Жиззах вилояти ИИБ пробация бўлими ташаббуси билан республикамиз Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг бажарилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани ички ишлар органлари пробация гуруҳлари назорати остида бўлган маҳкумлар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтган тадбир аввалида пробация хизмати томонидан жазоларини очиқда ўтаётган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий кўмак кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.Чунончи, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда пробация бўлими ҳисобига олинган 874 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. 15 нафарига биометрик паспорт, 3 нафарига турар жой, 21 нафарига имтиёзли кредит олинишида, 68 нафарига соғликни тиклаш борасида кўмак кўрсатилган. Шунингдек, 44 нафарига моддий ёрдам ажратилиши таъминланган. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Бу тўғридаги маълумотлар келтирилар экан, соҳа вакилларининг бош вазифаси жазони ўтаттириш эмас, маҳкумларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш эканлиги билдирилди. Шу маънода, 2019 йилнинг биринчи ярмида ўнгланиш йўлига кирган 645 нафар фуқаро шартли равишда муддатидан олдин жазодан озод этилган.Аксинча, жазони ўташдан бўйин товлаган, белгиланган чеклов ва талабларга амал қилмаган 84 нафар назорат остидагиларнинг жазоси бошқа оғирроқ турдаги жазоларга алмаштирилган. Йиғилишда вилоятда фаолият кўрсатаётган касбга йўналтириш курслари ҳамда тадбиркорлик кредитлари тўғрисида маълумот берилди. Тадбир якунида маҳкумлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ва Ҳамид Олимжон музейларига саёҳат ташкил этилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.