Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги тоғли ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва божхона бошқармалари, Миллий гвардия ҳарбий қисми ҳамкорликда ўқув тактик машғулот ўтказди. Машғулот иштирокчилари зиммасига чегарани бузиб ўтган 20 нафар шартли қўпорувчини бартараф этиш вазифаси юкланди.“Душманлар” сарҳадларимизга яқинлашганлиги тўғрисидаги маълумот олиниши билан чегара бўйлаб ташқи таҳдидларга қарши кураш чоралари кўрилди. Яъни, куч ва воситалар шай ҳолатга келтирилиб, ҳушёрлик оширилди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги, ИИБ, ДХХ чегара қўшинлари, Миллий гвардия ҳамда фавқулодда вазиятлар ва божхона бошқармаларининг шахсий таркиби биргаликдаги ҳаракат режаси ишлаб чиқилди.Ушбу режа асосида қўмондонлик, алоқа, ички, махсус, техник, тиббий таъминот нуқталари юзага келтирилди. Бир неча босқични ўз ичига олувчи машғулот давомида разведка-қидирув ва мотоманёвр взводлари томонидан чегарани бузиб ўтган қўпорувчиларни қўлга олиш, қаршилик кўрсатганларни йўқ қилиш билан боғлиқ амалиёт бажарилди. Кейинги босқичда Жиззах вилояти ИИБ ҳамда Миллий гвардия махсус отрядлари томонидан шартли душманлар жойлашиб олган бинони ишғол қилиш ва гаровдаги фуқароларни қутқаришга доир тезкор тадбирлар амалга оширилди.Шунингдек, ДДХ чегара қўшинлари, ИИБ, Миллий гвардия ва божхона чегара ўтказиш пунктларида фавқулодда ҳолат жорий этилиб, назорат кучайтирилди. Иштирокчиларнинг мавжуд техника ва қурол-яроғлардан фойдаланиш имкониятлари ҳам синовдан ўтказилди. Умуман олганда, ўқув-тактик машғулот натижалари ижобий баҳоланиб, фаоллар ва маҳорат кўрсатганлар тақдирланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.