Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси битирувчиларнинг тантанали маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Қуролли Кучлар Академияси, ИИВ Қоровул қўшинлари ҳамда Малака ошириш институти мутасаддилари, ички ишлар органлари фахрийлари, шунингдек, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, битирувчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов кириш сўзи билан очди.
- Сўнгги йилларда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан ички ишлар органлари тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, - деди Б.Матлюбов. – Айниқса, соҳа учун кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида бир қатор фармон ҳамда қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилди. Мамлакатимизнинг нуфузли таълим даргоҳларидан бири бўлган Ички ишлар вазирлиги Академиясида ҳам таълим сифатини юксалтириш, ўқув жараёнига замонавий инновация ютуқларини татбиқ этиш, хорижнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш орқали соҳа учун ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ўқув даргоҳини тамомлаган ёш мутахассисларимиз республика ички ишлар органларининг турли жабҳаларида фидойи хизмат қилмоқдалар. Бугун уларнинг сафи пухта билим ва касбий кўникмаларни мукаммал эгаллаган, маънан етук, жанговар-жисмонан чиниққан ёш лейтенантлар билан янада кенгаяди.
Шундан сўнг кундунги таълим 3-ўқув курсининг 422 нафар битирувчиларига “лейтенант” махсус унвони ва дипломлар тантанали равишда топширилди. Ички ишлар вазирининг буйруғига кўра, Муҳаббат Хидиралиева “катта лейтенант” махсус унвони билан тақдирланган бўлса, 8 нафар битирувчи имтиёзли дипломларни қўлга киритди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2019 йил 7 мартдаги «Тошкент шаҳар ички ишлар органлари йўл-патруль хизматининг сафдор ходимларини махсус касбий тайёрлаш бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида»ги фармойиши билан Академия Касбий тайёргарлик факультетида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл-патруль хизматининг сафдор ходимларини махсус касбий тайёрлаш бўйича уч ойлик ўқув курси ташкил этилган эди. Битирув тадбирида мазкур ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 200 нафар тингловчиларга ҳам “кичик сержант” махсус унвонлари ҳамда дипломлар топширилди. Шунингдек, Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетини тамомлаган 50 нафар тингловчи ҳам дипломларни қабул қилиб олдилар.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Рустам Хатамов тадбир иштирокчиларини муборакбод этар экан, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганини алоҳида эътироф этди. Ёш лейтенантларнинг келгуси хизмат фаолиятига зафарлар тилаб, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш ҳар бир ходимнинг чинакам инсоний бурчига айланиши лозимлигини таъкидлади.
Тадбирда битирувчилар ва она-оналар ҳам сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёш авлод таълим-тарбиясига берилаётган юксак даражадаги эътибор, эртанги кунимиз эгалари учун яратилаётган улкан имкониятлар ва замонавий шарт-шароитлардан мамнунликларини бирдириб ўтдилар, - деб хабар берди ИИВ Академияси Матбуот гуруҳи бошлиғи капитан Дилмурод Джураев.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий
ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси