Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг очиқ суд мажлисида ўғриликка қўл урган Насиба Тошматованинг иши кўриб чиқилди. Жорий йилнинг 10 февралида Н.Тошматова Ғаллаорол тумани деҳқон бозорида киссавурлик қилаётганида қўлга олинди. Жиноят бозор ҳудудига ўрнатилган видеокамералар тасвирларида ҳам ўз ифодасини топган.
Жиноятчи бозорда бир фуқаронинг сумкасидан 165 минг сўм ва бозор қиймати 150 минг сўмлик уяли алоқа воситасини ўғирлаган. Кейин яна бир фуқаронинг 75 минг сўм пули ҳамда ҳамёнини олиб, шериги Озод Саломовга узатаётган чоғда бозорчилар жиноятдан воқиф бўлиб қолишди. О.Саломов деганлари Насиба Тошматова билан бир жойдан, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, Олмазор маҳалласида истиқомат қилган. Шериклар олдиндан режалаштириб иш кўришган. Яъни тасодифан Ғаллаорол тумани деҳқон бозорига келиб қолишмаган. Ўша куни О.Саломов қочиб кетишга муваффақ бўлди. Ҳозир унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Шу ўринда айтиш жоизки, 1986 йилда Жиззах шаҳрида туғилган ёлғиз аёл Н.Тошматова биринчи марта суд остонасидан ўтаётгани йўқ. Илгари ҳам киссавурлиги учун Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан 4 марта судланган аёл бир неча марта тавба қилган, жазоси қайта-қайта енгиллаштирилган.
Аммо жиноятчи ўнгланиш имкониятидан фойдаланмади, хулоса чиқармади. Суд жараёнида булар ҳаммаси инобатга олинди ва ҳукм ҳам шунга яраша бўлди.
Қисқаси, аёл яна қамалди. Икки нафар вояга етмаган фарзанди энди акаси қарамоғида. Айтганча, сўнгги жиноятини содир этишдан олдин аёл жиноий шериги билан 1 шиша ароқни бўлишиб ичган. Инсонни ўйга толдирадиган вазият, тўғрими? Зеро, бугун аёллар жинояти ҳақида эшитганимизда ажабланмаяпмиз, этимиз жимирлаяпти. Бу кимнинг, кимларнинг айби? Тарбияда хатога йўл қўйилаяптими, аёлнинг жамиятдаги, оиладаги ўрни шу қадар ўзгаришига сабаб нима? Қадриятларимизга мувофиқ бундай пайтларда ота, оға-ини, турмуш ўртоғи, яъни, эркаклар айбдор саналади. Бу фикримизга қўшилмаслигингиз ҳам мумкин.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.