Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу эса мамлакатимизга келаётган чет элликлар сонининг ошишига хизмат қилмоқда. Республикамиздаги тинчлик ва осойишталик хорижликлар эътиборини тортаётган асосий омиллардан биридир.Жиззах шаҳридаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг анжуманлар залида уюштирилган йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳамда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакили Лю Тин Пиннинг мулоқоти бўлиб ўтди. Бу жараёнда вилоятимизда хорижликлар, хусусан, хитойликларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларни яшаш жойларида рўйхатдан ўтказиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Ўз навбатида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, чинликлар хавфсизлиги масаласига қаратилаётган эътибор учун Хитой элчихонаси вакиллари ва ишбилармонлар миннатдорчилик билдиришди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, вилоятимизда хорижликлар билан ҳамкорликда 142 та саноат қуввати фаолият кўрсатмоқда. Ушбу корхоналарнинг 26 таси Хитой ишлаб чиқарувчилари ва инвесторлари билан биргаликда ташкил этилган. Уларда хитойлик 244 нафар тадбиркор, мутахассис ва ишчи фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, айни дамда 62 нафар чинлик сайёҳлик мақсадида Жиззахга ташриф буюрган.
Чинликларнинг барчаси вилоят ҳудудидаги меҳмонхоналар, корхоналар ётоқхоналари ҳамда аҳоли турар жойларида тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб яшашаяпти. Яқин келажакда Хитой билан яна бир қанча ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда, бу эса ҳудудда хитойликлар сонининг янада ортишидан дарак.
Шунингдек, йиғилишда чет элликларга мамлакатимиз қонунларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, фуқаролик паспорти режимига оид ҳуқуқий меъёр ва талаблар тўғрисида тушунчалар берилди. Таъкидлаш керакки, хорижликлар мамлакатимизни дунёнинг энг тинч давлатларидан бири сифатида эътироф этдилар.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси вакиллари билан бирга хитойлик тадбиркорлар иштирокида ўтказилган бу йиғилиш жуда самарали бўлди. Йиғилишда Хитой фуқаролари ҳамда корхоналари хавфсизлигини таъминлаш борасида қилинган ва қилинаётган ишларга юқори баҳо берилди.
Тадбир якунида бошқа чет элликлар қаторида Хитой Халқ Республикаси фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш бўйича элчихона вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари белгилаб олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.