришга оид салоҳият ва имкониятлар имтиҳон қилинди.
- Мазкур мусобақага 3 ой тайёргарлик кўрдик, - дейди Қашқадарё вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди терма жамоаси аъзоси, кичик сержант Ойбек Худоёров. - Барча шартларда юқори натижаларни қўлга киритишга интилаяпмиз. Ушбу мусобақалар бошқа вилоятлардаги ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш, турли ҳудуд ва шароитларда ҳаракат қилиш, қурол ва аслаҳалардан фойдаланишга оид малакаларимизни оширишда муҳим аҳамият касб этади. Форишда тоғ ва ёғингарчилик иродамизни синовдан ўтказди, десам адашмайман. Ҳар бир шартни энг қисқа муддатда ва аниқ бажарган жамоанинг ғолиб бўлиши бизни астойдил тер тўкишга ундади.
Жиззах шаҳридаги вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида эса қўл жанги мусобақалари бўлиб ўтди. Икки кун давомида тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари аъзолари 65, 70, 75, 80, 85, 90 ва 90 килограммдан ошиқ вазн тоифаларида куч синашдилар. Ҳар бир беллашув учун 4 дақиқа ажратилди. Айтиш жоизки, каратэ, бокс, кураш, самбо, кикбоксинг каби бир қанча жанговар спорт турларининг кучли жиҳатларини ўзида жо этган қўл жангида оғритувчи, бўғиш, қайириш усулларидан кенг фойдаланилади. Қўл ва оёқ бирдек фаол ишлатилади.
Жанглар очиқ ва ҳимоя воситаларисиз кечди. Қайсидир даражада хавфли саналган бу спорт тури ходимга рақибни қуролсиз, енгиш, қўлга олиш, зарарсизлантириш имконини беради.Шу маънода, беллашувларни бевосита томоша қилган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчилари ҳамда спорт ишқибозларида унутилмас завқ ва кучли ҳаяжон уйғотди, десак муболаға бўлмайди.
Яккама-якка баҳслар якунлангач, тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида уюштирилган 10-анъанавий кўпкураш мусобақасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олганреспублика ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник РустамТошпўлатов, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Камолиддин Акбаров ва бошқалар ички ишлар идоралари ходимлари иштирокида ташкил этилаётган бу каби мусобақаларнинг аҳамияти хусусида сўз юритдилар.
Маросимда Жиззах шаҳридаги “Темур издошлари” мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган қўл жангига оид кўргазмали чиқишлар намойиш қилинди. Тадбир сўнгида ҳакамлар томонидан ғолиб жамоалар ва фаол иштирокчилар эълон қилиниб, республика Ички ишлар вазирлиги томонидан таъсис этилган кубок, диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.
Натижаларга тўхталадиган бўлсак, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди қўлга киритди. Иккинчи ўринни Тошкент вилояти терма жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин пойтахтликларга насиб этди.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари таъкидига кўра, бу сингари беллашувлар жаҳон ва халқаро мусобақаларда иштирок этадиган мамлакатимиз терма жамоасини шакллантириш учун хизмат қилади. Бундай мусобақаларни мамлакатимиздаги бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус отрядлари иштирокида уюштириш ҳам режалаштирилган. Худди шундай, Марказий Осиё давлатлари ички ишлар органлари жамоаларини баҳсга тортиш кўзда тутилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гурҳи.